Уч нафар енгил атлетикачимиз Олимпиада нормативини бажарди

263

Шу кунларда Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида Олимпиада чемпиони Татьяна Колпакова соврини учун халқаро мусобақа бўлиб ўтмоқда. Ушбу мусобақа Токио-2020 Олимпиадасига рейтинг берувчи мусобақалар тоифасига киради.

Қувонарлиси, ушбу турнирда ҳамюртимиз Даря Резниченко узунликка сакраш мусобақаларида Токио-2020 нормативини бажарди. У ушбу йўналишда 6 метру 83 сантиметр натижа қайд этди. Бу Токио-2020 нормативидан 1 см.га юқори кўрсаткич саналади.

Маълумот учун: Даря Резниченко ушбу натижа билан очиқ ҳаводаги Ўзбекистон рекордини 2 см.га, ёпиқ иншоотлардаги мамлакат рекордини эса 1 см.га янгилади.

Шунингдек, мазкур халқаро турнирнинг уч ҳатлаб сакраш дастурида иштирок этган икки ҳамюртимиз ҳам Токио-2020 нормативларини бажаришга муваффақ бўлди.

Жумладан, Осиё чемпиони, қолаверса Осиё ўйинлари совриндори, ҳамюртимиз Руслан Курбанов ўз чиқишида 17.17 метр натижа қайд этди. Бу Олимпиада нормативидан 3 см юқори кўрсаткичдир.

Қизлар ўртасидаги мусобақаларда Роксана Худоёрова нормативдан 4 см юқори натижа, яъни 14.36 метрга сакради.

Эслатиб ўтамиз, бунгача енгил атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидан баландликка сакраш баҳсларида Светлана Радзивил ҳамда Сафина Саъдуллаева, босқон улоқтиришда Суҳроб Хўжаев Олимпиада нормативларини бажаришган эди.