Сергелида атроф-муҳит ва аҳолига салбий таъсир кўрсатаётган корхона фаолияти назоратга олинди

261

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқлар орқали Тошкент шаҳрининг Сергели туманида жойлашган «Ўзиккиламчиранглиметалл» АЖнинг фаолияти натижасида атроф-муҳитга ҳамда аҳолига етказилаётган салбий таъсири кўплаб эътирозларга сабаб бўлмоқда. Давлат экология қўмитаси ушбу ҳолат бўйича расмий баёнот берди.

«Жорий йилнинг 14 июнь куни Давлат экология қўмитаси раҳбарияти ҳамда қўмитанинг масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳ бевосита ҳолатни жойига чиқиб ўрганиш мақсадида «Ўзиккиламчиранглиметалл» АЖда бўлди. Ўрганиш давомида ушбу заводда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича амалга оширилаётган тадбирлар ва уларнинг натижадорлиги муҳокама қилинди.

Жамият томонидан 2019-2021 йиллар учун экологик ҳолатни яхшилаш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган бўлиб, унга кўра, қўрғошин ва алюмин қуймаларини ишлаб чиқариш, мисни қайта ишлаш ва ундан маҳсулотлар тайёрлаш, рангли металларнинг резги чиқиндиларини бирламчи қайта ишлаш цехларида ҳаво алмаштириш тизимини тўлиқ модернизация қилиш ҳамда чанг-газ тозалаш ускуналарини ўрнатиш белгиланган.

Ўрганиш давомида, шунингдек жамият раҳбариятига атроф-муҳитга етказилаётган таъсирларнинг олдини олиш юзасидан қисқа муддатларда қуйидаги қўшимча тадбирларни амалга ошириш бўйича кўрсатмалар берилди:

корхонада чанг-газларни тутиб қолиш самарадорлигини янада ошириш мақсадида рангли металлга ишлов бериш цехида самарадорлиги 99,5 фоиздан паст бўлмаган чанг-газларни тутиб қолувчи ускуна ўрнатиш ҳамда ҳаво алмаштириш тизимини тўлиқ модернизация қилиш;

мавжуд чанг-газ тутиб қолиш ускуналарини тозалаш самарадорлиги 95,0 фоиздан паст бўлмаганларига алмаштириш;

атмосфера ҳавосига ташланмаларни автоматик таҳлил қилувчи ускуналар ҳамда жамиятга туташ ҳудудларда стационар кузатув пунктлари билан жиҳозлаш.

Жамиятнинг атроф-муҳитга таъсири Қўмита томонидан доимий назоратга олинган» дейилади хабарда.