Эврилишлар даври

173

ёхуд кечаги ва бугунги кунларга бир назар

1986 йилнинг ноябрида КПСС Марказқўми Бош котиби Михаил Горбачев расмий ташриф билан Ҳиндистонга кетаётиб Тошкентда тўхтаб ўтади. Қисқа учрашув чоғида республика раҳбарларига гўёки Ўзбекистонда диний маҳдудлик, бидъат ва хурофотга берилиш авж олганини эслатади. Пировардида, «Диний маросимларга қарши қатъий ва муросасиз кураш олиб бориш, атеистик пропагандани кучайтириш зарур, бу ишда ҳеч қандай муросасозликка йўл қўйиб бўлмайди», деб топшириқ беради.

Ўшанда мен «Совет Ўзбекистони», журналистлар тили билан айтганда, «отахон газета» котибиятида ишлардим. Бош муҳарриримиз зудлик билан бажариш учун мухбирларга топшириқлар берди. Шу асосда газетамизнинг навбатдаги сонида Тошкентдаги заводнинг «Эълонлар доскаси»га ўша корхона раҳбарларидан бирининг яқини вафот этгани билан ўтказилажак амру маъруфга таклиф этувчи «эълон» осилгани ҳақида танқидий мақола чоп этилди. Кўп ўтмай корхона партия ташкилотининг котиби ишдан олиниб, партия сафидан ўчирилди. Мақола эса ҳамкасбларимиз орасида тезкорлик ва юксак журналистик маҳорат билан ёзилган, дея баҳоланди…
Яна бир воқеа. Ўша кезлар Бош котиб М.Горбачёвдан махсус топшириқ олган Ўзбекистон Компартияси Марказқўми раҳбарларидан бирининг акаси оламдан ўтади. Андижоннинг Бўз туманидаги Бурхониддин Марғиноний жоме масжидига узоқ йиллар имомлик қилган шоиртабиат Аҳадқори ака ҳам дўстлари ҳамроҳлигида марҳумнинг оила аъзоларига таъзия билдириш учун хонадонга келади. Шу асно ўзи гувоҳ бўлган ҳолатлар ҳақида у ­кейинчалик шундай деган эди:
– Туман тушган, ҳаво совуқ. Хонадонда одамлар кўп экан. Икки киши бизга пешвоз чиқиб, «Қори ака, бу ерда Қуръон ўқилмайди», деди. «Нега?», деб сўрагандим, «кузатувчилар бор» дегандай ишора қилиб, «Шундай кириб, шундай чиқиб кетасизлар», деди. Ичкарига кирсак, марҳумнинг катталаштирилган сурати тўрга осилган, тагидаги болишчаларга унинг орденлари қадаб қўйилган экан. Лекин ўтириш учун ўриндиқ йўқ. Мезбонлар «Буёқдан юринглар, уёқдан юринглар, қаранглар, қаранглар», деб туришибди. Биз ҳам «Худо раҳмат қилсин!», деганча секин ўтиб кетавердик. Танишларимдан бири ­четроқдаги омборхонага бошлади. У ерда кекса ёшли икки нафар отахон ўтирган экан. Марҳумнинг руҳига бағиш­лаб паст овозда «Ихлос» сурасини бир марта ўқиб, чиқиб кетавердим. Майитни қаб­ристонга элтганимизда эса мақомчилар куйлаган қўшиқлар овоз кучайтиргичлардан «янграб» турарди.
Замона зайлини қарангки, ҳозирги даврни 35-40 йил олдинги кунларга ҳечам таққослаб бўлмайди. Диний маросимлар бемалол адо этиляпти. Жаҳонга кўз-кўз қилсак, арзигулик масжиду мақбаралар жуда кўп.
Андижонлик курсдошим Дилшод Мўминов менга бундан-да даҳшатлироқ воқеани сўзлаб берганди:
– Хўжаобод туманида жойлашган Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги мактабга бири сафар Ўзбекистон Компартиясининг раҳбарларидан бири ташриф буюради. Мактаб директори Ғуломжон Тожибоев қўлида нон ва туз билан унга пешвоз чиқиб, «Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги ўрта мактабга хуш келибсиз!» дейди. Раҳбар шу заҳотиёқ уни тўхтатиб, «Бобур хоин бўлган, хоин бўлмаганида Андижонни ташлаб кетмасди. Республика Фанлар академиясига топшириқ бердим, ҳозир шу масалани ўрганишмоқда», дейди. Қарабсизки, мактабнинг барча ўқитувчию ўқувчилари саф тортган тантанали маросим ҳали бошланмай туриб, мотамга айланади…
Юқорида ўқиганларингиз мустабид тузум ҳукмронлиги даврида рўй берган мудҳиш воқеа-ҳодисалардан айримлари холос…
Хайриятки, замон ўзгарди, дунё­­қарашлар ўзгарди. Шавкат ­Мирзиёев Президент бўлгач, халқаро миқёсда ­эътироф этилган кўплаб ислоҳотлар амалга оширилди. Аввало, пахта яккаҳокимлиги тугатилиб, аёлларни оғир ва хатарли меҳнатга жалб этишга чек қўйилди, болалар оғир ва мажбурий меҳнатдан озод қилинди,
Ёпиқ сиёсат туфайли асрлар оша қўни-қўшни ва қуда-анда бўлиб, аҳил-­иноқ яшаб келган қардошлар юзкўрмас бўлиб кетишларига оз қолганди. Бу сиёсат ­жабрини ўзим ҳам татиб кўрганман. Чунки мен Қирғизистоннинг Ўш вилояти, Аравон туманида туғилиб ўсганман. Тошкент Давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультетини битиргач, шу шаҳарда яшаб қолдим. Хуллас, қирқ икки йилдирки, Тошкентда истиқомат қиламан.
2010 йилгача онам раҳматли узоқ давом этган оғир хасталикни бошидан кечирди. Афсус, минг афсус, Қирғизистонга ўтишга рухсат йўқлиги туфайли онамни кўргани боролмадим. Вафот этганида эса жанозасига аранг улгурдим. Чегарачиларга ялиниб-ёлвориб, Аравонга ўтдим. Волидамни сўнгги йўлга кузатиб, ўша куниёқ яна Тошкентга қайтдим.
Кейин-чи?..
Шавкат Мирзиёевнинг инсонпарварлик сиёсати шарофати ўлароқ, қўшни давлатлар билан чегаралар очилганида, мен ҳам роса қувондим. Охирги пайтларда эса киндик қоним томган юртга бемалол бориб, ота-онам қабрларини зиёрат қиляпман, қариндош-уруғларим билан дийдорлашиб келяпман.
Сиёсатшунос олим Қудратилла ­Рафиқовнинг хотирлашича, ­Шавкат ­Мирзиёев Жиззах вилоятига ҳоким бўлган даврда ўтмишимиз, халқимиз тарихи ва миллатимиз шаънини таҳқирловчи руҳда ёзилган мақолани ўқиб, жуда қаттиқ ранжиган экан. «Бизнинг қандай миллат эканимиз, боболаримиз нималарга қодир бўлганига тарих гувоҳ. Ўзбек халқини таҳқирлашга, номини қора қилишга ҳеч кимга ҳуқуқ берилмаган», деган экан. Булар қалби ғурурга тўла, миллат шаъни учун қалқон бўлишга қодир мард инсоннинг юрак-юрагидан отилиб чиққан чин сўзлардир.

Муҳими, бугунги кунда буюк инсонпарвар ва миллатпарвар, том маънодаги миллат лидерининг эзгу ислоҳотлари Янги Ўзбекистон тарихи саҳифаларига зарҳал ҳарфлар билан битилмоқда.

Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,
Республика «Тасвирий ойина» ижодий
уюшмаси бошқаруви
раиси ўринбосари