«Бизга энг аввал, аскар керакдир»

ёхуд жадид боболаримиз орзуларида
кучли армия бор эдими?

Мана, 29 йилдирки, Ватан ҳимоя­чилари кунини озод ва эркин халқнинг энг муҳим байрамларидан бири қаторида нишонлаб келамиз. Ўзбекистон армиясининг ­қудрати нимада? Шубҳасизки, ҳарбийлар билан бутун жамиятнинг бирлиги ҳамда ҳамжиҳатлигида. Яъни, армия ва халқнинг бирдамлигида. Буни ҳар йили юртимиз бўйлаб кенг жамоатчилик иштирокида кўтаринки руҳда ўтадиган ватанпарварлик ойлиги тадбирларида ҳам кузатиш мумкин. Армия халқдан, халқ эса армиядан куч олиб, эртанги кунга ишонч ортаётгани кимни қувонтирмайди?! Мана шу маънавий қудрат бизнинг улкан бойлигимиздир.

Ўзининг буюк тарихи ва аждодларига муносиб бўлган ўзбек халқи мамлакат хавфсизлигини ишончли таъминлай оладиган қудратли миллий армияни ярата олди.
Буюк тарих ва аждодлар… Бу ҳақда узоқ тўхталиш мумкин. Лекин келинг, миллий армиямиз байрами, Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан яқин тарихдаги муҳим бир воқелик, аниқроғи, жадидларнинг Туркистонда миллий армия тузиш орзуси ҳақида фикрлашсак.
Жадидлар миллатни уйғотиш, Ватанни озод қилиш, истиқлолга эришиш учун маориф, таълим, тил, адабиёт каби муҳим масалалар қаторида аскарлик муаммосини ҳам жонларини хатарга қўйиб, матбуотда дадил олиб чиқишади. Бунга сабаб шу эдики, аввал чор Россияси мустамлакачилари, ундан сўнгра шўролар ҳукумати эрк учун Туркистонда авж олган исёнлар, қўзғолонлар, миллий озодлик ҳаракатларини бостириш мақсадида айнан ўзимизда ҳарбий кадрлар тайёрлашга зўр беришди.
Пётр Галузонинг «Туркистон – колония» номли китобида 1899-1917 йиллар давомида Фарғона, Самарқанд, Ҳазорбўйи, Сирдарё, Еттисув вилоятларида чор ҳукуматига қарши кўтарилган 4922 тв қўзғолонлар ҳақида маълумотлар берилган. 18 йил давомида Туркистондаги маҳаллий аҳоли мустамлакачилик сиёсатига, топталаётган ҳуқуқларига қаршилик ҳаракатлари билан жавоб беришади. Ўша даврда йилига ўртача 270 та қўзғолон кўтарилади. Масалан, биргина 1917 йилга оид тўлиқ бўлмаган маълумотларга кўра, Фарғонада 324 маротаба, Ҳазорбўйида 171 та, Самарқандда 47, Еттисувда 5 та қўзғолон – жами 547 маротаба халқ мустабидларга қарши исён кўтаради. Халқнинг бундай норозилигини, озодлик йўлидаги ҳаракатларини қурол кучи, армия қудрати билан бостириш мақсадида мустамлакачилар 1900 йилда Тошкентда кадетлар корпусини, 1915 йилда эса прапоршиклар мактабини очиб, Туркистонда ҳарбий мутахассислар тайёрлашга катта эътибор беради. Ҳокимият шўролар қўлига ўтгач, 1918 йилда Туркистон совет қўмондонлиги курслари ташкил этилади.
халқ большевиклар даврида ҳам зулм, ҳақсизлик ва адолатсизликдан жабр чекди. Шу сабабли жамиятнинг энг илғор қатлами бўлган жадидлар матбуотдаги чиқишларида қўшин тузиш, ўз армиямизга эга бўлиш масаласини олиб чиқа бошлашди. Хусусан, «Ҳуррият», «Иштирокиюн», «Туркистон», «Зарафшон», «Меҳнаткашлар товуши» каби газеталарда мақолалар берилди. Абдурауф Фитрат, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Қодирий, Мунаввар қори Абдурашидхонов, Ҳожи Муин каби жадидчилик ҳаракатининг таниқли намояндалари ўз чиқишларида Ватан ва ҳуррият учун армия зарур эканлиги ҳақида фикр-мулоҳазаларини дадил ифода этишди.
Масалан, Абдурауф Фитрат ўз мақоласида «Мухториятни олмоқ ва сақламоқ керакдир. Съезд ўз ишини қилди. Қолғанлари бутун миллатнинг вазифасидир. Мухториятни сақламоқ учун куч лозим» дея қўшин тузиш ҳаёт-мамот масаласи эканига эътибор қаратади.
Ҳожи Муин ўз чиқишида муаммони янада кескин қўяди: «Ҳозирги вазифамизға қарағанда бизга энг аввал, аскар керакдир. Чунки ҳозирги дохилий шўриш ва инқилоб хорижий душманларнинг тажовузидан ортиқ бизга қарши хатарли бир ҳолға айланмақдадурки, бу шўришдан ватан ва ҳурриятни қутқариб олмоқ учун аскарий зўр бир қувватға молик бўлмағимиз мутлақо лозимдир»
Том маънода озод ва эркин бўлиш, чор Россияси, ундан сўнгра шўро ҳукумати томонидан топталаётган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш, истиқболдаги нурли кунлар учун армия тузиш заруратини оғриқли муаммо сифатида Абдулла Қодирий ҳам матбуотга олиб чиқади:
«Бошқалар тарафиндан ҳуқуқингнинг топталмови, четларга маҳкум, мазлум бўлмаслик, чет миллатларга ўз товушинг­­ни эшитдуриб эшитмоққа мажбур этувға шубҳа йўқким, қўлингдаги қуролингға, аскарий кучингга қараб бўлур. Мамлакат идораси аскарсиз мумкин эмас. Идора ўз қўлимизга ўткач, табиий, ватанимизнинг душмандан муҳофазати ўз устимизга тушажак. Бунинг учун ўз аскаримиз бўлурға керак. Табиийдирки, мамлакат идораси бизнинг қўлда бўлиб аскарликни бошқалар қилмаяжак. Бу мумкин ҳам эмас. Шунинг учун агарда биз мустақил, қуллиқдан қутулиб яшовни хоҳлар эканмиз, яқин истиқболимиздаги бахтли кунлар учун аскар бўлувимиз, ватан муҳофазасига ҳозирланувимиз лозим. Лозимгина эмас алзамдир».
Жадидчилик ҳаракатининг яна бир таниқли вакили Маҳмудхўжа Беҳбудий «Меҳнаткашлар товуши» газетасининг 1918 йил 2 август кунги сонида «Ғалла, аскарлик, ер ва тазминоти ҳарбия» сарлавҳали мақола эълон қилади. Мақолада ёзилишича, Беҳбудий 1918 йил 16 июль куни Тошкентга бориб, Туркистон ҳукумати раиси Тобулиннинг қабулига киради ва амалдор билан миллат учун ўша пайтдаги энг оғриқли муаммолар – ғалла, аскар олиш, тазминоти ҳарбия (ҳарбий контрибуция, урушда енгилган давлат томонидан ғолиб давлатга сулҳ шартномаси асосида тўланадиган пул – муаллиф изоҳи ), ер ва сув масаласида суҳбатлашади. Гарчи бу суҳбатда юқорида келтирилган мақолалардаги сингари Туркистонда қўшин тузиш масаласи яққол кўзга ташланмаса-да, мустамлака зулми остида яшаётган маҳаллий халқнинг дарди, ташвиши акс этади. Беҳбудий шўро амалдоридан умид қилиб, унга бир соатдан кўпроқ вақт давомида юқорида қайд этилган муаммолар Туркистонда тинчлик, осойишталик ўрнатилишида қанчалар муҳим эканини тушунтиришга ҳаракат қилади. Масалан, маҳаллий аҳолидан аскар олиш масаласида маърифатпарвар бобомиз шундай таклиф беради:
«….Иккинчи, аскар масаласидирки, бу ҳар нарсадин муҳим ва мунинг умумий бўлуши лозим. Аммо мусулмонлар ҳануз шунга ўрганмаган ва ҳам дохили фитначилар қора халқнинг фикридан фойдаланиб, эҳтимолки, баъзи бир фитналарға сабаб бўлсалар. Ва ҳам номаълум ва сиёсатан фикри билкулли нотўғри кишилар қўлиға яроқ ўтуб, эҳтимолки, кутулмаган ёмон ҳодисалар пайдо бўлса. Шунинг учун таклиф қиламанки, то халқ ўрганиб, бироз аҳвол ўзгаргунча умумий аскар олинмай, кўнгилли тариқинда тарғиб ва ташвиқ билан ҳам халқнинг аҳволиға қараб олинса эди».
Ҳукумат раиси Тобулин ўртага ташланган тўртта масала бўйича билдирилган таклифларни ёзиб олиб, яхши ваъдалар беради. Мақолада бу ҳақда шундай фикрлар бор: «Ғалла иши сиездида бўлур, деди. Самарқандда аскарнинг кўнгилли равишда олинишиға ва янгидин тазминот олинмаслигига ва ҳам ер тақсимини мавқуф қолишиға фикри бирлигини сўйлади. Ва бу тўғрида тадбирлар кўрарға ваъда этди».
Тарихдан маълумки, совет ҳокимияти даврида ҳам Туркистонда миллий озодлик ҳаракати авж олган. Шўро ҳукуматининг ­сиёсати алдов ва хиёнатдан иборатлигини ўз вақтида англаб етган жадидлар том маънодаги озодлик ва эрк учун Туркистонда миллий ҳарбий қўшинларга кучли эҳтиёж борлигини матбуотда олиб чиқишади. Бу чиқиш­лар жиддий муҳокамалар билан бир қаторда ҳукумат қаршилигига ҳам сабаб бўлади…
Ҳа, ҳурлик учун курашган жадидчи боболаримизнинг орзу-умидлари бизга насиб этди. Бугун мамлакат мустақиллиги, ҳудудий яхлитлик, чегаралар дахлсизлиги, тинч ва осойишта ҳаётнинг ишончли ҳимоя­чиси бўлган миллий армиямиз бор. Унинг «бўй-бастига» қараганда қалбимиз фахр ва ғурурга тўлади.

Алижон САФАРОВ,
Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети катта ўқитувчиси

Comments are closed.