Келинлар либоси миллийлашса…

Биринчи манзара. Хонадонда никоҳ тўйи бўляпти, қиз узатиляпти. Қариндошлар, меҳмонлар ташриф буюришган. Тўй таомилига кўра, куёв келинни уйидан бошлаб олиб чиқиши керак.


Мана, келин-куёв қўл ушлашиб, бир қаватли уйнинг баланд зинасидан пастга одимламоқда. Жуда оҳиста… Сабаби, келиннинг ерга судралиб турган доира шаклидаги кенг тўй кўйлаги иккисининг эркин юришига халақит қилмоқда. Келин ноқулай вазиятда. У ҳатто зинани ҳам кўра олмаяти. Куёв келинга ёрдамлашяпти.
Хуллас, келин куёв ва дугоналари ёрдамида бир амаллаб зинадан пастга тушди. Туртина-туртина машинага ҳам етиб олди.
Келинни машинага ўтказиш ҳам анчагина ташвиш бўлди. Бунинг учун келин ва унинг уч нафар дугонаси хийла овора бўлишди. Тўй кўйлаги ҳангомаси куёвникига борганда ҳам давом этди…
Иккинчи манзара. Маҳалла фуқаролар йиғинига обрўли бир хонадондан ариза тушди – ажрашиш ҳақида. Ҳайрон бўлдик. Ахир, тўй ўтганига бир ҳафта ҳам бўлмаганди-да…
Келишмовчилик сабаби эса… Келин тўйдан олдин ота-онасидан бемаслаҳат тўй кўйлагини қарзга олган экан. Кейин келин шу қарзни тўлашни куёвга айтган. Куёв унга икки соатгагина киядиган матоҳни шунча пулга (беш миллион) оласанми, деган. Гап жанжалга айланган. Тушунтиришлардан сўнг муаммо ижобий ҳал бўлди. Келин ўз хатосини тушунди, бир оила сақлаб қолинди.
Бу ҳолатлардан сўнг «тўй кўйлаги» масаласига қизиқиб қолдик. Маълум бўлмоқдаки, аксарият ҳолларда бу мода ортидан қувишдан келиб чиқмоқда. Афсуски, модага муккасидан кетганлар ҳам кўпчиликни ташкил қилади. Ахир, ўйлаб кўрайлик, икки соатгагина кийиладиган келинлар либоси фалон сўмга харид қилинади, кейин қайтариб салонга топширилади. Салон эса уни ювиб, навбатдаги харидорга яна шунча пулга сотади. Даромаддан руҳланган салон ўз маҳсулотларини тинмай ­реклама қилаверади.
Ҳаётда ҳар бир қиз гўзал келин бўлишни орзу қилади, табиийки, бу – ота-оналарнинг ҳам орзуси. Аммо нимани орзу қилаётганини кўпчилик ­англаб етмайди. Қизларимиз тафаккурида бошқаларга қараб хулосага келиш хусусияти доим устунлик қилади. Минг афсуслар бўлсинки, бу тушунчаларни ўзгартириш қийин кечмоқда.
«Очиғини айтадиган бўлсак, тўй-ҳашамлар билан боғлиқ ортиқча харажатлар минг-минглаб оилаларнинг нафақат иқтисодий аҳволига, балки бутун ҳаётига жиддий салбий таъсир кўрсатмоқда», деган эди Президентимиз зиёлилар билан бўлган учрашувда.
Тўйларимизга берилган бу баҳо ниҳоятда тўғридир. Тўйларимиз ихчам ва кам харажатли бўлса, деймиз. Бу талаб ҳар бир ота-онанинг, айниқса, ўртаҳол ва кам таъминланган оилаларнинг орзуси десам, муболаға бўлмайди. Аммо уларни «эл нима дейди», деган нотўғри шаклланган тушунча қийнайди.
Хуллас, айтилганлардан келиб чиқиб, ўзимизнинг бежирим ва чиройли миллий тўй кўйлакларини кашф этиш, энг яхши тўй кўйлакларига танлов эълон қилиш мақсадга мувофиқ бўларди. Шу йўл билан ота-оналарни ва қизларимизни ўйлантириб келаётган масалага ечим топган бўлармидик!?.
Сиз нима дедингиз?..

Содиқ МЎМИНОВ

Фикр билдириш

Your email address will not be published.