Буйруққа айланган тавсия…

Карантин чекловларидан сўнг Олим Мирзаев енг шимариб ишга киришганда мактабга текширувчилар келишди. У вилоят халқ таълими бошқармасидан ташриф буюрган «комиссия»га айнан унинг фаолиятини ўрганиш нега керак бўлганини сира тушунолмайди. Англагани шуки, улар расмийлаштирган ҳужжат асоссиз ишдан кетишига сабаб қилиб кўрсатилган.

– Янги йил байрами арафасида Пастдарғом туманидаги 81-мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Олим Мирзаевнинг аризасини ўргандик, – дейди Самарқанд вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши юридик бўлими мудири Абдунаби Турсунов. – Туман халқ таълими бўлими мудири имзолаган 2020 йил 9 декабрдаги ишдан бўшатиш тўғрисидаги 227-К буйруқда қатор қонун бузилиш ҳолатлари мавжудлиги аниқланди.
Ходим ҳеч бир огоҳлантиришларсиз, касаба уюшма ташкилоти розилиги олинмасдан бўшатилган. Меҳнат шартномасини бекор қилишга оид буйруқда Меҳнат кодексининг тегиш­ли модда ва бандлари ҳам кўрсатилмаган.
– Фаолиятим тақдири ҳал бўлаётган буйруққа менинг ўрнимга мактаб директори Арзиқул Элмуродовнинг «танишдим», дея имзо қўйганлигини кўриб, лол қолдим, – дейди Олим Мирзаев. – Кейин билсам, ўша «комиссия» мени ишдан бўшатиш ҳақида тавсия берган экан.
Бир инсон тақдирини ҳал этишга асос бўлган комиссия хулосаси билан танишишимизга тўғри келди. Вилоят халқ таълими бош­қармасидек нуфузли ташкилотга қишлоқ мактаби муаллими фаолиятини батафсил ўрганиш зарурати пайдо бўлганлиги ҳар ҳолда қизиқ эди-да…
О.Мирзаев фаолиятига баҳо берилган хулоса баённомасига кўз ташлаймиз. На сана, на йил акс этган баённомада мактабда маънавий-маърифий йўналишдаги ишлар оқсаётгани, бу вазифага ­масъул бўлган ­О.Мирзаев фаолиятда камчиликка йўл қўйгани акс эттирилган.
– Ўтган йилнинг март ойи ­бошларида юқори синфда ўқиб юрган қизнинг унаштирилганлигини эшитдим, – дейди Олим Мирзаев. – Ўқувчи хонадонида бўлиб, онасига (отаси Россияда) учрашдим. 25 мартда мактаб директори номига билдиришнома киритдим. Шундан сўнг 15 апрель куни яна фотиҳали қиз хонадонига бориб, ҳали балоғатга етмаган қизни узатиш мумкин эмаслигини қайта-қайта тушунтирдим. Улар мен билан жанжал қилишиб, ҳовлидан ҳайдаб чиқаришди. 16 апрель куни мактаб директори Арзиқул Элмуродов номига билдирги ёзиб, маъмуриятдан мазкур ҳолат ­бўйича прокуратурага расман мурожаат қилиш лозимлигини сўрадим. Аммо ҳеч ким мени қўлламади. Айбим вазифамга виждонан ёндашганимдамикин, деб ўйлаб ­қоляпман…
…2020 йилнинг 9 декабрида Пастдарғом тумани халқ таълими бўлими мудири Э.Пармонов эгаллаб турган вазифасидан бўшатилади. Собиқ бошлиқ кетар чоғида 81-мактаб директори ўринбосари Олим Мирзаевни вазифасидан озод этиш тўғрисидаги 227-К-сонли қонун талабларига мос келмайдиган буйруққа имзо чеккан. Пастдарғом тумани халқ таълими бўлими янги раҳбарияти бу ҳолатга биз дахлдор эмасмиз, масалани суд ечсин, деган жавобдан нарига ўтмаяпти.
Адолат-ку, бугун бўлмаса, эртага албатта қарор топади. Аммо Олим Мирзаевнинг бекор юрган кунлари учун ҳақ ва кўрган маънавий зарари кимнинг ҳамёнидан ундирилади?

Нурилла ШАМСИЕВ,
«ISHONCH»

Фикр билдириш

Your email address will not be published.