Ушалаётган орзулар

216

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти кенгаши ташаббуси билан Фарғона шаҳри «Жўйдам» маҳалласида «Фарғона касаба ўқув-ишлаб чиқариш маркази» масъулияти чекланган жамияти фаолияти йўлга қўйилди. Натижада «Аёллар дафтари»га киритилган 100 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди.

– Очиғи, маҳалламизда 100 киши ишлайдиган тикувчилик цехининг ишга туширилиши бир мўъжизадек бўлди, – дейди «Жўйдам» МФЙ раиси Дилшод Юсупов.
…Муаззам Назирова замонавий тикувчилик корхонасида иш бошлаганидан бағоят хурсанд.
– Шу пайтгача тайинли иш топа олмай қийналиб юргандим, – дейди у. – Аксига олиб, яхши иш топсам, масофаси узоқлик қиларди. Қарангки, ўзим яшаб турган маҳаллада катта тикувчилик цехи ишга тушди. Қолаверса, «Аёллар дафтари»да турганим ҳам қўл келди. Ўзимга мос ишга жойлашганимдан мамнунман.
Коллежни тамомлаб, ишсиз юрган Фарангиз Аҳматова учун марказнинг ишга тушиши кутилмаган янгилик бўлди. Энди у ҳунар эгаллаб, шу ерда ишлаши мумкин.
– «Фарғона касаба ўқув-ишлаб чиқариш маркази»га тикувчилик ҳунарини ўрганиш учун келдим, – дейди у. – Таж­рибали тикувчилар матоларни танлаш, қайси мавсумда қандай матоларга эътибор қаратиш, қайчилардан фойдаланиш, тикув дастгоҳларини бошқариш бўйича маҳорат дарсларини ўтишди. Насиб этса, моҳир тикувчи бўлиб, шу ерда ишламоқчиман.
– Марказнинг илк иш кунида буюртмачилардан 7 минг дона футболка буюртма қабул қилдик, – дейди марказ иш юритувчиси Зиёда Носирова. – Бу ерда мавсумга қараб болалар, эркаклар ва аёллар кийимларини тайёрлаймиз. Шу билан бирга, ҳунар эгаллаш истагидаги хотин-қизларга кўмаклашамиз. Тикувчиликни ўзлаштиришгач, уларни ишга оламиз. Бунинг учун бу ерда барча шароит муҳайё.
Айтиш жоизки, «Жўйдам» маҳалла фуқаролар йиғинидаги бўш бинога 400 миллион сўмга яқин маблағ жалб қилинди. Бино тўлиқ капитал таъмирдан чиқарилиб, аёлларни касб-ҳунарга ўқитиш ва ишлаб чиқариш фаолиятини ташкил этиш учун зарурий жиҳозлар билан таъминланди.

Жамшид ЭРГАШЕВ,
«ISHONCH»