БАРҚАРОР РИВОЖЛАНИШ СТРАТЕГИЯСИ

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Мурожаатномасини ўқиб…

Мурожаатномани диққат билан ўқир эканмиз, мамлакатимизнинг реал сиёсий ва иқтисодий салоҳияти унинг ­кейинги жадал ривожланиши йўлида қўйилган улкан вазифаларга мутаносиб кела бош­лаганини кузатамиз. Ваҳоланки, ҳатто бир неча йил аввал ҳам аҳвол мутлақо ­бошқача эди.

Шундан келиб чиқиб айта оламизки, ислоҳотлар ўз самарасини бериши учун мамлакатнинг амалдаги ҳолати ҳамда ички салоҳиятини ҳаққоний ва холисона баҳолаш зарур. Истиқлол йилларида биз илк бор ўз хато-камчиликларимиз ҳамда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш йўлида йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларимиз борлигини очиқ-ошкора тан олдик, шу билан бирга инқироздан чиқишнинг самарали йўллари изланди.

Баландпарвоз ва чиройли шиорлар айтиб, қуруқ ваъдалар бериш қанчалик жиддий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини англаб етдик. Бу одамларда ижтимоий ҳаётимизда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга бефарқлик ҳиссини уйғотди, халқ ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ўртасида улкан бўшлиқ ҳосил бўлди.
Одамлар расмий статистикага, жумладан, юртимизда ҳар йили миллионлаб иш ўринлари яратилаётгани-ю бошқа шу каби «ютуқлар»га ишонмай қўйди. Бундай вазият узоқ давом этиши мумкин эмас эди, сабаби у мамлакат ва халқни боши берк кўчага олиб кириши муқаррар эди.
Шундай қилиб, ижтимоий ривожланиш ­мантиғи ҳамда анчадан буён тўпланиб қолган муаммолар, халқнинг ишонч-у умидлари мамлакатни тубдан ўзгартириш ва барча соҳаларда чуқур ислоҳотларни амалга оширишни тақозо этарди.

Фикримизча, Мурожаатномада тилга олинган масалалар – юртимизда олиб борилаётган улкан ўзгариш ва янгиланишлар жараёнини айнан шу нуқтаи назардан таҳлил этиш мақсадга мувофиқ.
Бошқаларга бўлган ҳурматимизни сақлаган ҳолда очиқ айтиш керакки, бугунги кунда минтақа мамлакатлари ичида фақат Ўзбекис­тонда барча йўналиш­ларда, ҳеч бирини биринчи ва иккинчи даражалига ажратмаган ёки қайсиларинидир кейинга қолдирмаган ҳолда, кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва бевосита раҳбарлигида олиб борилаётган бугунги ислоҳотлар айнан шу хусусияти билан алоҳида аҳамиятга эга.
Стратегик жиҳатдан бу табиий ва мантиқан тўғридир. Боиси, ислоҳотлар пировардида кутилган натижага олиб келиши учун ўзгаришлар жараёнида иштирок этувчи барча тузилмалар жалб этилиши лозим. Энг мукаммал ишлаб чиқилган дастурлар ҳам, модомики уларнинг ижросига бутун халқ, аҳолининг барча қатламлари, давлат бошқаруви ва фуқаролик жамиятининг барча бўғинлари жалб этилмас экан, эзгу мақсад ва ғоялигича қолаверади.
Тўрт йил муқаддам мамлакат раҳбари этиб сайланган Шавкат Мирзиёев, биринчи навбатда, Ўзбекистоннинг яқин, ўрта ва узоқ муддатли ривожланиш стратегиясини белгилаб берганини барчамиз яхши эслаймиз.
Ўшандаёқ Президент Ўзбекистонни барқарор ривожланиш йўлига олиб чиқиш ҳамда тараққий этган мамлакатлар сафига қўшиш, шу аснода юртимиз жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрнини эгаллаши учун барча саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, энг муҳими, ислоҳотлар жараёнида бутун халқимиз, аҳолининг барча қатламлари фаол иштирок этиши кераклигини таъкидлаган эди.
Шу билан бирга, давлатимиз раҳбарининг қўйилган улкан мақсадларга эришиш йўлида на ўзи, на бошқаларга тинчлик бериши ҳақидаги сўзларини ҳам яхши эслаймиз. Бугун ушбу фикрнинг амалий тасдиғини рўй-рост кўряпмиз.
Мурожаатномада баён этилган амалга оширилган ишларнинг мазмун-моҳияти, йўналиши, объектив баҳоси ҳамда келгусида қилиниши керак бўлган ишлар тавсифи Ўзбекистондаги ислоҳотлар жараёни ортга қайтмас характер касб этганидан далолат беради.
Ўтган давр мобайнида барчамиз чуқур ­англадикки, мамлакатни демократлаштирмай, ОАВ эркинлигини таъминламай, халқимизнинг ижодий салоҳиятини уйғотмай туриб Ўзбекистонни янгилаш ҳамда кўзланган мақсадларга етиш амримаҳол. Ривожланган давлатлар қаторига қўшилиш учун иқтисодиётни модернизациялаш, саноат тармоқларини техник ва технологик янгилаш, қишлоқ ва сув хўжалиги ҳамда иқтисодиётнинг бошқа тармоқларидаги эскича ёндашувларни ўзгартириш, ҳалол меҳнат қилаётганларни моддий ва маънавий рағбатлантириш зарур.
Бу инсоният юқори технологияли тараққиёт босқичига қадам қўйган бугунги даврда, айниқса, долзарбдир. Образли айтганда, юриб бораётган поездга чиқишга улгуролмай қолган мамлакат трансмиллий корпорациялар ҳамда қудратли давлатларнинг хомашё базаси сифатида жаҳон цивилизациясидан ортда қолиб кетиши муқаррар.
Халқаро валюта фонди ҳамда нуфузли рейтинг агентликларининг таҳлилларига кўра, пандемия сабаб ўтган йилнинг жуда оғир келишига қарамай, Ўзбекистон жаҳондаги камдан-кам давлатлар қаторида иқтисодий ўсиш кўрсаткичларига эришди. Боз устига, Иқтисодий эркинлик индексида юртимиз 26 поғона юқорилади.
Шавкат Мирзиёев Мурожаатномада қайд этганидек, ўтган йили мамлакатимизда 197 та йирик, минглаб кичик ва ўрта корхона ҳамда инфратузилма объектлари барпо этилди. Мева-­сабзавотчилик, ғаллачилик ва чорвачиликда 500 га яқин кластер ва кооперациялар фаолияти йўлга қўйилди. Бундай саъй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ, пахтачиликда ҳосилдорликни бир йилда ўртача 10 фоизга ошириш имкони яратилди.
2021-2023 йилларга мўлжалланган инвестиция дастури доирасида 89 миллиард доллар миқдорида (шундан 37,5 миллиарди хорижий) сармоя ўзлаштириш кўзда тутилгани ҳам амалга оширилаётган ўзгаришларнинг нечоғлик улкан ва кенг кўламли эканидан далолат беради.
Президент Мурожаатномасидан англашилганидек, келаси йилда мамлакатимиз иқтисодиёти янада жадал суръатларда ривожланишда давом этади. Хусусан, 226 та йирик саноат ва инфратузилма объекти фойдаланишга топширилади. Навоий кон-металлургия комбинатида барпо этилаётган иккита йирик гидрометаллургия заводи ҳамда Олмалиқ тоғ-кон металлургия комбинатидаги техноген чиқиндиларни қайта ишлаш корхонаси шулар жумласидан.
Қашқадарё вилоятида қиймати 3 миллиард 600 миллион доллар бўлган, йилига 1,5 миллион тонна керосин, дизель ёқилғиси ва суюлтирилган газ ишлаб чиқарадиган мажмуа тўлиқ маҳсулот беришни бошлайди.
Бундан ташқари, республикамиз бўйича тўқимачилик, қурилиш материаллари, чарм-пойабзал, озиқ-овқат ва фармацевтика тармоқларида юзлаб янги ишлаб чиқариш қувватлари барпо этилади, деди Президент. Биргина Тошкентдаги «Яшнобод» технопаркида 11 та замонавий электротехника корхонаси ишга туширилиб, у ердаги жами корхоналар сони 17 тага ва ишчилар сони 11 минг нафарга етказилади.
Таълим, илм-фан, соғлиқни сақлаш соҳалари, тарбия ҳамда қадриятлар тизимини тубдан ўзгартирмай туриб қўйилган марраларга етиш амримаҳол.
Барча эзгу ва бунёдкорлик ишлари рўёбида мамлакат келажаги бўлган ёшларнинг алоҳида ўрни бор. Шундай экан, 2021 йилга юртимизда «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини ­мустаҳкамлаш йили» деб ном берилиши барчамизни ғоят қувонтирди. Жорий йилда ёшлар тадбиркорлиги ва бандлигини таъминлаш учун 100 миллион АҚШ доллари ажратиш кўзда тутилган. Яна 1 триллион сўм ва 50 миллион АҚШ доллари ёшларнинг бизнес ­лойиҳаларини кредитлаш ҳамда уларни касб-ҳунарга ўқитишга йўналтирилади.

Шу билан бирга, «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали етакчи хорижий олий ўқув юртларининг магистратура ва докторантурасида ўқишга юбориладиган ёшлар сони 5 баробарга оширилади.
Бугунги катта авлод вакилларининг асосий вазифаси ёшларга қулай бошланғич шароит ва имкониятлар яратишдан иборат. Ўғил-қизларимиз ўзгариб бораётган дунёда соғлом, таълим-тарбияли, рақобатбардош, ривожланган давлатлардаги тенгдошларидан сира қолишмаган ҳолда вояга етиши керак.

Албатта, ёшларни ўз устида ишлашга, яхши ўқиб, ривожланишга узоқ вақт даъват этиш мумкин. Ҳарқалай, бунинг заруратини уларнинг ўзлари ҳам яхши англайди.
Бугунги кундаги асосий масала совет давридан бизга мерос бўлиб қолган бир талай муаммолар – эскирган ўқув адабиётлари ҳамда дарс бериш услублари, педагог кадрлар малакасининг талаб даражасида эмаслиги, таълим муассасаларининг моддий-техник базаси ва таъминотидаги камчиликлар ва бошқаларни бартараф этишдан иборат.
Шу боис, Шавкат Мирзиёев ёш авлодга алоҳида эътибор ва ғамхўрлик кўрсатмоқда. Мурожаатномада ўтган даврда мазкур йўналишда қилинган ишларнинг асосий натижалари хусусида сўз юритилди – ўзбекистонликларнинг янги авлодини шакллантиришда пойдевор вазифасини бажарадиган мактабгача таълим тизимидаги ҳайратланарли ўзгаришлар, мактаб, ўрта махсус касб-ҳунар ҳамда олий таълимдаги жиддий ўзгаришлардан тортиб, илм-фан соҳаси, илмий-тадқиқотчилик фаолиятини охирги талаблар асосида тубдан қайта ташкил этишгача.
Олиб борилган чора-тадбирлар натижасида бугунги кунда болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 60 фоизга етди. Президент 2023 йил охирида бу кўрсаткични 75 фоизга етказиш вазифасини қўйди.
Охирги 4 йилда боғчалар сони 3 баробарга кўпайиб, 14 мингдан ошди. Келгуси йили 2 мингта нодавлат боғча ташкил этилади. 6 ёшли болаларнинг 82 фоизи мактабга тайёрлашнинг бепул тизими билан қамраб олинади. Шунингдек, мамлакатда илк бор имконияти чекланган болалар учун мактабгача таълимни уйда бериш модели ҳам йўлга қўйилади.
Жорий йилда 30 та янги мактаб қуриш, 320 та мактабни таъмирлаш ва моддий-техник базасини яхшилаш мақсадида бюджетдан 2 триллион сўм ажратилиши кишида, шаксиз, мамнуният ҳиссини уйғотади. Шу билан бирга 10 та Президент мактаби, кимё-биология, математика, ахборот технологияларига ихтисослашган 197 та мактаб ўз фаолиятини бошлаши ҳам ғоят қувонарли жиҳатдир.
Олий таълимга келсак, ўтган йили қамров 25 фоизга етди. 2021 йилдан бошлаб олий таълимга ажратиладиган давлат грантлари сонини камида 25 фоизга ошириш режалаштирилган. Алоҳида таъкидлаш жоизки, эҳтиёжманд оилалар қизлари учун грантлар сони 2 баробарга кўпайтирилиб, 2 мингтага етказилади. Қолаверса, Тошкент шаҳрида янги замонавий университет барпо этиш кўзда тутилган.
Қайд этиш жоиз, давлат раҳбари бир вақтнинг ўзида улуғ аждодларимиз қолдирган бебаҳо меросни унутмаган ҳолда ёшларнинг IT-технология­ларига доир билимини ошириш зарурлигини бот-бот такрорлашдан тўхтаётгани йўқ. Янги, замонавий билимлар аждодлар эришган илмий ютуқларга асосланиши даркор. Боиси бу дунёда ҳамма нарса диалектиканинг объектив қонуниятига кўра ривожланиб, янгидан-янги билимлар билан бойиб боради. Халқимиз эса аждодлар мероси билан ҳақли равишда фахрлана олади.
Бироқ буюк бобокалонларимиз билан фахрланишнинг ўзи кам. Минг йиллар аввал олим-у фузалоларимиз дунё илм-фанининг бешигини тебратган. Кейинги Уйғониш даври ўрта асрларга тўғри келди. У вақтда ҳозирги европаликларнинг аждодлари ота-боболаримиз асарлари асосида илм-фан сарҳадларини забт этган. Афсус­ки, биринчи ва иккинчи Ренессансдан сўнг турли объектив ва субъектив сабабларга кўра авлодлар ўртасида узилиш юз берди, аждодларимиз ютуқларини давом эттиролмай қолдик. Бунинг оқибатлари барчамизга яхши аён.
Президент илмий ва оммавий муомалага «Учинчи Ренессанс» тушунчасини киритгани ҳам бежиз эмас. Юртимизда таълим ва фаннинг барча таркибий қисмлари жадал суръатларда ривожланмоқда, бу мақсадга катта куч ва маблағ йўналтириляпти.
Диалектиканинг объектив қонунларига қайтадиган бўлсак, ишонч билан айта оламизки, миқдор ўсувчанлиги, албатта, сифатга ҳам ўтади. Кун келиб заминимизда янги Берунийлар, Хоразмийлар, Ибн Синолар, Навоийлар, Фарғонийлар, Бобур ва бошқа ўнлаб олим-у фузалолар етишиб чиқади ҳамда улар инсоният тамаддуни ривожига муносиб ҳисса қўшиши муқаррар. Шунда азалий орзуимиз рўёбга чиқади – минтақамизда Нобель мукофоти соҳиблари пайдо бўлади.
Яна бир муҳим қайд: биз, албатта, ўтмишдан сабоқ чиқаришимиз керак. Бошбошдоқлик, ички низолар, давлат ишига диний мутаассибларнинг аралашуви натижасида жаҳонга машҳур илмий мактабларнинг завол топиши тараққиётимиз суръатларининг пасайиши, ўз даврининг илғор таълими ва илм-фан тармоқларининг йўқолишига олиб келди. Бундай йўқотишларга дучор бўлган миллатимиз жаҳон тараққиётидан ортда қолди, қудратли давлатлар исканжасига тушди.
Гувоҳ бўлаётганимиздек, ҳозир Ўзбекистонда тарихнинг мана шундай аянчли саҳифаларидан тўғри хулоса чиқарилган ҳолда мисли кўринмас ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Кучли, бирдам, оқил-у доно миллатгина бугунги шиддатли рақобатдан омон қолиб, жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрнини эгаллай олади. Бу фикр давлат раҳбарининг парламентга йўллаган Мурожаатномасида зарҳал ҳарфлар билан қайд этилган.

Мурожаатномада, шунингдек, коронавирус пандемияси билан боғлиқ янги таҳдид ва хатарлар тўғрисида ҳам сўз борди. Бу офатдан кўплаб мамлакатлар талафот кўрди. Коронавирус пандемиясига қарши кураш учун 2021 йил давлат бюджетида 3 триллион сўм захира шакллантирилди. Қолаверса, кейинги йилдан бошлаб 15 ёшгача бўлган болалар ва ҳомиладор аёлларга 7 турдаги витаминлар, болалар учун парази­тар касалликларга қарши дори воситалари бепул тарқатилади.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, охирги йилларда соғлиқни сақлаш тизимининг жиддий ислоҳ қилиниши, коронавирус касаллиги тарқалган дастлабки даврданоқ аҳоли саломатлигини муҳофазалаш ­бўйича кўрилган оқилона чора-тадбирлар эвазига Ўзбекистонда пандемия қурбонлари сони бошқа давлатларга қараганда нисбатан оз бўлди.
Шубҳасиз, бой берилган ҳар бир жон, саломатликка етказилган зиён бу – улкан фожиа. Буни инкор этишга ҳаққимиз йўқ!

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига қараганда, Ўзбекис­тонда коронавирус билан хасталаниш коэффициенти бошқа кўплаб мамлакатларникидан кўра пастроқ, тузалганлар сони 97 фоиздан ошган, даволанаётганлар эса 2 фоизга ҳам етмайди. Бу дунёдаги энг яхши кўрсаткичлардан биридир.
Очиғини айтиш керак, юқорида тилга олинган натижалар соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар, мамлакат раҳбаридан тортиб қуйи ташкилотларгача – барча бўғинларни ўз ичига қамраб олган кенг кўламли ташкилий-профилактик тадбирларнинг самараси ҳисобланади.

Пандемия мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожига салбий таъсир кўрсатди, тараққиёт суръатларини бирмунча пасайтирди.
Шунга қарамай, халқаро эксперт-аналитик марказларнинг таҳлилларига кўра, Ўзбекисон ­дунёдаги кам сонли мамлакатлар қаторида 2020 йилни иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари билан якунлади.
Мурожаатномада асосий урғу охирги йилларда эришилган ютуқлар эмас, балки мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш йўллари, истиқболли вазифаларга қаратилгани ҳам кишида алоҳида мамнуният уйғотади. Шавкат Мирзиёев қайд этганидек, ислоҳотларнинг илк кўзга кўринарли натижалари, ютуқларимиз нуфузли халқаро ташкилотлар ва илғор давлатлар томонидан муносиб эътироф этилаётгани билан кифояланиб қолиш керак эмас.
Биз узоқ ва машаққатли йўлнинг бошида турибмиз. Ҳеч ким муаммоларимизни бошқа жойдан келиб, ҳал қилиб бермайди.
Тараққиётимиз йўлида ютуқларимиздан чин дилдан қувонадиган дўст, хайрихоҳлар билан бирга, ҳасадгўй душманлар ҳам учраши табиий. Яширмаймиз, мамлакатда олиб борилаётган стратегик ислоҳотларнинг қиймати ва амалий аҳамиятини шубҳа остига олишга, Ўзбекистон ҳақида турли бўҳтонлар тарқатишга уринаётган бирёқлама қарашга эга баъзи интернет нашрлари ва блогерлар ҳам йўқ эмас.
Таассуфки, ахборот технологиялари асрида бу каби ғаразли мақсадларга ҳали ҳеч ким ғов бўла олаётгани йўқ.
Бундай ғайрли ишларга энг муносиб ва тўғри жавоб – қўйилган мақсадлар сари оғишмай илдамлаш, одамларнинг ҳаёт даражасини мунтазам ошириб бориш, аҳоли, шу жумладан ёшлар, аёллар, кам таъминланган оилалар ҳамда ногиронларнинг муаммоларини самарали ҳал қилишдир.
Шу мақсадда мамлакатда манзилли давлат дас­турлари амалга оширилиб, уларнинг ижроси нафақат давлат органлари, балки депутатлар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари томонидан назорат қилинмоқда. Бугунги ислоҳотлар мазмун-моҳиятидан кўриниб турибдики, матонатли халқимиз ҳар бир инсон ҳаётидан рози бўлиб яшайдиган янги Ўзбекистонни, албатта, қура олади.
Мана, 2021 йилга ҳам қадам қўйдик. Умид қиламизки, кириб келган янги йил ҳаммамизга яхшилик, бахт-саодат олиб келади.
Биз давлат раҳбари томонидан Мурожаатномада баён этилган барча мақсад-вазифаларга эришишга астойдил бел боғлашимиз даркор.
Жорий йилда Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги нишонланади. Шунингдек, мамлакат сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеа – Ўзбекисон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Мустақил тараққиётнинг бундай муҳим палласида юртимизда олиб борилаётган ўзгаришларни тизимли ва босқичма-босқич давом эттириш ниҳоятда муҳим.
Шу юртнинг фарзанди, фуқароси сифатида ишонч билан айта оламанки, доно халқимиз ҳаётий мақсад ва маслаклари сари қўяётган қадамлари илдамлашиб бораверади.

Шоқосим ШОИСЛОМОВ,
Ўзбекистон Республикасининг
Фавқулодда ва Мухтор элчиси

Comments are closed.