СОҒЛОМ ҲАЁТ УЧУН 5000 ҚАДАМ
Мудофаа вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳар касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ташкил этилганининг 29 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Мудофаа вазирлигига қарашли Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институтида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Ватан ҳимояси шарафли ва муқаддас бурч эканини, миллий армиямиз билан фахрланиш ва давлат хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун масъулият туйғусини сингдириш, уларда ҳарбий-ватанпарварлик туйғуларини юксалтириш, ҳарбий хизматчилар ҳамда уларнинг оила аъзоларини ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган тадбирда ҳарбийлар, институт курсантлари ва фуқаролар иштирок этди.
Тадбир доирасида «Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам» шиори остида юриш марафони ҳам уюштирилди.
– Бу каби тадбирларнинг ўтказилиши ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда ўзига хос аҳамиятга эга, – дейди Тошкент шаҳар касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Азиз Тоғаев.
Тадбир сўнгида Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институтининг фаоллари касаба уюшмаларининг фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Аъзам АБУЛФАЙЗОВ,
«ISHONCH»