Қонун ижроси билан гўзал!

698

Президентимиз шу йил 22 апрелда имзолаган ҳамда июль ойи ниҳоясида кучга кирадиган «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун давлат бюджети маблағларидан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланиш, уларни асраб-авайлаш, турли тажовуз ва талон-торожликлардан сақлаш, айниқса, коррупцияга қарши кураш чораларини ўзида мужассам этган ҳужжатдир.

Унда давлат харидларининг асосий принциплари касбий маҳорат ва ­масъулиятлилик, асос­ланганлик, молиявий маблағлардан фойдаланишнинг оқилоналиги, тежамкорлиги ва самарадорлиги, очиқлик ва шаффофлик, рақобат ва холислик, мутаносиблик, давлат харидлари тизимининг ягоналиги ва яхлитлиги, коррупцияга йўл қўймасликдан иборат экани, бу тамойи­ллар давлат харидлари жараёнининг барча босқичларида қўлланилиши кераклиги қатъий белгилаб ­қўйилган.
Ушбу қонунга кўра, давлат харидлари субъектлари сирасига, аввало, давлат буюртмачилари ҳисоб­ланмиш давлат органлари ва муассасалари, бюджет ташкилотлари, харид қилиш тартиб-таомилларини амалга ошириш учун йўналтириладиган бюджет маблағларини олувчилар, давлат мақсадли жамғармалари, давлат корхоналари, қолаверса, корпоратив буюртмачилар, яъни устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар ҳам киритилган. Бу муҳим аҳамиятга эга қоида ҳисоб­ланади. Чунки илгари амалда бўлган қонунлар воситасида айнан давлат (бюджет) ташкилотлари томонидан амалга ошириладиган харидлар бирмунча назорат қилиб борилган бўлса ҳам, устав фондларида салмоқли миқдорда (одатда 50 фоиз ва ундан ортиқ) давлат улушлари бўлган корпоратив буюртмачилар, яъни акциядорлик жамияти, масъулияти чекланган жамият мақомига эга корхона-ташкилотлар амалга оширган харидлар давлат харидлари сирасига киритилмас ва етарлича назорат қилинмасди. Оқибатда давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказилаётганди.
Масалан, бундан ўн-ўн беш йиллар муқаддам устав фондларида салмоқли давлат улушлари бўлган турли корхоналарга, айниқса, ҳудудлардаги кўплаб «Пахта тозалаш заводи» акциядорлик жамиятларига баъзи корчалонлар томонидан эҳтиёт қисмлар ва уларга ўхшаш товарларни сунъий оширилган нархларда сотиш орқали ўзганинг, жумладан, давлатнинг мулки ноқонуний ўзлаштирилиб, талон-торож қилиниши билан боғлиқ жиноятлар кўпайиб боргани ҳеч кимга сир эмас. Янги қонунда давлат харидлари субъектлари қаторига корпоратив буюртмачилар сифатида устав фондларида давлат улушлари мавжуд бўлган корхона-ташкилотларнинг киритилгани эса келгусида шунга ўхшаш ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишга ва сони камайишига хизмат қилиши аниқ.
«Давлат харидлари тўғрисида»ги қонуннинг яна бир ижобий жиҳати шундаки, унда кўзда тутилган тартиб-қоидаларнинг аксарияти давлат харидларини амалга ошириш жараёнида коррупцияга йўл қўймасликка қаратилган. Бу мақсадни рўёбга чиқариш учун турли демократик тамойиллардан кенг ва самарали фойдаланилади. «Очиқлик ва шаффофлик принципи» алоҳида қайд этилгани ҳам бежиз эмас. Унда давлат харидларининг очиқлиги ва шаффоф­лиги тегишли давлат органларига, давлат харидлари субъектларига ва жамоатчиликка давлат харидлари тўғрисидаги ахборотдан қонунчиликда белгиланган тартибда тўлиқ, ўз вақтида, эркин ва бепул фойдаланиш имкониятини таъминлаган ҳолда уни махсус ахборот порталига жойлаштириш орқали амалга оширилиши уқтирилган.
Яна бир гап. Яқин-яқингача давлат харидларига оид масалаларни деярли барча ҳолатларда корхона ёки ташкилот раҳбари яккаҳокимлик тартибида ҳал қилиб келгани, бу суиистеъмолчилик ва талон-торожларга сабаб бўлгани кўпчиликка маълум. Эндиликда бундай салбий ҳолатга қатъий чек қўйилади. Негаки, давлат харидларини амалга ошириш учун давлат буюртмачиси бўлган корхона-ташкилот томонидан махсус коллегиал ишчи орган – харид комиссияси шакллантирилади. Унинг асосий мақсади харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчиларининг таклифларини буюртмага мувофиқлик даражаси бўйича холис баҳолашдан ва тартибга солишдан ҳамда давлат харидлари рақобатлашув усуллари орқали амалга оширилганда ғолибни (ғолибларни) танлашдан иборат бўлади.
Қонунга мувофиқ, давлат харид­ларини амалга оширадиган харид комиссиясига кенг қамровли ҳуқуқ ва ваколатлар берилган. Зеро, у харид қилиш ҳужжатларини келишиш, таклиф киритиш тартибини, ҳажмини ва уни таъминлаш шаклини, таклифларни баҳолаш мезонлари ва усулларини белгилаш, харид қилиш тартиб-таомилларининг рақобатлашув турлари ғолибини ва зарур бўлганда, захирадаги ғолибни белгилаш ёки савдони амалга ошмаган деб топиш ваколатларига эга. Бу комиссия ўз ваколати доирасида қабул қиладиган қарорлар давлат буюртмачиси ва харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчилари учун мажбурий қилиб белгиланганини ҳар қандай субъективликка қўйилган тўсиқ деб баҳоласа бўлади.
Шунингдек, қонунда давлат харид­лари иштирокчиларига бу харид­ларни ташкиллаштириш ва амалга ошириш жараёнларида ихтисослашган ташкилотларни, экспертларни, эксперт ташкилотларини жалб қилиш ҳуқуқлари кўзда тутилганини ҳам демократик тамойилларни қўллашнинг яққол кўриниши деб таснифлаш мумкин.
Юқорида эслатилганидек, қонуннинг асосий вазифаларидан бири давлат харидларини амалга оширишда коррупцион ҳолатларга барҳам беришдир. Қонунда ушбу масалага доир талай қоидалар белгиланган. Масалан, харид қилиш тартиб-таомилларини амалга оширишда давлат буюртмачисининг давлат харидлари электрон тизими оператори билан, давлат харидлари электрон тизими операторининг иштироки билан, шунингдек, давлат буюртмачисининг ғолиб аниқлангунига қадар иштирокчилар билан музокаралар олиб боришига йўл қўйилмайди.
Шунингдек, иштирокчи давлат харид­лари жараёнида давлат буюртмачиси томонидан бирор-бир хатти-ҳаракат содир этилишига, қарор қабул қилинишига ёхуд бирор-бир харид қилиш тартиб-таомили қўлланилишига таъсир ўтказиш мақсадида давлат буюртмачисининг ёки бош­­қа давлат органининг исталган ҳозирги ёки собиқ мансабдор шахсига ёки ходимига ҳар қандай шаклдаги ҳақни, ишга ёллаш тўғрисидаги таклифни ёхуд исталган бошқа қимматбаҳо ашёни ёки хизматни бевосита ёхуд билвосита таклиф қилса, берса ёки беришга розилик билдирса, у харид қилиш тартиб-таомилларида қатнашишдан четлатилади. Иштирокчи рақобатга қарши ҳаракатларни содир этган ёки қонунчиликни бузган ҳолда манфаатлар тўқнашувини келтириб чиқарган тақдирда ҳам харид қилишда қатнашиш ҳуқуқидан маҳрум этилади.
«Давлат харидлари тўғрисида»ги қонунда давлат харидлари жараёнида иштирокчилар вакиллари орасида қариндош-­уруғчилик ва ошна-оғайнигарчиликка, манфаатлар тўқнашувига, харидларни амалга оширишнинг рақобатли бўлмаган ёки рақобатни чекловчи усулларини қонунга хилоф равишда танлашга, давлат харидларини амалга оширишнинг рақобатга асосланган усулларини четлаб ўтиш мақсадида давлат харидлари ҳажмини қисмларга бўлиб ташлашга йўл қўйиб бўлмаслигига оид коррупция ҳолатларига қарши мақсадга йўналтирилган қоидалар ҳам ёрқин ифодасини топган. Ушбу қонуннинг ва давлат харидлари соҳасидаги бошқа қонунчилик ҳужжатларининг тўғри қўлланилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, Бош прокуратура, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Молия вазирлиги, Монополия­­га қарши курашиш қўмитаси зиммасига юклатилган. Ўз навбатида, мамлакатимиз фуқаролари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, расман рўйхатдан ўтказилган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишга ҳақли эканлик­лари кўрсатиб ўтилган. Уларга жамоатчилик назоратини юритиш ҳуқуқи қонун йўли билан берилгани, шубҳасиз, давлат харидларини ривожлантириш ва такомиллаштиришга кўмаклашишда, давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилишининг олдини олишда, уларни аниқлаш ҳамда давлат буюртмачиларини, ваколатли давлат органларини аниқланган қоидабузарликлар ҳақида хабардор қилишда, сирасини айтганда, соҳадаги ишлар талаб даражасида олиб борилишида катта аҳамият касб этади.
Ҳар қандай қонун ижроси билан гўзал саналади. Бунда, албатта, давлат ва жамоатчилик назорати муҳим ўрин тутади. Шу тамойиллардан келиб чиқадиган бўлсак, «Давлат харид­лари тўғрисида»ги қонун ҳам жамиятимиз тараққиётига хизмат қиладиган омил вазифасини ўташига ишончимиз комил.

Пўлат НАЗАРОВ,
ҳуқуқшунос