ТАЪЛИМ СИФАТИ ҚАЧОН ЮКСАЛАДИ? муаммолар, мулоҳазалар ва таклифлар

Ўқувчи кўпайди, мактаб эса…

Эътибор қилинг, 1980 йилларда мамлакатимизда 3,8 миллион нафар ўқувчи 9458 та мактабга қамраб олинган. Бугун, 2020 йилга келиб эса ўқувчилар сони 6 миллион нафар ошганига қарамасдан, мактаблар сони 9942 тани ташкил этмоқда. Шу рақамларнинг ўзиёқ мактабдаги синфхоналар манзарасини кўз олдингизга келтириши мумкин. Яъни, таълимни ислоҳ қилишда демографиянинг ҳисобга олинмагани бугун битта синфда 45-50 нафар бола таълим стандартларига зид равишда сабоқ олаётганини кўрсатади. Кузатишлар шуни кўрсатадики, катта шаҳарлар ва вилоят марказларидаги мактабларда болалар бир синфда 30 нафардан 40-45 нафаргача ўтиришади. Пойтахтимизда эса 50 нафар ўқувчи сабоқ олаётган синфлар ҳам бор. 2017 йилда ушбу мавзуни ўрганиб, Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармаси мутасаддиларидан изоҳ сўраганимизда, бу хусусида Халқ таълими вазирлигининг буйруғи чиққанини айтиб, келгусида синфларда ўқувчилар сони 35 нафардан ошмаслигини таъкидлашганди.
Мана, ушбу ваъдаларга ҳам уч йил бўлибдики, ўзгариш йўқ. Таълим сифатида натижага эришаётган мактабларда энг муҳим омил болага индивидуал ёндашиш ­ҳисобланади. Бу – бизнинг шароитда ҳам ўз тасдиғини топган усул. Масалан, Қоракўл тажрибасини бунга мисол қилиш мумкин. Ушбу мактаб директори билан суҳбатлашганимизда, ўқувчига индивидуал ёндашишгина унинг қобилиятларини ривожлантириш имконини беришини, ва шу боис келгусида синфларда ўқувчилар сонини янада камайтириб, 15 нафарга туширмоқчи эканини айтганди. Қоракўллик педагог самарани сезганки, шундай хулосага келган.
Энди анъанавий мактабдаги жараённи тасаввур қилинг: 45 нафар ўқувчиси бор ўқитувчи қандай қилиб ўқувчиларга алоҳида ёндашади, бунга имкон ҳам, вақт ҳам етмайди-ку! Уйда дарс қилиб тайёргарлик кўриб борган бола бир кунда устозидан битта яхши гап эшитмаса, ўзлаштириши баҳоланмаса, ундан қандай ўсишни кутиш мумкин? Тўғри, ҳамма жойдаям 10-15 нафар фаол бола бўлади. Аммо ўқитувчининг рағбатига ва кўмагига муҳтож бўлиб қолган ўқувчилар-чи? Педагог улар билан қачон мулоқот қилади? Дарсни текширишга, янги мавзуни тушунтиришга, ўқувчиларнинг жавобини тинглашга, паст ўзлаштирувчилар билан шуғулланишга вақт ортадими?
Қўлимга синфида 45 нафар ўқувчи ўқийдиган 5-синф ўқувчисининг математика дафтари тушиб қолди. У 13 сентябрь (жорий ўқув йилида таълим бошланган)дан буён мактабга қатнаётган экан. Таассуфки, бугунгача ўтган вақт мобайнида ўқувчининг уйга вазифалари баҳоланмабди. Сабаб оддий: муаллимнинг вақти етмаган. Агар ўқитувчи бир ставка ишлаб, 4-5 та синфда дарс ўтса, ҳафтада бир мартадан ўқувчилар дафтарини назорат қилганда ҳам, 200та дафтар текшириши керак. Агар у бошланғич синф ўқитувчиси бўлса, бошқа фанларни ҳам ўзи ўтгани учун босим янада ортади. Энди ўйланг, ўқитувчилар тез-тез тилга оладиган «болада ўқишга мотивация уйғотиш» ишлари шу йўсинда олиб борилаётган бўлса, биз болаларимиздан нима кутамиз? Қолаверса, 45 нафар ўқувчига дарс ўтиш ўқитувчини ҳам толиқтиради. Уларнинг кечаси билан 100та дафтар текшириб, эрталаб яна хотиржам ва бардам кайфиятда дарс ўтишини кутиш ва бунга ишониш – абсурд. Буни тизимдаги раҳбарлар жуда яхши билишади. Қолаверса, мулозимларимиз синфдаги болалар сонини расамадга келтириш учун янги мактаблар қуриш кераклигини ҳам яхши англашади. Бироқ, бизда бугунгача янги қурилишлардан кўра, мавжудларини капитал таъмирлашга кўпроқ эътибор қаратилаётгандай. Аслида эса вазият бизда аллақачон янги мактаблар қуриш ёки болалар сони меъёрдан ортиқ мактаблар капитал таъмирланаётганида, инвестиция дастурига киритилганда уларга қўшимча бинолар қуриб берилиши кўзда тутилишини қатъий белгилаб қўйиш даражасига келган.

Малакасиз директор – адолатсиз бошқарув

Яқинда бундан ўн йиллар муқаддам «Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси» танловининг Республика босқичи ғолиби бўлган педагог танишимни учратиб қолдим. Ранги сўниқ, илгариги шашт-у шиддатдан асар йўқ. Суҳбатимиз асносида билсам, ишдан, жонажон мактабидан кўнгли совигандай…
– Ҳаммасидан чарчадим. Хусусий мактаб­­га ўтиб кетмоқчиман, жамоамиздаги барча малакали ўқитувчилар шундай қиляпти, –­­ ­дейди у. – Ўз устингда изланасан, болалар учун, мактаб учун вақтингни, соғлиғингни аямай ишлайсан, аммо натижага келганида меҳнатингга муносиб рағбат ҳам, раҳмат ҳам ололмайсан. Моҳиятан қараганда, кўп меҳнат қилаётган одам бошқалардан «рағбат» масаласида озгина бўлса-да, устун бўлиши керак эмасми? Бизда эса аксинча. Фаол ва изланувчан бўлсанг, «жазолашади»: очиқ дарсни ҳам, комиссия келса намунали дарс ўтиб беришни ҳам фақат сенга юклаб қўйишади. Тадбир кетидан тадбир ўтказиб беришни сўрашади. Бунда болалар билан билан ишлашга вақт қоладими? Ишламайдиганлар эса бошқа жойлардагидек вақтида келиб, вақтида кетиб, тинчгина юраверишади. Ўзи, аслида, биз кўпчилик ҳолларда мактабга раҳбар тайинлаш масаласига ўта юзаки қараймиз. Тажрибамдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, таълим масканида директорликка муносиб инсонлар танланиши шарт. Негаки, раҳбар жамоадаги муҳитни шакллантиради. Олдинги директоримиз таниш-билишларини ишга солиб, туман халқ таълими бўлимига ишга ўтиб кетди. Ўрнига келгани эса икки ой ишлаб ­«Бошқара олмайман» деб бўшади. Шундан сўнг биринчи раҳбар ўз танишини директор қилиб қўйди, сиртдан мактабни ўзи бошқариб туришга ўтди. Аҳвол шу бўлдики, мактабдаги ошпаздан тортиб кутубхоначи, ҳатто қоровулгача қариндош-уруғини олиб келиб жойлади. Таълим, давомат ҳақида ўйлайдиган одам йўқ. Адолатсизликлар туфайли жамоадаги руҳ, жипслик сўнди. Масалан, ўтган йили бир ҳамкасбим чиқарган синфдан 19 нафар ўқувчи олий ўқув юртига кирди. Албатта, уларнинг барчаси репетиторга қатнагани боис талаба бўлди. Аммо ўқувчиларнинг қалбида ўқишга иштиёқ уйғотиш, юқори синфда қизиқишига қараб, ота-онаси билан маслаҳатлашиб, болани тўғри йўналтиришда ҳам гап кўп. Шу боис ушбу натижа учун ҳамкасбимизни жуда яхши рағбатлантиришди. Аммо бу йил мен чиқарган синфдан 22 нафар ўқувчи талаба бўлишига қарамасдан, ҳеч ким ҳеч нарса, ҳатто қуруққина раҳмат, демаса, кўнглинг оғрийдими, йўқми?.. Бундай бепарволик ва адолатсизликлар ўз касбини севувчи педагогларнинг ишидан совушига олиб келади, албатта.

Ғалати парадокс: ойликлар ошди, даромад кўпаймади…

– Ёдингизда бўлса, бир пайтлар ўқитувчи ва мураббийларга давлат томонидан кўп имтиёзлар мавжуд эди. Сув, газ, электр таъминоти, мол-мулк солиғидан 50 фоиз имтиёзли тўлов қилиш ҳуқуқи. Ҳар ой йўл ҳақи учун ойлик ажратмалар ва чипталар, эҳтиёжи бор ўқитувчиларга ер участкалари берилган. Аммо бу имтиёзларнинг барчаси 2004 йилдан кейин бекор қилинди, – дейди кўп йиллардан буён «Маърифат» газетасида ишлаб келаётган журналист Зилола Мадатова. – 2018 йилнинг 14 августида «Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори имзоланди. Қарорда педагогларнинг нуфузини оширишга қаратилган бир қанча имтиёзлар жорий этилиши белгилаб берилган эди. Жумладан, ўқитувчилар маошини ошириш, умумтаълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган педагог кадрларини директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан рағбатлантириш, ҳудудий, ­республика ва халқаро фан олимпиадаларида совринли ўринларни қўлга киритган ўқувчиларни тайёрлаган педагог кадрларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 50 бараваригача миқдорда бир марталик пул мукофоти бериш, таълим ривожига муносиб ҳисса қўшган, давлат мукофотларига сазовор бўлган педагог кадрларни давлат ва хўжалик бошқаруви органларига қарашли санаторий-соғломлаштириш муассасаларида имтиёзли шартларда соғломлаштириш, ҳар йили қишлоқ ва шаҳарларда намунавий лойиҳалар бўйича қурилаётган арзон уй-жойларнинг бир қисмини халқ таълими тизимидаги педагог ходимларга 20 йил муддатга ипотека кредити сифатида бериш каби. Аммо ҳужжатда кўрсатилган ушбу имтиёзларнинг айримлари бажарилган бўлса, айримлари ҳамон қоғозда қолиб келмоқда.
– Таҳририятимизга келаётган кўпгина мурожаатлардан билиш мумкинки, – дейди З.Мадатова, – 2018–2019 йилларда маош ошгани билан дарс соатларининг қисқаргани эвазига ўқитувчиларнинг умумий даромади кўпаймаган. Масалан, 2019-2020 йилнинг таянч ўқув режасига асосан филология фанлари 11 соат, ижтимоий фанлар 1 соат, амалий фанлар 4,5 соатга қисқарди, касбий таълим ва танлов фанларга ажратилган соатлар ҳам олиб ташланди. Жами 25 соат дарс соати қисқарди ва бу ўқитувчиларнинг маошига сезиларли таъсир кўрсатди. «Ўқитувчилар маоши ошди» деб бонг урилгани билан ўқитувчининг дарси бир ставкага етмаса, маоши ошганининг фойдаси борми?

Эркак ўқитувчилар нега кўпаймаяпти?

Эътибор қилган бўлсангиз, сўнгги йилларда мактабларда эркак ўқитувчилар миқдорини оширишга ҳаракат қилинди ва турли даражадаги анжуманларда улар сони ортаётгани бот-бот айтилди. Аммо амалда шундайми? Халқ таълими вазирлиги сайтига жойлаштирилган статистик маълумотларга назар солсак, 2016-2017 йилларда мактабларда 148,695 нафар эркак ўқитувчи ишлаган бўлса, 2020-2021 ўқув йилидаги кўрсаткич 144,749 нафарни ташкил этган. Хўш, нега эркак ўқитувчиларни мактаб­­га қайтаришга эҳтиёж катта-ю, аммо буни амалга ошириш кўнгилдагидек кетмаяпти?
Аввало, ҳар йили ички ишлар вазирлиги томонидан олти ойлик ва йиллик ҳисоботларда мактабларда кузатилаётган уруш-жанжалли ҳолатлар, жиноятлар, ўткир тиғли, жумладан, пичоқ кўтариб юриш ҳолатлари бўйича ҳисоботларда ўқувчилар иштироки кўпайиб бормоқда. Бунинг сабабларини кўпчилик психологлар мактабларда эркак ўқитувчиларнинг камлиги, болалар асосан аёллардан таълим олаётгани, қаттиққўллик кўрмаётгани, эркак тарбиясининг етишмаётганлиги билан изоҳлашади ва мен ҳам уларни қўллаб-қувватлайман. Қолаверса, бунинг яна бир, айтиш мумкин бўлса, асосий сабабларидан бири деб мактабларда таълим олаётган болаларнинг баъзи ота-оналари хорижга ишга кетиб, фарзандларини яқин қариндош­лари қўлида қолдириб кетишганини кўрсатиш мумкин.
– Яшнобод туманидаги мактаблардан бирида ишлайман, – дейди Сирожиддин Бузруков (исми шартли равишда ўзгартирилди). – Мактабимиз гавжум бозорлардан бирига яқин ҳудудда жойлашган. Ўқувчиларимизнинг аксарият ота-оналари бозорда ишлашади. Айрим ўқувчиларнинг ота-­оналари эса хорижга кетган, болалар бувилари, холалари қўлида қолишган. Табиийки, тарбияси оғир болалар кам дея олмайман. Таълим даргоҳимизда аёл педагог­лар 50 нафардан ошиқ. Эркак ўқитувчилар эса атиги 6 нафар. Аммо улар ҳам маоши оз бўлгани боис, дарслари тугагар-тугамас қўшимча ишларига шошишади. Болалар билан батафсил, қўшимча машғулот ўтказишга ўзларида рағбат сезишмайди. Маънавий-маърифий ишларга масъул бўлганим учун 10-11 синф ўқувчиларига раҳбарлик қилаётган аёл устозлар баъзида «Илтимос, ёрдам беринг, синфимни эплолмаяпман. Бошқа раҳбарлик қилмайман», деб келган пайтлари ҳам бўлади. Имкон қадар уларга ёрдамлашаман, болалар билан бирга ишлаймиз. Ўзим синф раҳбарлик қилай десам, эгаллаган вазифам туфайли бу мумкинмас экан. Ҳозир ишим тўлиқ ставка. Маошим 2.300.000 сўм, табиийки, бу оиламни боқишга етмайди. Яқинда директоримиз яхши ишлаганим учун яна ярим ставка маънавиятчи лавозимини қўшиб бергач, маошим 3 миллионга етганди. Аммо тепадан текшириш бўлганида, раҳбар ўринбосарига бир ярим ставка ишлаш мумкинмас, дея яна ярим ставкамни олиб қўйишди. Албатта, бундай шароитда ким фидойилик билан ишлагиси келади? Яхши ишлай десанг, маош жуда кам, оилангни боқишга етмайди. Меъёрий ҳужжатлар билан имкониятлар чегаралаб ташланган. Фан ўқитувчилари ҳам дарсини ўтиб, бошқа ишга ошиқади. Мактабда, айниқса, юқори синф ўқувчилари билан эркак ўқитувчилар ишлашига катта эҳтиёж бор. Уларга қаттиққўллик, эркак кишининг тарбияси зарур. Аммо юқоридаги каби ­чекловлар эркак­ларнинг мактабда қолишига йўл бермаяпти.
Юқоридаги мулоҳазалардан ҳам маълумки, агар эркак ўқитувчиларга ҳам оиласини боқиши учун етарли миқдорда маош тўланса, ипотека ва автокредитлар берилса, олдинги имтиёзлар қайтарилса, улар мактабга қайтишади. Лекин бу ишлар ҳозирча қуруқ гап ва орзудан нарига ўтмаётир. Ўтган йили педагог­ларга берилган автокредитлар ҳам маълум сабабларга кўра, бу йил тўхтаб қолди. Ўқитувчиларга мўлжалланган имтиёзли ипотека кредитларидан эса ҳамон дарак йўқ…
Халқ таълими вазирлигининг эса олдига қўйган марралари улкан: 2030 йилда таълим сифати бўйича ТОП-30 мамлакатлар қаторига кириш. Ваҳоланки, шундай яхши мақсадларга билимли ва фидойи педагоглар армиясисиз эришиб бўлмайди. Уларнинг ғайратини жўштириш, сидқидилдан ишлашига эришиш учун эса, аввало, маошларни ошириш, имтиёзларни тиклаш, кредитлар беришни амалда жорий этиш, эркак ўқитувчиларга алоҳида рағбатлар ташкил этиш ва бошқа баъзи касб эгаларига кўрсатилаётган эътиборни ўқитувчи-мураббийлар ҳаётига ҳам жорий этиш керак бўлади. Чунки ўқитувчи меҳнати ва машаққати бошқа касб эгалариникидан ортиқ бўлса борки, асло кам эмас.

Зебо НАМОЗОВА,
«ISHONCH»

Фикр билдириш

Your email address will not be published.