Қонундан ташқарида демократия бўлмайди

Тараққий этган демократик жамиятлар тарихини ўрганган олимлар «Демократия инсон ақл-заковатининг маҳсули ҳисобланиб, унинг халқ ҳокимияти бошқарувида иштирок этиши учун зарур бўлган ҳуқуқий, ғоявий, маънавий, маърифий, ташкилий ва амалий хусусиятларни англатувчи жиҳатлари борки, уни маънавият ҳамда маърифатсиз англаб бўлмайди ва айнан шунинг учун демократияни ҳаётга жорий қилишда халқнинг миллий эҳтиёжлари, турмуш тарзи, ахлоқий мезонлари эътиборга олиниши ғоят муҳим аҳамият касб этади» деб хулоса қилишади.

Мана шу нуқтаи назардан шахс, жамият ва давлат муносабатларига доир воқеалар ривожига қараганда, биз демократиянинг номоддий неъмат сифатидаги асл моҳиятини англаб етмасдан, унинг аста-секин, босқичма-босқич шаклланиб ва ривожланиб борадиган узлуксиз жараён эканлиги белгиланган формулани бузаётганга, бошқача айтганда, аравани отдан олдин қўйиб юборганга ўхшаймиз. Ҳар ҳолда, ҳуқуқий жиҳатдан қараганда – шундай!
Масалан, «демократия ва эркинлик» ҳақида баралла гапираётган ва эркин фикр баҳонасида бошқаларни, айниқса, давлат бош­қаруви тизими ва мансабдорларни танқид қилаётган ҳамда мамлакат ҳаётида содир бўлаётган воқеаларга асослантирилмаган изоҳлар бераётган жамият аъзоларининг мулоҳазалари билан келишиш қийин, ҳатто бу гапларда «жон бор»дек кўринса ҳам. Чунки улар ҳам барчамиз каби ҳуқуқий нигилизм ва ҳуқуқий деградациялашув мавжуд бўлган жамиятда яшайдилар ва бундай жамият аъзолари демократия ва эркинликнинг маънавий ҳамда ҳуқуқий чегараси бор эканини тан олмайдилар.
Биз ўзимизни демократияни юксак маънавият, фуқароларнинг ички маданияти ва интеллектуал имконияти ўлароқ умумхалқ ва умумдавлат манфаатларини ҳимоя қиладиган, барчани қонунларга бўйсуниб яшашга ундайдиган умуминсоний, ҳуқуқий ва маънавий қадрият сифатида тушунадиган жамиятда яшаяпмиз, деб айта олмаймиз ва шу боис жамиятимизда «танқид қилувчилар» ҳам худди «танқид қилинувчилар» каби бир хил муолажага эҳтиёжманддирлар.
Мен танқидга қарши эмасман. Шунчаки, «Аввал ўзингга боқ, кейин ноғора қоқ» таомилига риоя қилган ҳолда, «демократия ва эркин фикр»ни ниқоб қилиб, бир-биримизга тош отиш, бир-биримиздан камчилик қидириш ёки бир аср давомида йиғилиб қолган муаммолар ва шу давр мобайнида шаклланган халқнинг яшаш тарзи учун бугунни айблаш билан шуғулланмасдан, ҳуқуқий-демократик давлат ва эркин жамият томон босқичма-босқич боришимиз керак, демоқчиман, холос.
Келинг, далилларга эътибор қаратайлик. 2019 йилнинг охирида интернет тармоқларида Аброр Мухтор Али хонанда Юлдуз Усмонованинг шариатга доир фикрлари учун ҳақорат қилгани ва бунга жавобан Юлдуз Усмонованинг ҳолатни тушунтиришга уриниш­лари ҳақидаги видеоёзувлар тарқалиб, кенг муҳокама ва мунозарага сабаб бўлган эди. Худди шу каби, 2020 йил август ойида Аброр Мухтор Али ва блогер Қобул Дусовнинг ўзаро келишмовчилиги сабабли бир-бирини ҳақорат қилгани ва муштлашишгача боргани тас­вирланган видеоёзув оммага тақдим этилди.
Ҳуқуқ ва жамиятшунослик фани нуқтаи назаридан шуни айтиш мумкинки, ҳуқуқий-демократик давлат ва эркин жамият қуриш жараёнини эндигина бошлаган давлатда бу каби мазхарабоз­ликка йўл қўйиб бўлмайди. Беихтиёр улардан сўрагинг келади: «Бундан кўзлаган асл мақсадингиз нима ва қайси асосларга кўра «шундай қилишга ҳаққим бор» деб ҳисоблаяпсиз ўзингизни, сизнингча, бу – демократиями?»
«Ташқаридаги душмандан ичингдаги аҳмоқ хавфлироқ» деганларидек, ёмонликни истаган ташқи душман жамият ичида юз бераётган воқеалар ва уларга туртки бўлаётган омиллардан шу жамиятнинг ўзига қарши фойдаланишини эътибордан четда қолдирмаслигимиз зарур. Бошқача айтганда, ҳуқуқий муносабатларни келтириб чиқарувчи ҳолатлар қонунларда кўрсатилган тартибда ҳал этилиши лозим.
Шу маънода, масалага ҳуқуқий жиҳатдан қаралганда, интернет тармоқларида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларини, уларнинг мансабдор шахсларини танқид қилаётган, вилоятлар, туманлар ёки қиш­лоқлардаги ҳолатларга изоҳлар ёзаётган, шунинг­дек, давлат хизматчиларининг хатти-ҳаракатлари ёки овозларини видео ва аудио тасмаларга тушириб, интернет тармоқларига қўяётган фуқароларимиз, шу жумладан, блогерлар ҳам мамлакатимизда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини олиб бориш тартибини белгиловчи Ўзбекистон Республикасининг амалдаги «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги, «Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида»ги, «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги, «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги қонунлари талабларига риоя қилишаётгани йўқ.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг вояга етган ҳар қандай фуқароси «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги қонуннинг 3-моддасига кўра, «жамоатчилик назоратининг субъектлари» бўла олишлари мумкин ва шу қонуннинг 15-моддасида уларга жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун қатор ҳуқуқлар берилган.
Бироқ, «танқидчиларимиз» қонунларга риоя қилмасдан, жамоатчилик назорати тартибида ўрганилмаган ва зарур маълумотлар билан тасдиқланмаган ҳолатларни умумий сафсата кўринишидаги шахсий фикрлари билан изоҳлаб, кенг жамоатчилик ўртасида носоғлом муҳит юзага келишига сабабчи бўлмоқда.
Масалан, блогерлардан бири интернет саҳифасида қолдирган видео мурожаатида Халқ таълими вазирлиги тизимидаги ишларнинг қониқарсизлиги, айрим мактаблар ёмон аҳволда қолаётгани, шунингдек, тест маркази мутасаддилари томонидан олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари учун тайёрланаётган саволларнинг талабга жавоб бермаслиги, бу коррупцияга йўл очаётганлиги ҳақида фикр билдирган.
Биринчидан, таълим тизимидаги айнан қайси мактаблар қайси сабабларга кўра талаб­­га жавоб бермаслиги аниқ рақамлар ва мисоллар билан ёритилмаган, иккинчидан, тест маркази томонидан тайёрланган саволларнинг талабга жавоб бермаслиги махсус билимга эга мутахассис хулосаси билан тасдиқланмаган. Агар блогернинг қўлида аниқ маълумот ва тегишли хулоса мавжуд бўлса, нима сабабдан жамоат манфаатини ҳимоя қилиш мақсадида тегишли мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари устидан судга ёки тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилмайди?
Ваҳоланки, «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги қонунга мувофиқ жамоатчилик назоратини амалга ошираётган ҳар бир фуқаро бундай қилишга ҳақли.
Яна бир мисол. Шу йилнинг август ойида «MY-5» телеканалида Транспорт вазирлиги, тиббиёт соҳаси ходимлари ва блогер Ш.Мусаев («Элпарвар») иштирокида «COVID-19» пандемияси муносабати билан мамлакатимизда амалга оширилаётган ишларга бағишланган «Очиқчасига гаплашамиз» номли кўрсатув намойиш этилди ва унда «Тез тиббий ёрдам» ходимлари уларга Президент фармони билан белгиланган тўловлар тўланмаётгани хусусида эътироз билдиришди.
Ҳуқуқий жиҳатдан, алоҳида вазиятлар сабабли айрим тоифа ходимларга иш ҳақи тўлашнинг Меҳнат кодексида белгиланганидан ўзгача тартиби жорий қилинган ҳолатларда иш берувчи ва ишчи ўртасида юзага келган низолар меҳнатга доир муносабатлардан келиб чиқувчи алоҳида тоифадаги низо бўлгани учун фақат судда ҳал этилиши лозим. Шу боис, суд кимнинг ҳақ эканини аниқламай туриб, бир тараф иккинчи тарафни кенг омма ўртасида айблашга ҳақли эмас. Зеро, жамиятшунос олим Б.Склинернинг фикрига кўра, ҳуқуқий-демократик жамиятларда ҳар бир эътироз индивидуал хусусиятга эга бўлгани учун ҳуқуқий муносабатлар тартибида алоҳида ҳал этилиши лозим, акс ҳолда, суд-ҳуқуқ муносабатлари тартибида ҳал этилмаган ва оқибатда умумий кўринишга эга бўлиб қолган эътироз­лар қоришиб кетиб, ўзини оқламаган турли норозилик­ларга сабаб бўлиши мумкин.
Афсуски, жамиятда ижтимоий фикрни ­шакллантирадиган, кучли тарғибот машинаси ҳисобланган оммавий ахборот воситалари томонидан ҳам белгиланган эркинликлар суи­истеъмол қилинмоқда.
Хусусан, 2019 йил 6 ноябрь куни «MY5» телеканали ходимлари «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги, «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги, «Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида»ги ҳамда «Журналистик фаолиятни ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунлар талабларини бузиб, бирон-бир маълумот олиш ёки раҳбарларнинг интервьюсини ташкил этиш ҳақида олдиндан мурожаат қилмасдан, журналист ахлоқ-­одоб қоидаларига зид равишда тўсатдан Юқори Чирчиқ тумани ҳокимлиги биносига кириб келган ва ёқилган камера остида хоналарни кўздан кечириб, ходимларни сўроққа тутган.
Бундан ташқари, телеканал мутасаддилари томонидан «Журналистик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 6-моддасида кўрсатилган: «журналист ўзи тайёрлаётган материалларининг тўғри ёки нотўғри эканлигини текшириши ва холис ахборот тақдим этиши», «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 7-моддасида кўрсатилган: «ахборотни бузиб талқин этиш ва сохталаштириш тақиқланиши» ҳамда «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонуннинг 5-моддаси, 4-хатбошида кўрсатилган: «оммавий ахборот воситалари қонун-ҳужжатларига мувофиқ ахборотни излаш, олиш, тадқиқ этиш…. ҳуқуқига эга ва тарқатилаётган ахборотнинг холислиги ҳамда ишончлилиги учун белгиланган тартибда жавобгар бўлиши» ҳақидаги талаблар бузилган ҳолда тайёрланган кўрсатув 2019 йил 8 ноябрь куни эфирга узатилиб, Юқори Чирчиқ тумани ҳокимлиги ва раҳбарларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари бузилишига сабабчи бўлишган.
Ушбу ҳолат борасидаги низо 2020 йил 8 сентябрь куни фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани судида кўриб чиқилиб, жавобгар «MY5» телеканалига нотўғри эълон қилинган маълумотлар учун даъвогар Юқори Чирчиқ тумани ҳокимлигидан узр сўраш ва туман ҳокимига етказилган маънавий зарар ҳамда ҳокимликнинг суд харажатларини тўлаб бериш мажбуриятини юклаш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилинди.
Юқоридагилардан кўринадики, бизнинг ҳуқуқий маданиятимиз ҳали-ҳамон мақтанадиган даражада эмас ва бунинг икки муҳим сабаби бор.
Биринчидан, ҳуқуқий маданият даражасини белгиловчи «ҳуқуқий тарбия», «ҳуқуқий онг» ва «ҳуқуқий руҳият» каби 3 та муҳим омил борки, улар жамиятда шаклланмас экан, шахснинг ҳуқуқий маданияти ўз-ўзидан юқори бўлиб қолмайди.
Иккинчидан, ҳуқуқий тарбияга авлодларда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий руҳиятни ­шакллантиришга шунчаки тарғибот-ташвиқот олиб бориш билан эришиб бўлмайди ва бу мақсадлар учун сарфланган маблағ ҳамда вақт самарасиз кетади.
Мана шу иккита бартараф этилмаган сабаб борки, жамиятимизда ҳуқуқий нигилизм ва ҳуқуқий деградациялашув шарт-­шароити юзага келган ва бунинг натижасида саноғи йўқ бошқа салбий оқибатлар келиб чиқмоқда. Ҳуқуқий муносабатлар субъектларининг ҳуқуқни билмасликлари, уни тан олмасликлари ёки ҳуқуқни ўз манфаатларига мос талқин қилишлари ҳуқуқий нигилизм деб аталади. Шунингдек, ҳуқуқий нигилизм ҳукмрон жамиятларда қонунлар манфаатларга мослаштирилади. Ҳуқуқий деградациялашув деганда эса шахслардаги ҳуқуқий билимнинг ва онгнинг қотиб қолиши, орқага чекиниши, шахснинг ўз устида ишламаслиги, ҳуқуққа, шу жумладан, ўз ҳақ-ҳуқуқларига нисбатан бефарқлиги кабилар тушунилади.
Шу боис, ёш авлодга болалигиданоқ ҳуқуқий тарбия бериш йўлга қўйилиши керак ва бунга таълим тизими ёки ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг вазифаси, деб қарамасдан, комплекс ёндашув жорий қилиниши лозим. Иккинчи муҳим вазифа – катта авлодларни биргина тушунтириш ёки тарғибот орқали қайта тарбиялашнинг иложи йўқлиги сабабли уларнинг ҳар қандай қонун ёки қоидабузарликлари учун жазо муқаррарлиги муросасиз таъминланиши керак.
Биз барчанинг эркин ва шу билан бирга, қонун олдидаги тенглиги таъминланган ҳуқуқий демократик жамият қурмоқчи эканмиз, ўзга жамиятлар демократиясига қараб хулоса чиқармайлик, аксинча, демократия босқичма-босқич шаклланиб, ривожланиб борадиган табиий-тарихий жараён бўлгани учун халқимиз ва миллатимизнинг объектив ва субъектив шарт-шароитлар асосида шаклланган ижтимоий онги ҳамда психологиясини эътиборга олиш муҳимлигини тўғри ­англаб, демократик тамойилларни белгилашда дунё жамиятларининг амалиёти билан бир қаторда ўз миллий ва диний қадриятларимиз ҳам бор эканини унутмайлик.

Муҳиддин ҚИЁМОВ,
ҳуқуқшунос

Comments are closed.