Калиев «Ҳумо»га келадими?

Хоккей ишқибоз-­ларига яхши маълумки, яқинда Чехияда хоккей бўйи­­ча ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Мусобақа финалига хоккейда ном чиқарган Россия, Финляндия, Чехия, Швеция каби давлатларнинг вакиллари эмас, хоккейда ҳам дунёга донғи кетган Канада ва АҚШ терма жамоалари етиб келишди.

Спорт шарҳловчилари тили билан айт­ганда, кескин ва муросасиз кечган «баҳс»да америкалик хоккейчилар канадалик тенгқурларидан 2:0 ҳисобида устун келиб, жаҳон чемпиони бўлишди.
Ушбу мусобақада АҚШ терма жамоа­­си ҳужумчиси Артур Калиев кўп бор тилга олинди. У ўзининг тезкорлиги, алдамчи ҳаракатлари ва майдонда тез ҳамда ноодатий қарор чиқариши билан мутахассис-у мухлисларнинг назарига тушди. У чемпионатда рақиблар дарвозасига учта шайба «йўллаб», яна бешта голга ассис­тентлик қилди.
Мутахассисларнинг фикрича, уч мавсумдан буён «Гамильтон» жамоаси шарафини ҳимоя қилиб келаётган 18 ёшли ҳужумчининг келажаги порлоқ. Нима ҳам дердик, биз ҳам унинг зўрлардан зўр хоккейчи бўлишига тилакдошмиз.
Балки орамизда кимдир: «Намунча, шу америкалик хоккейчига «ёпишиб қолдингиз», чемпион бўлса, бўлгандир. Нима бўлибди?», деган хаёлга боргандир.
Ҳамма гап шундаки, Артур Калиев асли ўзбекистонлик! У Тошкентда туғилган…
Бошқаларни билмадим-ку, лекин мен ҳамюртим бўлган йигитнинг ютуғидан фахрландим. Омадини берсин.
Ҳа, айтганча, яна бир гап: Артур қачондир Тошкентнинг «Ҳумо» жамоаси таркибида пайдо бўлиши мумкинми?
Бунга эса кўзимиз етмайди…

Алижон АБДУРАҲМОНОВ,
«ISHONCH»

Фикр билдириш

Your email address will not be published.