ИССИҚЛИК ИЗЛАБ…

ёхуд жумбоқнинг учи қаерда?

Самарқандда кўпчиликнинг жиддий ташвишига сабаб бўлаётган корхона бор. Муддати ўтган қарздорлик ошиб бораётгани сабаб вилоят «Иссиқлик манбаи» ДУК ишчи-ходимларининг ярим миллиард сўмдан зиёд иш ҳақларини тўлаб бера олмасдан «ер чизиб» келмоқда.
Муаммонинг илдизи қаерда? Аҳвол нега бу даражага келган? Ходимлар маошсиз қандай қилиб эмин-эркин ишлаши мумкин?

Самарқанд вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси вакиллари билан ҳамкорликда қарздорликнинг келиб чиқиш сабабларини таҳлил қилишга интилдик.
– Айнан шу масалада «Иссиқлик манбаи» ДУК корхонаси мутасаддиларига жуда кўп бор расмий талабномалар киритганмиз, – дейди Самарқанд вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши «Меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш» бўлими мудири Зуҳра Маматқулова. – Афсуски, улар фақат қуруқ ваъдалар бериб, қарздорликнинг қисқараётгани тўғрисида ахборот бериш билангина кифоя­ланишмоқда.
…Корхонадамиз. Билдикки, кейинги етти йилда тайинланган еттинчи раҳбар яқинда иш бошлабди. Мана, ўн кундирки, бутун идора ходимлари ҳайҳотдек бинони супириб-сидириш билан овора бўлишаётир.
– Тозалик-покизалик бор жойда барака бўлади, – дея бизни кутиб олди эндигина раҳбар этиб тайинланган Акбар Баҳриев. – Ходимларимиз қоп-қоп кераксиз чиқитларни улоқтириб, хоналарни жиҳозлашмоқда. Бир қатор корхона ва ташкилотларда оддий ходим ҳам, раҳбар ҳам бўлиб ишлаганман. Аммо бунақанги жойни сира кўрмаганман. Халққа хизмат кўрсатадиган идора саришта бўлиши керак.
Мақсадимизни эшитган раҳбар ўйга толди. У ишни бошлаганиданоқ ходимларга иш ҳақи тўлашни тизимли ташкил этаётгани ҳақида сўзлади. Иш ҳақидан муддати ўтган қарздорлик масаласида эса анча «бош қашишга» тўғри келар экан…
Бу ҳолат юз беришининг туб илдизига биргаликда бир назар ташлаймиз.
Самарқанддаги марказлашган иссиқлик қозонхонаси 1962 йилда ­бунёд этилган. Ўша даврларда ва кейинчалик ҳам мазкур иншоот шаҳардаги аксарият корхона ва кўп қаватли уйларни иссиқ сув билан таъминлаб келган. Мавжуд 381 та кўп қаватли уй бевосита ана шу манба орқали иситилган. Йиллар ўтган сари шаҳар бўйига ҳам, энига ҳам кенгайди. Йилига бир неча юзлаб кўп қаватли уйлар қад ростлади. Айни чоғда кўп қаватли уйлар сони бир ярим мингни қоралаб боряпти. Уй қурилган-у, уни иситиш масаласи, янги иситиш тизими барпо этиш масаласига панжа орасидан қараб қўйилаверган. Вақт ўтган сайин марказлашган иситиш тизими трассаси, қувурлари, ички тармоқлари эскириб, чириб бораётганини ҳеч ким эсламаган ҳам. Шаҳардаги ягона иншоот битта мавзегагина иссиқлик узатиш имкониятига эгалиги ҳам ҳеч кимнинг эсига келмаган. Бундан беш йил илгари қишнинг қирчилламасидаги совуқда электр энергиясидаги узилиш барча ишни барбод қилди. Қувурда қолган сувлар музлаб бутун тизим тақа-тақ тўхтаган.
Таажжубланарлиси, Самарқанддек азим шаҳарда кўп қаватли уйларни иситиш муаммоси ҳамон ечимини топмаганлигидир. Тўғри, кейинчалик уч-тўрт локал қозонхоналар барпо этилиб иссиқликни тиклаш чоралари кўрилганидан кўз юмиб бўлмайди. Айни чоғда 50 тадан зиёд уй иссиқ сув билан таъминланаётгани ҳам рост. Аммо бу шаҳардаги умумий кўп қаватли уйларнинг қанча фоизини ташкил этишини ўзингиз ҳисоб­лаб олаверинг.
«Иссиқлик манбаи» ДУКнинг янги раҳбари билан анча гаплашдик. Бугунги кунда бутун шаҳарни иссиқлик билан таъминлашга масъул бўлган корхонанинг 6 та юридик, 600 га яқин жисмоний шахс билан иссиқлик етказиб бериш ҳақидаги шартномаси мавжуд. Лекин ҳисоботларда юритилаётган 10 миллиард сўмлик дебитор қарзни янги раҳбарият кимдан ундириб олишни ҳам билмайди. Чунки… шартномалар рисоладаги талабга жавоб бермас эмиш.
– Биргина касаба уюшмалари бадалидан қарздорлик 50 миллион сўмни ташкил этаётганини эшитдим, – дейди корхона раҳбари Акбар Баҳриев. – Иш ­бошлагач, билдимки, жамоат ташкилоти етакчиси ҳам аллақачон аризасини ёзиб ишдан бўшаб кетган. Айни чоғда жамоани шакллантириш, ишни талаблар даражасида ташкил этишга киришганмиз. Ишлаётган 70 нафар ходимга иш ҳақларини ўз фурсатида тўлаб беришни ­бошладик. Аммо ўтмишдан қолган қарздорлик «мероси»… жуда чигаллашиб кетган.
Эшитдикки, Самарқанднинг савлати бор-у фаолияти йўқ марказий қозонхонасини тубдан янгилаш режалаштирилаётган экан. Зора бу хушхабар Самарқанддаги кўп қаватли уйларга илиқлик, умид­ворларга маблағ олиб келса?
Ҳамма гап ана шу жумбоқнинг қачон ечилишида…

Нурилла ШАМСИЕВ,
«ISHONCH»

Comments are closed.