Халқни деб яшаш — энг буюк бахт! «Миллатпарвар» мақоласини ўқиб…

700

Мен оддий инсонлар билан тез-тез учрашиб, уларнинг дардига қулоқ тутишдан ва мавжуд муаммоларни ижобий ҳал этишдан чарчамайдиган ­Шавкат Мирзиёевни ўз халқидан куч-қувват олувчи давлат раҳбари деб биламан. Олий Мажлис Сенати аъзоси, сиёсатшунос ­Қудратилла Рафиқовнинг яқинда «Ishonch» газетасида чоп этилган «Миллатпарвар» сарлавҳали мақоласини ўқигач, бу хулосам янада қатъийлашди.

Мақолани ўқир эканман, ўзим бевосита гувоҳ бўлган айрим воқеа­лар ёдимга тушди. Ўзбекистон Фанлар академиясининг Иқтисодиёт илмий текшириш институтида ишлаётган кезларим эди. 1990 йили Ўзбекистон Рес­публикаси Олий Мажлисига сайловлар бўлиб ўтди. Унда мен Мирзо Улуғбек туманидаги «Академиклар шаҳарчаси» сайлов участкаси фаоли сифатида қатнашиб, жаҳон андозаларига мос илк муқобил сайлов жараёнининг гувоҳи бўлдим.
Олий Мажлис депутатлигига номзоди қўйилганлардан бири Тошкент қишлоқ хўжалигини ирригациялаш ва механизациялаш муҳандислари институтининг иқтидорли ёш олими Шавкат Мирзиёев эди. Келинойим – меҳнат фахрийси, физика-математика фанлари номзоди, доцент Маъмура Таштанова худди шу институт олимаси эди. Бир сафар ўзаро суҳбатимиз чоғи у Шавкат Мирзиёев ҳақида илиқ фикрлар билдирди. ва беихтиёр бу инсонга нисбатан ишончим ва ҳурматим ошди.
Шавкат Миромонович Олий Мажлис депутати этиб сайлангач, Мандат комиссияси Раиси сифатида фаоллик кўрсатган. Мен бу ҳақда у билан анча йиллар бирга меҳнат қилган кичик акам – таниқли публицист ва шоир Маҳмудхон Тоировдан кўп эшитганман.
Меҳнат вазирлигида бош иқтисодчи бўлиб ишлаётганимда эса Шавкат Мирзиёев Мирзо Улуғбек тумани ҳокими эди. У кишининг бевосита раҳбарлиги ва кўмагида ушбу туманда республикада биринчи бўлиб, бозор иқтисодиётига хос меҳнат биржаси очилганидан хабардор эдим. Кўп ўтмай вазиримиз Оқилжон Обидовнинг вафот этган қизи хотирасига Мус­тақиллик майдонидаги собиқ 1-кафеда эҳсон дастурхони ёзилди. Мен ўшанда Шавкат Миромонович билан илк бор юзма-юз келдим.
Иккинчи учрашувимиз анча кейин таниқли давлат арбоби, собиқ Бош вазир Ўткир Султонов таваллудининг 70 йиллиги шарафига «Нур» тўйхонасида ташкиллаштирилган тантана чоғида бўлди. Бу пайтда Шавкат Миромонович Бош вазир эди. Кейинчалик Ўткир Султоновнинг вафоти муносабати билан ўтказилган маъракада давлат раҳбари сифатида қатнашиб, устоз хотирасига катта ҳурмат кўрсатди. Шунинг­дек, 2016 йил 12 ноябрда Ўзбекис­тон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Ориповни хотирлаш маросимига ҳам ташриф буюрди.
Ана шундай тадбирлар жараёнида мен Шавкат Мирзиёев ўзига хос инсоний фазилатлар соҳиби эканлигини, устозларни беҳад ҳурмат қилишини, марҳумлар хотирасини ­эъзозлашини теран англаб етганман. Айниқса, кексаларимиз саломатлигини мус­таҳкамлаш, уларнинг умрини узайтириш борасида алоҳида ғамхўрлик кўрсатишига қатъий ишонч ҳосил қилганман.
Дарвоқе, шу ўринда юртимизда Президентимиз бошчилигида пенсионерларнинг жамият бошқарувидаги ўрни ва ролини оширишга оид кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилаётгани ҳақида алоҳида тўхталиб ўтишни жоиз деб топдим.
Мен 2018 йил 1 майда 60 ёшга тўлдим ва 43 йиллик меҳнат стажи билан Марказий банк тизимидан пенсияга чиқадиган бўлдим. Пенсия жамғармасидаги инспектор қиз ҳужжатларимни кўздан кечириб, «Сизга пенсия тайинланиши осон бўлади. Чунки ҳозир ҳам мавжуд давлат муассасаларида ишлаган экансиз. Сизни 1-даражали меҳнат фахрийлари сафига қўшилаётганингиз билан табриклайман», деди.
Ёки бошқа мисол. Ёдингизда бўлса, яқин-яқингача пенсияга чиққандан кейин ҳам ишлаётган киши ўзига тайинланган пулнинг 50 фоизини оларди. Бу эса ҳали ишлаш истагида бўлган аксарият кексаларнинг ҳафсаласини пир қиларди. Энг ёмони, улардан айримларининг пинҳона фаолият юритишига сабабчи бўларди. Аниқроғи, бу шахслар бошқалар номидан ишлаб, ҳақини ўзлари олишар, уларга эса ноқонуний равишда меҳнат стажи ёзилиши учун имкон яратишарди.
Бунга ўхшаш нохуш ҳолатлар Президентимиз томонидан ижобий ҳал этилди ва меҳнат билан банд пенсионерларга 2019 йил 1 январдан эътиборан пенсия пуллари тўлиқ тўлана бошланди. Натижада кекса ёшдаги кишилар малакали ва тажрибали мутахассислар талаб қилинган соҳаларда ишлашни эмин-эркин давом эттириб, мамлакатимиз равнақига ҳисса қўша бошладилар.
Ўша йили жорий этилган қуйидаги ўзгаришлар ҳам пенсияни тўлиқ миқдорда олиб ишлаётганлар учун айни муддао бўлди. Аввало, муқаддам жисмоний ­шахслар даромадларидан олинадиган солиқ мураккаб дифференциацияланган ҳолда ҳисоб-китоб қилинган бўлса, кейинчалик бу муаммо дунё стандартлари асосида ижобий ҳал этилиб, иш ҳақининг тўлиқ қиймати қанчалигидан қатъи назар, ундан бир хил, яъни 12 фоиз миқдорида даромад солиғи олинадиган бўлди. Натижада иш ҳақини ҳисоблаш соддалаштирилди ва шаффофлиги ошди. Шунингдек, пенсияни ҳисоблаб чиқаришда ишлатиладиган лимит кўрсаткичи 8 баравар миқдордан 10 баравар миқдорга кўтарилди. Мазкур ҳисоб-китоблар ­республикамизда барча пенсионерларга нисбатан татбиқ этилиб, ижтимоий адолат тамойили тўлиқ таъминланди.
Мен юқорида баён этилган фикрлардан келиб чиқиб, пенсионерлар қуйидагиларни кундалик ҳаёт тарзларига айлантиришлари зарур деб ҳисоблайман:
биринчидан, ўз соғлиқлари ёмонлашувига асло йўл қўймасликлари, бунинг учун доимо ҳаракатда бўлишлари лозим. Бинобарин, халқимизнинг «Ҳаракатда – баракат», «Соғ танда – соғлом ақл» деган нақлларини унутмасликлари, «Қарилик – хасталик» деган гапни эса хаёлларига ҳам келтирмасликлари керак;
иккинчидан, «Бешикдан то қабргача илм изла» деган ҳикматга ҳамиша қатъий риоя қилиб, касб малакалари ва билим савияларини узлуксиз ошириб бориш­лари даркор;
учинчидан, «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да келажагимиз ворисларига ҳар томонлама ўрнак бўлиб, Ўзбекис­тонда янги уйғониш – Учинчи Ренессанс даври пойдеворини бунёд этишда ва мус­таҳкамлашда фаоллик кўрсатишлари жоиз.

Фозилхон ТОИРОВ,
«Hi-Tech Bank» ХАТБ
касаба уюшма қўмитаси
раиси