«Бозорлардан бирида аёл киши бир неча эркак томонидан аёвсиз таҳқирланди»ми? — вазиятга ойдинлик киритилди

628

Ижтимоий тармоқларда «Бозорлардан бирида аёл киши бир неча эркак томонидан аёвсиз таҳқирланди» номи остида видеотасвир тарқалди.

Ушбу ҳолат бўйича Наманган вилояти ИИБ ахборот хизмати қуйидагиларни маълум қилди: «Жорий йилнинг 5 июнь куни Янгиқўрғон туманида яшовчи, спиртли ичимликка ружу қўйган ва жанжалкаш шахс сифатида туман ИИБнинг профилактик ҳисобида турувчи Г.Т. Чортоқ туманига маст ҳолда бориб, Чортоқ шаҳар автошоҳбекатида ҳеч қандай сабабсиз жанжал кўтарган ва ҳудуддаги дўкон ва бошқа объектларнинг ойналарини синдириб, дўконларга зиён, ўзига эса тан жароҳати етказган.

Шу ерда ишловчи сомсапазнинг идишларини ҳам синдириб ташлагандан сўнг, сомсапаз 1988 йилда туғилган Х.Ю. аёлга бу ердан кетишини тушунтирган, бироқ аёл спиртли ичимлик талаб қилиб, жанжал кўтаришда давом этган.

Шундан сўнг Х.Ю. аёлнинг сочидан тортиб, уни бекатдан ташқарига олиб чиқиш учун судраган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фуқаро Х.Ю. эса вақтинча маъмурий тартибда ушланган.

Суриштирув ишлари якунига етгач ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берилади».