Одил судловга йўл очаётган янгиликлар

Катта орзу-умид ва мақсадлар билан янги 2021 йилни ҳам қарши олдик. Айтиш керакки, бошланган йилда мамлакатимизда барча соҳалар қатори суд тизимида ҳам изчил ислоҳотлар амалга оширилиб, халқ манфаатларига хизмат қиладиган қатор ижобий янгиликлар жорий этилади. Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2020 йилнинг 29 декабрда Олий Мажлисга йўллаган навбатдаги Мурожаатномасида мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар 2021 йилда ҳам изчил давом эттирилишини таъкидлади.

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида бўлаётган ўзгаришларнинг янги босқичида давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 24 июлда қабул қилинган “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони алоҳида ўрин тутганини таъкидлаш лозим бўлади. Зеро, мазкур ҳужжат бу борада янги бир йўналишларни бошлаб бериш билан бирга мустаҳкам ҳуқуқий асосини ҳам яратмоқда.

Олий Мажлис Сенатининг яқинда бўлиб ўтган ўнинчи ялпи мажлисида маъқулланган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги, Жиноят-процессуал, Иқтисодий процессуал ҳамда Фуқаролик процессуал кодексларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳалари ҳам инсон ҳуқуқлари тўла-тўкис таъминланишига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Шу пайтгача бўлган мавжуд амалаиётдан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, вилоят судлари чиқарган қарор устидан берилган шикоятлар шу судларнинг ўзида кўриб чиқилар эди. Маълумотларга кўра, биргина  2019 йилда вилоят судлари қабул қилган 13 мингта шундай қарор Олий суд томонидан ўзгартирилган ва бекор қилинган. Бу кўрсаткич албатта, бу йўналишдаги ишларни такомллаштиришни ва замон талабига мос ҳолда фаолият юритишни тақозо қилар эди. Эндиликда айни бу борада ҳам бутунлай янги, ўзига хос тизим йўлга қўйилмоқда. Гап шундаки, давлатимиз раҳбари томонидан “бир суд – бир инстанция” тамойилининг илгари сурилиши суд қарорларини қайта кўриш тизимида йиллар давомида тўпланиб келинган муаммоларнинг ҳал қилинишида катта бурилиш ясаши кутилмоқда.

Бу йилдан бошлаб бир-бирини такрорлайдиган суд босқичларининг қисқартирилиб, хлқаро стандартларга мос равишда  уч босқичли суд тизими яратилаётгани ҳам муҳим янгиликлардан бири саналади. Ушбу тизимга асосан эндиликда асосан биринчи инстанция – туман (шаҳар) судлари, айрим тоифадаги мураккаб ишлар бўйича – вилоят судлари, апелляция инстанцияси – вилоят даражасидаги судлар, кассация инстанцияси – Олий суддан иборат бўлади. Бунинг натижасида эса судларда ишларнинг якуний ечим топмасдан, қайта-қайта кўрилишига, фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларига, айниқса, уларнинг йиллар давомида овора ва сарсон бўлиб, судма-суд юришига барҳам берилиб, одамларнинг суд идораларига нисбатан ишончининг ошишига, суд қарорларининг барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.

Бу йилдан эътиборан вилоятларда жиноят, фуқаролик, иқтисодий судлар асосида ягона умумюрисдикция судлари ташкил этилишини ислоҳотларнинг бир меваси дейиш мумкин. Ушбу жараёнда вилоят даражасидаги 3 та суд битта суд сифатида бирлаштирилиб, бу янгилик ҳам аҳоли ва тадбиркорларга катта қулайликларни яратади.

Умуман олганда, жорий йилдан халқаро ташкилотлар ва экспертларнинг эътирозига сабаб бўлаётган, одил судловга хос бўлмаган ишларни назорат тартибида кўриш амалиёти бекор қилиниши, суд муҳокамасига қадар судда ишларни дастлабки эшитиш амалиёти янги тартиб сифатида жорий этилиши, инвесторлар ҳуқуқларини муносиб ҳимоя қилиш мақсадида Олий судда инвестициявий низолар ва рақобатга оид ишларни кўриш бўйича махсус судлов таркиби ташкил қилиниши, суд тизимида рақамлаштиришнинг янада кенгайтирилиб, фуқароларга суд биносига келиб юрмасдан, онлайн тартибда мурожаат қилиш имкониятининг яратилиши — буларнинг барчасини жамиятда адолат, қонун, одил судловни таъминлаш, инсон ҳақ-ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш йўлидаги муҳим қадамлар десак янглишмаган бўламиз. Айни бу жараёнларда судьялар ва суд ходимлари олдида ҳам катта ва ўта масъулиятли вазифалар турганини қайд этиш ўринли бўлади. Қачонки, ҳар бир судья ва суд ходими зиммасидаги ана шу масъулиятни ҳис қилиб фаолият юритсак, халқимизнинг, Президентимизнинг ишончини оқлаб, Ўзбекистонда судьялар чин маънода қонунларнинг толмас ҳимоячилари, адолатнинг мустаҳкам устунлари бўлишини амалда таъминлаган бўламиз.

Сайдулла МИХЛИЕВ,

Тошкент туманлараро маъмурий судининг судьяси

Фикр билдириш

Your email address will not be published.