«ВАТАНПАРВАРЛИК ЮРАГИНГГА СИНГГАН БЎЛСИН!»

Ўзбекистон Республикаси Мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилотининг Наманган вилояти кенгаши раиси
Аҳмаджон Аълохўжаев билан суҳбат

– Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон ёшлари форумидаги нутқи ва Олий Мажлисга Мурожаатномаси «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да сизни ва сафдошларингизни қандай ишларга чорламоқда?
– Шу ўринда Президентимизнинг ёшлар форумида ташкилотимиз фаолиятига нисбатан билдирган мулоҳазаларини эсга олмоқчиман: «Бир пайтлар «Ватанпарвар» ташкилоти ёшларга нафақат ҳарбий соҳада, балки катта ҳаётда ҳам зарур бўладиган мусобақа ва спорт ўйинларини ташкил этарди, уларни техник касбларга ўргатарди. Шу сабабли йигит-қизларимиз ўртасида унга қизиқиш юқори эди. Афсуски, кейинги пайтларда унинг фаолияти сусайиб кетди. Ташкилотнинг аввалги нуфузини тиклашимиз зарур. Шаҳар ва туман ҳокимлари, сектор раҳбарларига, ҳар бир ҳудуд ва соҳа кесимида «Ватанпарвар» ташкилоти базасида ёшларни меҳнат бозорида эҳтиёж юқори бўлган касбларга ўқитиш вазифаси топширилади…»
Ушбу мулоҳазалар ҳар бир ватанпарварчининг қўлига кўзгу тутқазди. Ҳақиқатан ҳам, авваллари «ДОСААФ» жуда таниқли бўлиб, унинг номи тилга олинса, ҳамма гап қайси ташкилот ҳақида бораётганини биларди. Бугун эса «Ватанпарвар» ташкилоти халқ ичига, ёшлар орасига тўлиқ кириб борди, деб айтолмаймиз. Кўпчилик ташкилотимизни асосан ҳайдовчиликка ўқитадиган маскан сифатида билади. Ҳолбуки, «Ватанпарвар» ташкилотининг иши кенг қамровли.
– Ана ўша қамров ҳақида тўхталиб ўтсангиз…
– Очиғи, ташкилотимизнинг аввалги нуфузи тикланиши кучимизга куч қўшмоқда, бизга ишонч бағишламоқда. Негаки, айни кунларда «Ватанпарвар» ташкилоти Наманган вилояти кенгаши тасарруфида 12 та ўқув спорт клуби ҳамда вилоят техник ва амалий спорт турлари маркази бўлиб, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, улар онгига ватанпарварлик туйғуларини сингдириш, спортнинг техник ва амалий турларини ривож­лантириш, спорт ташкилотлари ва жамоалари фаолиятига кўмаклашиш, ёшлар ва фуқароларни мудофаа соҳасидаги ­бошланғич билимларга ўқитиш, автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини, шунингдек, оммавий техник касблар мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш каби бир қанча вазифаларни қамраб олади.
– Соҳада қандай янгиланиш ва ўзгаришлар қилинмоқда?
Наманган шаҳар ўқув спорт техника клуби томонидан мактабгача таълим муассасаси ва ўрта умумтаълим мактаблари ўқувчилари учун 3,5х5,5 ҳажм­даги кўчма электрлаштирилган аҳоли яшайдиган ҳудуд макети ташкил қилинди, Янгиқўрғон тумани ўқув спорт техника клуби томонидан умумтаълим мактабида йўл ҳаракати қоидалари бўйича синф хонаси, Поп тумани ўқув спорт техника клуби томонидан мактабгача таълим муассасасида «Пиёдалар шаҳарчаси» ишга туширилди.
Шунингдек, тасарруфимиздаги ўқув ва спорт ташкилотлари автомобиль паркида замонавий енгил ва юк автомобиллари етарли бўлиб, улардан ўқув автомобили сифатида фойдаланилмоқда. Наманган вилояти кенгаши тизимидаги ташкилотларнинг автомобиллар саройи доимий равишда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган замонавий автомобиллар билан бойитилмоқда.
Ана шу мақсадда ўтган йили 2 дона «Ласетти», 2 дона «Кобальт», 4 дона «Спарк», 2 дона «Дамас», 30 дона «Нексия-3», 1 дона «Отойўл» ва 1 дона «Зил–131» русумли, жами 42 дона енгил ва юк автомобили харид қилиниб, ўқув автомобили сифатида жиҳозланди. Кўриниб турибдики, ташкилотимизнинг моддий техник асослари салмоқли даражада…
– Ёшларни спортнинг техник ва амалий турларига кўпроқ жалб этиш борасида қандай ишлар қилинмоқда?
– Пандемия бўлишига қарамай, ортда қолган йилда бир қанча оммавий тадбирларни ўтказишга улгурдик. Тасарруфимиздаги ташкилотларда ёзги олимпиада ўйинлари дастурига киритилган «Ҳаво милтиғидан ўқ отиш», «Триатлон», «Ёзги биатлон», «Дуатлон», «Модельсозлик», «Ракетамодель», «Авиамодель», «Эркин учувчи авиамодель», «Корд авиамодель», «Радиоспорт», «Картинг», «Мотоспорт», «Ҳарбий амалий кўпкураш» турлари бўйича тўгарак ва секциялар фаолият юритиб келмоқда. Учқўрғон тумани ўқув спорт техника клуби томонидан халқаро стандартларга жавоб берадиган умумий узунлиги 1050 метр бўлган «Картодром» қайта барпо этилди.
– Эришилган ютуқлар ҳақида ҳам икки оғиз фикр билдирсангиз…
– Ўтган йили умумжамоа ҳисобида Ўзбекистон кубоги спорти мусобақаларида ўқ отиш спорти бўйича Бухоро шаҳрида, ёзги биатлон бўйича Наманган шаҳрида, ракетамодель спорти бўйича Бухоро шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон чеипионатларида фахрли ўринларни қўлга киритган бўлсак, картинг пойгаси спорти бўйича ўтказилган Ўзбекистон биринчилигида жамоамиз аъзолари пешқадам бўлишди. Гувоҳи бўлганингиздек, «қозон»имизда «чўмичга чиқадиган» ютуқларимиз сероб. Улар ўз-ўзидан бўлмайди. Ватанпарварлик, аввало, кишининг юрагига сингган бўлиши керак. Ана шундагина яхши натижалар бўлиши, шубҳасиз.

Санжарбек ҲАМИДОВ
суҳбатлашди

Comments are closed.