Мудроқ қалбларга даъват

751

Очиғини айтсам, мен шу кунга қадар Президент Шавкат Мирзиёев юрт равнақи, миллат келажаги йўлида амалга ошираётган ҳамма ишларни яхши биламан, зарур пайтда баҳоли қудрат ўз муносабатимни билдира оламан, деб ўйлардим. Аммо Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, таниқли сиёсатшунос Қудратилла Рафиқовнинг «Ishonch» газетасида чоп этилган «Миллатпарвар» мақоласини ўқигач, фикрларим янада бойиганини ҳис қилдим.

Ўтмишда юнон файласуфи Суқротдан «Шунча китоб ўқиб нимани билдингиз?», дея сўрашганида, у «Ҳеч нарсани билмаслигимни билдим!», деб жавоб берган экан. «Миллатпарвар» мақоласи ҳам мени билганларимдан билмаганларим кўплигига ишонтирди. Унда ­Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатида иш бошлаши биланоқ давлатнинг жамиятга, одамларга нисбатан муносабати яхши томонга кескин ўзгаргани ортиқча дабдабаларсиз, аниқ мисоллар, тарихий ­воқеа-ҳодисалар ҳамда уларни ўзаро қиёслаш орқали очиб берилган.
Шу ўринда мақоланинг ўзим учун энг муҳим саналган жиҳатига тўхталиб ўтсам. Муаллиф тилга олган Вьетнам уруши фожиаси – Осиёнинг тинчгина яшаб келаётган меҳнаткаш бир халқини 90 минг тонна гербицид ёрдамида қириб ташлашга киришилгани, ғараз мақсадда ушбу мамлакат табиати ҳам издан чиқариб юборилгани мени бутунлай карахт қилиб қўйди. Кейин ўйлаб қолдим: 90 минг тонна гербицид битта мамлакат халқига ва табиатига шунча қирғин келтирган бўлса, Ўзбекис­тон халқининг сабр-бардошига, матонатига, иродасига қойил қолсак, шўролар замонида шафқатсизларча топталганига қарамай, табиатимиз гуллаб-яшнаб тургани учун ҳар қанча ­шукроналар келтирсак, арзийди. Негаки, бизда пахта етиштириш асноси заҳарли гербицид эллик-олтмиш йил давомида Вьетнамдагидан бир неча юз баравар кўп ишлатилган. Шунинг учун ҳам аёлларимиз тобора камқон, фарзанд­ларимиз нимжон, ота-оналаримиз касалманд бўлиб бораверган. Бу қанчалар даҳшатли фожиа эканини кўпчилик билмаган, билганлар сукут сақлашга мажбур бўлган. Президент Шавкат ­Мирзиёев эса аввал-бошданоқ пахта экишни кескин қисқартириш тарафдори бўлди ва халқимизни турли азоб-уқубатлардан қутқариб қолди.
Мақолада қуйидаги жумлаларни ҳам ўқиймиз: «Яқинда матбуотда Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманида яшовчи Насиба Атамуродованинг Президентга ёзган мактуби эълон қилинди. Ўз мактубида у Юртбошимизга шундай мурожаат қилади: «Ижозат берсангиз, Сизга бир фарзанд ўз отасига ҳурматини изҳор этгандай мурожаат қилсам. Зотан, Сиз менга отам, туғишганларим қилолмаган яхшиликни, беролмаган меҳрни бердингиз. Ҳаётга, яшашга бўлган қарашларимни ўзгартирдингиз. Мен энди ҳечам қўрқмай яшайман. Биламанки, мен ташлаб қўйилмаганман, ортимизда Сиздек суянчимиз ва меҳрибонимиз бор».
Шавкат Мирзиеёв давлат раҳбари бўлгунга қадар эътибордан четда қолган бундай аёллар, оилалар сони кўпайса кўпайганки, камаймаган. ­Кейин-чи?..
Қудратилла Рафиқов ало­ҳида таъкидлаганидек, Президент ташаббуси билан қисқа фурсатда 432 минг 781 нафар хотин-қиз «Аёллар дафтари»га киритилди. Улардан 56,9 фоизининг муаммолари тезлик билан ҳал этилди. Ишсиз қолган 208 минг 975 нафар опа-сингилларимизнинг банд­лиги таъминланди. Бундан ташқари, зориқиб яшашдан, адолат излашдан тўйиб кетган қанчадан-қанча аёлларимиз бахтиёр ҳаётга қайтарилди. Бу аслида элнинг корига яраш, миллатнинг букилган қаддини тиклаш, деганидир.
Ишончим комилки, «Миллатпарвар» мақоласи мудроқ қалбларни уйғотишга хизмат қилади. «Сенга нима, менга нима?» қабилида ишлашга ўрганиб қолган баъзи замондош­ларимизни ўз виждони ва меҳнаткаш халқимиз олдида жавоб беришга ундайди. Миллат дарди билан яшаш том маънода улкан саодат эканини англатади.
Матбуотда бундай мақолаларнинг тез-тез ёритилиши эса жамиятимиз янада равнақ топишига хизмат қилади.

Назира ТОҒАЕВА,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Навоий вилояти кенгаши раҳбари