КЎЗИНГИЗНИ ЯХШИ КЎРАСИЗМИ?

Кўзим яхши кўрсин, деган одам, аввало, кўзларини яхши кўриши, яъни унга эътибор ила муносабатда бўлиши лозим.
Ибн Синонинг «Тиб қонунлари» асарида кўз касаллик­ларига алоҳида боб ажратилган бўлиб, кўзни даволашдаги қоидалар, кўз нурини асраш йўллари, кўз саломатлигига рахна солувчи омиллар санаб ўтилган.

Душманлари:
– чанг, тутун, иссиқлик ва совуқлик мўътадил бўлмаган ҳаво, шамол;
– узоқ вақт бир нарсага тикилиб туриш;
– ёруғ, ялтироқ ва майда нарсаларга кўп қараш;
– маст қилувчи ичимлик­лар;
– жуда тўйиб овқатланиш ва тўқ ҳолда ухлаш;
– кўп миқдорда туз истеъмол қилиш;
– ҳаддан ортиқ ухлаш ва кам уйқулик;
– майда ёзувли хатларни кўп ўқиш;
– нозик, диққатли ишларни кўп бажариш;
– ҳаммомга жуда кўп тушиш;
– қаттиқ йиғлаш;
– томирдан кўп қон олдириш;
– қуёш нури, қуёшдан куйиб бош оғриш;
– қиздирувчи иситма;
– кўзнинг зарб ейиши;
Фойда:
– йиғлаш кўзни тозалаб турувчи тадбирлардандир.
– тиниқ сувга шўнғиб, сув ичида кўзни очиб туриш уни янада равшанлаштиради.
Яллиғланса…
Кўз яллиғланиши одатда томирларнинг бўртиши, ёш оқиши ва оғриқ билан кечади. Ўткир турида кўз оқи қорачиқ устигача ўсиб, уни бекитади ва кўзни юмишга монелик қилади. Ички ва сиртқи артерия­ларда чиқиндилар кўпайса, улар кўзга қуйилади.
Чақчайма кўзли киши кўз яллиғланишига кўпроқ мойил бўлади. Баъзан организмда ҳазмнинг сусайиши сабабли кўздан совуқ ёш оқади.
Жанубий мамлакатларда кўз яллиғланиши кўп учрайди, лекин тез тузалади. Совуқ мамлакатларда ва совуқ иқлим вақтларида кўз оғриғи кам учраса-да, оғирроқ ўтади. Иссиқ мамлакатларда кўз яллиғланиши кўпроқ учрагани каби киши жуда иссиқ ҳаммомга кирганида ҳам кўзни сўзсиз яллиғлантиради.

Кимлар хасталикка мойил?

Кўз касалликлари билан бирга бош оғриғи бўлса, аввал бош оғриғини даволаш керак, бош оғриғини кетказмай туриб кўзни даволаманг. Кўзи касал киши оқ нарсаларга ва ёруғликка қарамаслиги даркор. Уни ўраб турадиган нарсалар қора ва кўк бўлиши мақсадга мувофиқ. Беморнинг уйи бироз қоронғи бўлгани маъқул.
Кўзга оқ тушиши ҳам касаллик ҳисобланиб, оқлик юпқа ва сирти сатҳда бўлса, «булут» деб аталади. Қалин бўлса, мутлақо оқлик саналади.
Шабкўрликда кўз кечаси кўрмайди, кундузи кўриб, куннинг охирида кучсизланади. Бу касаллик кўпроқ қора, қорачиғи кичик кўзларда бўлиб, кўк ва катта кўзларда деярли учрамайди. Кўзига турли ранг­лар кўринадиган ва кўзи кўп жимирлайдиганлар ҳам унга мойил бўладилар.

Буюмлар тўлиқ кўринмайди(ми?)

Катаракта тиқилмалардан пайдо бўладиган касаллик бўлиб, у ўқёйсимон табақа тешигида, оқсилсимон суюқлик билан мугузсимон табақанинг орасида туриб қоладиган чет суюқликдан иборат.
Ушбу суюқлик кўп бўлса, тешикни бутунлай тўсиб қўяди. Баъзан кўз буюмларнинг ярмини ёки бир бўлагини кўриб, қолганини кўролмайди. Лекин кўз соққасини бир томонга айлантирса, кўради. Гоҳида кўз буюмларни бир гал тўлиқ кўриб, иккинчи марта қараганида тўлиқ кўрмайди.

Парҳезталаб дард

Катаракта сўзи юнончадан олинган бўлиб, «шаршара» деган маънони англатади. Унда кўз гавҳари хиралашиб, кўзга тушаётган ёруғлик нурларининг йўли қисман тўсилиб қолади. Асорати сифатида кўз мутлақо кўрмай қолиши мумкин. Хасталикнинг туғма ва орттирилган турлари мавжуд. Қарилар катаракта ривожланишига мойил бўладилар. Дорилар билан даволашнинг иложи бўлмаса, хиралашган гавҳар жарроҳлик йўли билан олиб ташланади.
Катарактага чалинган бемор овқатларни кам ейиши, шўрвалар ва ҳўлловчи нарсалар, ҳазми оғир гўштлардан сақланиб, қовурилган таомлар истеъмол қилиши мақсадга мувофиқ. Спиртли ичимликлар тақиқланади. Қусиш меъдани тозалаш жиҳатига кўра фойда қилишига қарамай катарактага зарардир. Шунингдек, кўп сиқилиш, бирор нарсадан қаттиқ ғазабланиш ҳам катаракта ҳолатига салбий таъсир кўрсатади.

Дурдона АЛИМОВА
тайёрлади

Comments are closed.