ТДЮУ қошидаги академик лицей битирувчилари университетга суҳбат асосида қабул қилиниши мумкин

0

“Тошкент давлат юридик университети қошидаги академик лицейнинг битирувчилари Тошкент давлат юридик университетига якка тартибда суҳбат ўтказиш орқали ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруқ Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди (рўйхат рақами 3308, 09.06.2021 й.). Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.

Низомга кўра, ТДЮУ бакалавриатига абитуриентлар қабул параметрларидан ташқари ТДЮУ томонидан белгиланадиган ўринлар сонига мос равишда қабул қилиниб, тўлов-контракт асосида ўқийди.

Ўқишга қабул қилиш суҳбат натижаларига кўра рейтинг тизими бўйича тўпланган баллар асосида амалга оширилади.

Бунда ҳар йили 10 июндан кечикмасдан махсус комиссия ташкил этилади.

Битирувчилар ҳар йили 20 июндан кечикмасдан махсус комиссияга тавсиянома беришни сўраб ариза билан мурожаат қилади.

Махсус комиссия фақат комиссия ташкил этилган тегишли ўқув йили битирувчиларининг аризаларини кўриб чиқади (20 июндан бошлаб 5 иш кунидан ошмаган муддатда).

Низомга кўра, ҳар йили 1 июлдан кечикмасдан суҳбат комиссияси тузилиб, якка тартибдаги суҳбат ҳар йили 10-20 июль кунлари ўтказилади.

Суҳбат натижалари рейтинг тизими бўйича абитуриентга қўйилган (0 дан 100 гача оралиқдаги) баллар асосида аниқланади.

Суҳбат жараёни ва натижаларини қайд этишда видео ва аудиоёзувлардан фойдаланилади.

Натижалар ТДЮУ расмий веб-сайтида суҳбат ўтказилгандан сўнг кейинги иш кунида эълон қилинади.

ТДЮУ бакалавриатига абитуриентларни қабул қилиш учун якка тартибдаги суҳбатни қайта ўтказишга йўл қўйилмайди.

Академик лицей томонидан берилган тавсиянома икки йил давомида амал қилади.

Мазкур тартиб расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.