Муваффқият формуласи

580

ёхуд бизнес ривожи нималарга боғлиқ?

Бугунга келиб чекка ҳудудларда ҳам ишлаб чиқариш корхоналарини қуриш ва аҳоли банд­лигини таъминлаш долзарб масалага айланди. Айни шу жабҳани ривожлантириш мақсадида тадбиркорларга бир қатор қулайликлар яратилмоқда. Имкониятлардан тўғри фойдаланаётган ишбилармонлар қисқа фурсатларда ўз бизнесини ривожлантиришга муваффақ бўлмоқда ҳам.

Янгиер шаҳрида трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Elegant Fiber Textile» масъулияти чекланган жамияти ҳақида ҳам ана шундай илиқ сўзларни айтиш мумкин.
2017 йилда ҳудуддаги шимолий саноат зонасида тикув трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида фаолиятини бошлаган мазкур корхона шу давргача асосан мато ишлаб чиқариш билан шуғулланган. Албатта, сифатли матолари кўплаб хорижий тадбиркорлар томонидан ижобий баҳолангани ва харид қилингани ҳам бор гап.
Секин-аста ишлаб чиқариш қуввати ошиб борган «Elegant Fiber Textile» ­масъулияти чекланган жамияти яна бир йирик лойиҳа – умумий қиймати қарийб 1,3 миллион АҚШ долларига тенг бўлган тикув цехини барпо этишга киришди. Орадан унча кўп вақт ўтмай, кунига 10 минг дона турли текстил маҳсулотлари ишлаб чиқариладиган корхонага асос солинди. Ҳар бир ишнинг ўзига яраша машаққати бўлганидек, қурилиш ишлари, керакли ускуналарни чет элдан харид қилиш, ўрнатиш каби юмушлар осонликча кечгани йўқ.
Бу ишларни амалга оширишда ­«Микрокредитбанк» акциядорлик тижорат банкининг 750 минг АҚШ доллари миқдоридаги хорижий кредит линияси тадбиркорга катта мадад бўлди.
Ўрни келганда қайд этиш жоиз, ­«Микрокредит» томонидан ўтган йилда тадбиркорлик субъектларининг ­инвестицион лойиҳаларини молиялаштириш учун 1 519,8 миллиард сўм эквивалентида маблағ ажратилган бўлса, жорий йилнинг ўтган даврида мазкур кўрсаткич 105 та инвестицион лойиҳага хорижий валютада 698 миллиард сўм эквивалентга тўғри келмоқда.
Корхона раҳбарининг таъкидлашича, айни дамда бу ерда Италия, Туркия, Япония, Хитой давлатларидан олиб келинган энг сўнгги русумдаги техникалар ишлаб турибди. Аҳамиятли жиҳати, мазкур ускуналарнинг барчаси автоматлаштирилган бўлиб, бу ишлаб чиқариш жараёнини енгиллатибгина қолмай, ишлаб чиқариш салоҳиятини оширишга, энг нозик дид эгалари учун ҳам бежирим кийим-кечаклар ишлаб чиқариш имконини беради.
Корхона жорий йил бошида иш ­бошлаган бўлса-да, унинг сифатли, бежирим маҳсулотларига харидор тезда топила қолди. Айни дамда россиялик ва қозоғистонлик ҳамкорлар билан бир миллион долларлик маҳсулот экспорти учун шартнома имзоланган ва шу кунларда 150 дан ортиқ тикувчи мазкур буюртмани бажариш учун астойдил меҳнат қилмоқда.
Корхонанинг Янгиер шаҳрида барпо этилиши кўплаб ёшлар, айниқса, хотин-қизлар учун айни муддао бўлди. Ишчилар учун барча қулайликлар яратилган. Бепул тушлик, транспорт воситаси кабилар шулар жумласидан.
Корхона раҳбари билан суҳбатда муаммолар бор-йўқлиги ҳақида ҳам сўрадик.
– Айни кунларда ишимиз бир маромда кетяпти, – дейди корхона раҳбари Носирсаид Заҳриддин. – Буюртмалар пешма-пеш келиб турибди. Албатта, иш бор жойда камчилик бўлиши табиий. Ускуналарнинг ҳаммаси электр қуввати билан ишлайди. Электр чироғининг тез-тез ўчиши эса биз учун катта ташвиш туғдирмоқда. Агар мана шу электр таъминоти бир маромда ишласа эди, экспортга чиқарган маҳсулотларимиз янада ортган бўларди. Ҳозирда бу муаммони ҳал қилиш йўлини излаяпмиз. Ҳокимият ҳам бу борада қараб тургани йўқ.
Дарҳақиқат, чекка ҳудудларда катта ишлаб чиқариш корхоналарини барпо этишнинг яхши томонлари кўп. Масалан, бундай жойларда ҳеч қачон ишчи кучидан муаммо бўлмайди. Аммо ичимлик суви, электр, газ таъминоти кабилар борки, уларнинг ечими барча учун бирдек долзарбдир.
Дарвоқе, корхона ишчилари билан суҳбатда билдикки, улар ўз ишидан мамнун. Тадбиркор эса банк мададидан хурсанд. Лекин таъминот масаласи… Демак, жадал тараққиёт учун барча жиҳатлар баравар ишлаши шарт.

Дилафрўза ҲАМДАМОВА