Мева-сабзавот ва гўшт маҳсулотлари нархи барқарорлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди

487

Бош вазир ўринбосари – Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров раҳбарлигида шу масала юзасидан фермер хўжаликлари, экспортёрлар, деҳқон бозорлари раҳбарларининг таклифлари билан ўртоқлашиш мақсадида очиқ давра суҳбати ўтказилди.

Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати маълум қилди.

Хусусан, бугунги кунда нархи пасайиши сабабли қатор муҳокамаларга сабаб бўлаётган пиёз масаласи муҳокама қилинди.

Сўнги 3 йилда пиёз экспорти ҳажми 7,6 баробарга ошиб, 2012 йилдаги — 28,6 минг тоннадан, 2020 йилда 216,2 минг тоннага етган.

Лекин шунга қарамай пиёз экспорти уни ишлаб чиқариш ҳажмига нисбатан пастлигича қолмоқда, жумладан, 2020 йилда қилинган экспорт, етиштирилган пиёзга нисбатан 17,2 фоизни ташкил қилган.

Ички ва ташқи бозорни мева-сабзавот ва гўшт маҳсулотлари билан барқарор таъминлашда энг асосий муаммо бу ишлаб чиқарувчилар ва харидорлар ўртасида онлайн маълумот алмашувининг мавжуд эмаслиги қайд этилди.

Берилган таклифлардан келиб чиқиб бир ой ичида Тошкент шаҳридаги «Тошкент қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари улгуржи бозори» ҳамда «Эски Жува деҳқон бозори» акциядорлик жамиятларида тажриба тариқасида бозор ҳудудига кунлик кириб келган мева-сабзавот ва гўшт маҳсулотлари тури, миқдори, уларнинг энг қуйи ва энг юқори нархи ва қайси ҳудуддан олиб келинганини ўз ичига олган дастурий таъминот ишлаб чиқилиши белгиланди.

Ушбу программа орқали бозор ҳудудига кунлик келган мева-сабзавот ва гўшт маҳсулотлари тури, миқдори, уларнинг нархи тўғрисидаги маълумотлар ОАВда доимий эълон қилиб борилиши режалаштирилмоқда.