«Қарабтеп» халқ ўйини бизга керакми? 

642

Кейинги вақтларда ижтимоий тармоқлар орқали «Қарабтеп» халқ ўйини ҳақида турфа чиқишлар, уни оммалаштириш борасидаги саъй-ҳаракатлар устидан очиқчасига кулиш ҳолатлари кузатилмоқда. Туризм ва спорт вазирлиги томонидан қуйида мутахассиснинг «Қарабтеп» халқ ўйини ҳақидаги фикр-мулоҳазалари берилди

У.Сидиков, Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси
маркази директори, тиббиёт фанлари номзоди:

— «Қарабтеп» халқ ўйини нафақат инсон организмининг ҳаракат тизим, балки бошқа тизимларни ҳам, яъни оёқларнинг мушак пай ва бўғим аппарати, қорин олд девори мушакларини ривожлантиради. Доимий машғулотлар организмнинг юрак қон-томир ва нафас олиш тизимларини мустаҳкамлайди: липидларнинг перекис оксидланиш тизими мувозанатини тиклаб, организм тўқима ва аъзоларида антиоксидант ҳимояни таъминлайди.

Кўзларимиз табиатан шундай яралган аъзоки, у узоқ ва яқиндан кўриш ҳолатига мослашишдек ажойиб қобилиятга эга. Кўз аккомодацияси – кўздан турли масофада жойлашган буюмларни аниқ кўришга мослашишдир. Кўз аккомодацияси физиологик механизми кўзнинг киприксимон мушак толалари қисқарганда гавҳарни киприксимон танага бириктириб турган синн бойламлари бўшашади. Бунда гавҳар қобиғи таранглиги камаяди ва у ўзининг эластиклик хусусияти туфайли янада қавариқроқ шаклга келади. Киприксимон мушакларнинг бўшаши эса гавҳарнинг юпқалашишига олиб келади. Аммо, ҳозирги кунда кўз аккомодация спазми мавжуд беморлар кўп учрамоқда, ачинарлиси уларнинг кўпчилигини ёшлар ташкил қилмоқда. Аккомодация спазми бу – кўз мушаклари спазми бўлиб, унинг натижасида кўз узоқда жойлашган буюмлар билан бир қаторда яқинда жойлашган буюмларни ҳам аниқ фарқлай олмай қолади. Бунинг асосий сабаби – яқин масофада ишлаш (ўқиш, компьютерда ишлаш, узоқ муддат телевизор кўриш ёки мобил телефонда ўйнаш) орқали кўзни зўриқтиришдир.

Баъзи маълумотларга кўра, ҳар олтинчи мактаб ўқувчисида аккомодация спазми учрайди. Аккомодация спазми мавжуд ўқувчи кўриш зўриқиши талаб қилувчи маълумотларда кўришнинг ёмонлашуви сабабли тезроқ чарчайди ва ўзлаштиришнинг пасайиши юзага келади. Бунда болада кўпинча сабаби топилмаган бош оғриқлари юзага келади. Ушбу касалликни даволаш ва олдини олиш учун окулист кабинетида гавҳар мушакларини мустаҳкамлашга қаратилган махсус машғулотларни бажаришга тўғри келади.

«Қарабтеп» ўйини ҳам инсоннинг кўрув аъзоларига ижобий таъсир кўрсатиш хусусиятига эга. Чунки, ўйин вақтида кўз доимий пастга, баландга қарайди ва бу кўздаги мушаклар учун машғулот вазифасини ўтайди. Бундай ҳаракатлар кўз учун «кўз машғулоти» бўлади, деб ҳисоблаймиз.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, ёшларимизни оммавий равишда «Қарабтеп» ўйинига жалб этиш орқали уларни ҳар томонлама соғлом ва етук инсон бўлиб етишишига кўмаклашган бўламиз.

Ўз навбатида бундан 10 аср муқаддам улуғ бобокалонимиз Абу Али ибн Сино ҳам «Қарабтеп» халқ ўйинининг фойдали жиҳатлари ҳақида тўхталиб ўтган.

«Соғлиқнинг сақлашнинг асосий тадбири бадантарбия бўлади. Биз биламизки, бадантарбия кишини чуқур ва кетма-кет нафас олишга мажбур қилувчи ихтиёрий ҳаракатдир. Мўътадил равишда ва ўз вақтида бадантарбия билан шуғулланувчи одам бузилган хилтлар туфайли келган касалликларнинг ва мижоз хамда илгари ўтган касалликлар туфайли келувчи касалликларнинг давосига муҳтож бўлмайди.

Бадантарбиянинг кучли турига майдонда қилинадиган кишининг ўз сояси билан олишиш ўйини (Қарабтеп) киради», деб ёзади буюк аждодимиз ўзининг «Тиб қонунлари» асарида.

Кўриниб турибдики, «Қарабтеп» халқ ўйини инсон саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, бугунги пандемик вазият инсон учун саломатлик нечоғлик бебаҳо неъмат эканлигини, мунтазам жисмоний ҳаракатлар билан машғул бўлган, иммунитети кучли инсонларда турли юқумли касалликларга чалиниш аломатларининг кам учраши ёки учраган тақдирда ҳам асорати оғир кечмаслигини кўрсатиб берди.

«Қарабтеп» билан шуғулланиш учун сиздан кўп нарса талаб этилмайди, бор йўғи «Тепки» ва хохиш бўлса бас, уни исталган жойда ва исталган вақтда ўйнаш мумкин. Асосийси, «Қарабтеп» билан мунтазам шуғулланиш орқали сиз ўз саломатлигингизни мустаҳкамлайсиз. Зотан, инсон учун энг Олий неъмат аслида шу эмасми?!