Кўнгилларни мунаввар айлаб…

355

Фарғона вилоятида «Аёллар дафтари»га киритилган 100 нафарга яқин хотин-қиз икки кун мобайнида Самарқанд вилоятининг диққатга сазовор жойлари билан танишди.

Марғилонлик 83 ёшли Дурдона ая Мадалиева умрининг қарийб қирқ йилини атлас ишлаб чиқаришга бағишлаган. Ишчи гуруҳ уни ҳам «Аёллар дафтари»га қайд этган эди. Онахонга «бир Самарқандни айланиб келинг», деган таклиф жуда маъқул тушди.
– Бу ёшда уйдан чиқишнинг ўзи бир мушкул, – дейди онахон. – «Юрган дарё, ўтирган бўйра», деганларидек кўрганларимиз тасаввур қилганимиздан ҳам зиёда бўлди. Шу ёшда биз кексаларни ардоқлаб, саёҳатга олиб чиққан ташкилотчиларга раҳмат!
Саксон икки ёшли Мамлакат Умарова ҳам иккиланиб йўлга отланганлигини айтди.
– «Афросиёб»да қандай келганимизни билмай қолдик, – дейди у. – Саратон жазирамасини сезмадик. Рости, умримда меҳмонхонада тунамаган эдим. «Регистон» меҳмонхонасидаги шароитни кўриб, ҳайратда қолдим. Қўлимиз дуода. Мендек бир муштипар аёлга эътибор қилган Президентимизнинг умрлари узоқ бўлсин!
– Беш нафар қизим бор. Оилавий шароит тақозоси туфайли «Аёллар дафтари»га тушиб қолдик, – дейди сўхлик Ижобат Мўминбекова. – Давлатимизга минг раҳмат. Ҳеч ким эътибордан четда қолмаётир.
Саёҳатчилар «Касаба сайр» сайёҳлик ташкилоти режаси асосида ҳудуддаги барча масканлар билан танишиш имконига эга бўлишди. Улар муборак зиёратлар руҳий тетиклик бағишлаганини изҳор этишди.

Нурилла ШАМСИЕВ,
«ISHONCH»