Ёшлар парламенти аъзолари учун сиёсий ўқувлар ташкил этилди

662

Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академияси, Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари учун ўқув-семинарлари ташкил этилди.

Ушбу ўқув-семинарларни ўтказишдан бош мақсад Ёшлар парламенти аъзоларининг қонунчилик жараёни, парламент фаолияти, ҳуқуқий ва сиёсий маданияти билан боғлиқ кўникмаларини ривожлантиришдир. Шунингдек, Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурган Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияни қабул қилиш билан боғлиқ ташаббуслари ва ушбу халқаро ҳужжатни дунё ёшлари орасида кенг тарғиб қилиш масалалари мазкур ўқув семинарининг асосий мавзуларидан бири бўлди.

Замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан, илғор педагогик ва инновацион технологиялардан фойдаланган ҳолда интерфаол усуллар воситасида 3 кун давом этган ўқув-семинарда 250 нафар Ёшлар парламенти аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Давлат бошқарув академиясининг профессор-ўқитувчилари, Ёшлар ишлари агентлиги ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Ўқув семинар машғулотлари муайян масалаларга қаратилган бўлиб, ёшларни қонун ижодкорлиги жараёнининг тушунчаси ва моҳияти билан таништириш, парламент назорати ва дипломатик этикет мазмунини аниқ мисоллар, тақдимотлар, баҳс-мунозара орқали амалга оширилди. Шу билан бирга, БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциянинг мазмун моҳияти ва унинг бугунги кундаги глобал аҳамияти ҳақида маълумот берилди.

Тадбир доирасида ёшлар учун “Team building – жамоа билан ишлаш технологияси ва жамоани бошқариш қобилияти» мавзуларида семинар-тренинглар бўлиб ўтди. Бу мавзулар ёшларнинг ташкилотчилик, етакчилик, раҳбарлик қобилиятларини мустаҳкамлашга, янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

Шунингдек, семинар давомида сиёсий партияларнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини ўрганиш доирасида уларнинг тарихи, турлари ва жамият ривожланишида тутган ўрни, кўппартиявийлик тизими, сиёсий партияларнинг дастурий мақсадлари ва ўзаро фарқи, сиёсий платформа, электорат билан ишлаш ва уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш механизмлари каби масалаларга эътибор қаратилди.

Ёшлар парламенти аъзолари билиши шарт бўлган масалалардан бири сайлов жараёни бўлганлигини инобатга олиб, семинар ташкилотчилари томонидан ёшлар учун сайлов тизими ва принциплари, сайлов қонунчилиги, Сайлов кодексига киритилган ўзгартиш ҳамда қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти, сайлов жараёни ва унинг босқичлари, сайловолди ташвиқоти ҳамда уни амалга оширишнинг шакллари ва усуллари, кузатувчиларнинг ва сиёсий партиялар ваколатли вакилларининг ҳуқуқий мақоми каби масалалар юзасидан маърузалар қилинди.

Давлат бошқаруви академиясининг етакчи профессор-ўқитувчилари томонидан ўтказиладиган ўқув семинарлар «Ёшлар парламенти» аъзолари учун ҳақиқий тажриба мактабига айланди.

Ўқув семинарда ўз фикр-мулоҳазалари, таклифлари билан фаол иштирок этган Ёшлар парламенти аъзоларига сертификатлар топширилди.