«Лойқа кўлмак»дан сув ичаётганлар…

Халқимизда топиб айтилган яхши бир ибора бор: «Тентакни тентак десанг, арпа бўйи ўсармиш». Бугун айни шу ибора ижтимоий тармоқларда машҳур бўлаётган «тик-токерлар»га ўлчаб тикилган кийимдек мос тушди-қўйди.

Илгари одамлар ташқи кўринишидаги камчилик ва нуқсонларидан кўпнинг олдида уялган бўлса, бугун атайлаб тасқара қиёфага кириб, беўхшов қилиқлар қилиб, омма эътиборини тортиш «тик-ток»да трендга айланиб улгурди.
Одобсизлик, кишининг ҳамиятини ўлдирувчи видеолар тарғиботидан пул ишлаб топишга интилаётган «аҳли тик-ток» энди «лайк» ёки «просмотр» сонини ошириш учун туққан онасининг юзига торт чаплаб, машҳур бўлиш илинжида ўзлигидан ҳам воз кечмоқда.
Беозоргина оҳангда «биз ушбу видеолар орқали кишиларнинг кайфиятини кўтариш учун ҳаракат қиляпмиз, холос», деб умрида қўлига китоб тутмаган ижтимоий тармоқ «машҳурлари» кундан-кунга тутуриқсизликни авжига чиқаришмоқда.
Афсуски, бу ҳақда қанча гапирмайлик, танқидий фикрлар билдирмайлик, «тик-ток ўзани»ни катта денгизга буриш амри маҳол бўлиб қолди. Аксинча, бу «ўзан» ортидан бора-бора йирик «лойқа кўлмак»лар вужудга, келяпти холос. Бундай «кўлмак»дан «сув ичган»лар энди дарёнинг чучук таъмини фарқлай олишмаяпти. Энг ачинарлиси, ўша лойқа сувдан озиқланаётганларнинг аксарияти келажагимиз давомчилари бўлмиш ёшлар. Ундан ҳам таассуфлиси, ўша кўлмакка «дон сочаётганлар»нинг айримлари юртимизнинг обрў-эътиборли кишиларидир.
Ўзлари билиб, англаб туриб, қасддан ёшлар онгининг заҳарланишига салмоқли ҳисса қўшаётган, уларни рағбатлантириш баҳонасида турли хил «шоу»лар уюштириб, «сизлар бизнинг келажагимизсиз», дея бонг уриб, онгсизлик жарлигига бошлаётган бу «эътиборли шахс»ларнинг эса бор-йўқ мақсади жамғармасини кўпайтиришдан иборат.
Бугун тармоғида битта ортиқ «просмотр» йиғиш учун онасини омма олдида изза қилган йигитча эртага яна шу мақсадда ҳазил аралаш отасининг юзига тарсаки тушириб, тиржайиб туриши бора-бора табиий ҳолга айланиши мумкин. Бу кетишда кеча ўзини тасқара қиёфага солиб, кўпнинг олқишига сазовор бўлган қиз эртага ундан ҳам баттар қиёфага кириб, очиқдан очиқ ахлоқсизлик, бузуқлик тарғиботининг «маликаси»га айланиб улгуришини кўп кутмаслигимиз аниқ. Энг ёмони, истаймизми-йўқми, улар кўрсатаётган бундай беўхшов томошалар бутун оммага осонгина тарқаб кетмоқда…
«Биз кимларнинг авлоди эдик», «қаёққа қараб кетяпмиз», «нега бу ҳолга тушдик» қабилидаги «оҳ-воҳ»лаш усуллари билан «тик-ток аҳли»ни лойқа кўлмакдан чиқариб бўлмаслигини кўпчилигимиз яхши биламиз. Бугун «тик-ток» шарофати билан қалби қаттиқлашаётганларга, шу тармоқ орқали пул ишлаб топиш илинжида ҳар кўйга тушаётганларга дунёда пул ва бойликдан ҳам муҳим яна бир туйғу борлигини англата олсаккина муз юрак­лар эрийди.
Ҳаммамиз кўрган бир эртакда қор маликасининг каромати туфайли юраги музлаб қолган болакайни бувижониси иссиқ чой ва меҳри билан асл ҳолига қайтаришга эришади. Нима деб ўйлайсиз, наҳотки, юрт зиёлилари бирлашиб, битта бувижон қилган ишни қила олмасак?!

Орзугул РУСТАМОВА,
«ISHONCH»

Comments are closed.