МЕНИНГ ПРЕЗИДЕНТИМ!

1474

Фалсафий-публицистик эссе

Нафсиламрини айтганда, мавжуд ва бир неча ўн йиллардан буён ҳукмрон бўлган муҳитни, шароитни ўзгартириб, халқ ҳаётини янги, нурли манзилларга буриб юбориш дунё давлатчилиги тарихида жуда кам одамларга насиб қилган. Ва, ўз навбатида, халқ ҳам мудом шундай Йўлбошчилар, Сардорларга эҳтиёж сезганини тарихдан яхши биламиз.

Шу маънода гапирганда, бугун жамиятда, одамлар орасида бир меҳрга йўғрилган истилоҳ пайдо бўлдики, у сингдирилган ё уқтирилган эмас, балки самимий бир эътирофдир. Халқнинг, одамларнинг ўз Президентига билдираётган самимий дил изҳоридир.

Бу қарийб юз йил давомида халқ томонидан давлатга берилаётган илк холис баҳо, мафкуралашмаган, оддий ва самимий – «Менинг Президентим!» деган каломдир!

Халқ қабулхоналари – халқ хизматида.

«Халқ – демократик давлатнинг авом раияти эмас, балки фуқаросидир. Қачонки, давлат ўз фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилса, бунга жавобан фуқаролар ҳам давлатга нисбатан садоқатли бўлади. Айни пайтда жамиятдан ўзини айри тутган авторитар тузум ҳукумати эса ўз хатти-ҳаракатларига халқдан розилик олиш мажбуриятини бермаган ҳолда, улардан итоаткорлик ва содиқ хизмат талаб қилади…».

2000-йилларда АҚШ Давлат департаменти ахборот бўлими томонидан тайёрланган ҳисоботдан олинган ушбу иқтибосда тўғридан-тўғри собиқ совет давлати ва ёки пост­совет жамиятлари ҳақида гапирилмаётган бўлса-да, матн оҳанги бизнинг руҳиятимизга унча бегона эмасдек туюлади. Бу ички туйғу эса тотал ва авторитар бошқарувга қурилган тузумларнинг формуласи бир хиллигини кўрсатишга яхши мисол бўлиши мумкин.

Ваҳоланки, шундай экан, биз ҳам ушбу назариялар тўлқинини ҳаётимизда кўрдикми? Зикр этилаётган манзара холстида ўзимизни кўриб, таниб олишимиз мумкинми? Ҳа, мумкин, ҳатто баъзи ўринларда бундан ҳамон қутула олганимиз ҳам йўқ.

Бизнинг давлат ҳақидаги тушунча ва тасаввурларимиз кўпчилик ҳолларда эпик характер касб этиб келди: ер давлатники, сув давлатники, кўчалар, уйлар, шаҳарлар, дарёю кўллар, билаги кучга тўла кўп миллионли, ҳориш нималигини билмайдиган ишчилар (одамлар) синфи ҳамма-ҳаммаси давлатники, халқ уни асраши, авайлаши ва неъматларни янада кўпайтириш учун хизматкор бўлиши керак.

Худди қадим эртаклардагидай… Давлат гўёки бир уммон ўртасидаги тийиқсиз гирдоб – сув юзида кўринган нарса борки, тортиб, ютиб кетади. Меҳнат, меҳнат, меҳнат… Кўраётган кунидан норози бўлиш, савол бериш, инсоний ҳақ-ҳуқуқ ҳақида гапириш, ҳатто ситамлар оғриғидан овоз чиқариб инг­раниш бу давлатга хиёнат ва шаккоклик бўлиши мумкин эди.

Адолат нуқтаи назаридан айтганда, шу инсофданми? Учинчи минг йилликда, ахборот асрида яшаяпмиз, дея ҳайқираётган одам учун-а?..

1

Албатта, давлат ва жамият орасидаги қутб­лашув шундай ҳаддидан ошиб кетган пайтларда бундай саркаш мунозараларнинг туғилиши нотабиий бўлмайди. Афсус­ки, бизда узоқ йиллар шакллантирилган зеҳният (менталитет) – коммунис­тик ахлоққа кўра, давлат ҳақидаги тасаввурларимиз шундай шакл­­га дўнди: давлат биз учун қўл етмас ердаги муқаддас нимадир. У тарғибот машиналари орқали барча нарсага қодир, бизнинг мавжудлигимиз ва барҳаётлигимизни таъминловчи, хато-нуқсонлардан холи, қаттиққўл, ва айни пайтда бағринг­­ни ўртар даражада гуманист, авлиёсифат кўринмас «Зорро» каби тарғиб қилиб келинди. Ёки камида раиятнинг онгига шундай сингдирилди ва одамлар давлат ҳақида илоҳий бир умумлашмани кўришга руҳан мажбур этилди: ва яна унга кўра, давлат шундай мўътабар бир хилқатки, унга сажда қилиш керак, эртаю кеч унинг учун садоқат билан ишлаш керак, Худо берган умрни унинг «бахту саодати» учун сарфлаш керак ва бу ватанпарварлик бўлади…

Президентни кўриш учун йўлга чиққан болалар. Чирчиқ шаҳри. 2021 йил, март. president.uz

Жамиятларга татбиқ қилинган ижтимоий назариялар кўп ҳолларда зўравон усулларни қўллашга таянади. Масалан, кўп миллатлардан ташкил топган жамоадан умумлашган битта миллат ясашга ва умумватан тушунчасини (СССР – умумватан мисолида) шакллантиришга уриниш, ўйлайманки, кўп чалкашлик­ларни келтириб чиқарди. Лекин ҳукмрон тизимнинг тазйиқларига қарамай, халқ онгидан Ватан туйғуси ситилиб чиқиб кетмади. Бу, албатта, халқимизнинг руҳий-маънавий бардамлигини кўрсатади.

Колумбия университети профессори ва тарихчи Эдвард Оллворт 1987 йилда ўзининг «Замонавий ўзбеклар» китобида «The Modern Uzbeks: From the fourteenth Century to the Present: A Cultural History (Studies of Nationalities)» қадрдон юрт ғояси қандай тавсифланганини адабиёт ва босма нашрлар матн­ларида кузатади. Мамлакатда Ўзбекис­тонга нисбатан «она юрт» атамаси ишлатилар, бу СССР давридаги мактаб дарслик­ларида катта ҳарф билан ёзиладиган «Ватан» тушунчасидан фарқ қилар эди. СССРга нисбатан «она юрт» эмас, «она Ватан» ифодаси қўлланар эди.

Тарихчи наздида этник жиҳатдан бетараф кишиларни яратишга уринишлар бўлганига қарамай, ХХ асрнинг 80-йилларида ҳам ўзбеклар учун СССРга умумий тегишлиликдан фарқ қилувчи Ватан тушунчаси мавжуд эди. Бироқ мафкура машинаси шундай пухта ишлардики, илгари сурилаётган ғоя (умумватан ва умуммиллат ғояси) гарчи этник айролик ва ёки ўтмиш хотиралари билан тў­йинган миллий «руҳ» билан тўқнаш келиб, «синар» экан, унда қудратли қурол бўлган сиёсий-маъмурий куч – «давлат» феноменининг ўзидан «қурол» сифатида фойдаланамиз, деган фикр ҳам йўқ эмас эди.

Шундай бўлди ҳам. Тенгсиз қудрат ва қўрқув устига қурилган салтанат сўнгсиз қатағонлари, тиканли сим билан ўралган «қўрғон»лари билан одамлар қалбига қўрқув уруғини сепди. Бу уруғ бир ватан, бир халқ ғоясини совет гражданлари қалбида ундириши керак эди. Энди жўғрофий ва этник омилларни суриб қўйган ҳолда давлат (КПСС)нинг ўзи «Ватан»ликка даъво қилаётган эди. Ватан – давлат, Давлат – бу Ватандур!

Гарчи ахлоқий нуқтаи назардан бузғунчи кўринса-да, бу уруғ бепушт эмас эди. У униб чиқди. Ҳатто шундай бўлдики, бу ўтли ва пафосли мафкура сўзлар, тушунчалар ва ҳатто туйғулару эстетик қарашларни ҳам ислоҳ қилиб юборди. Энди «ватан» ва «давлат» сўзлари маънодош истилоҳлардай ишлатила бошланди.

Афсуски, мустақиллик тонги ҳам «сиёсий қадрият» тусига кирган бундай қарашларни ўзгартира олмади. Баъзи шоирларимизнинг жуда машҳур бўлиб, ҳатто маршга айланиб кетган, одамни фавқулодда эсанкиратиб, мулзам қилиб қўяр даражадаги писандага йўғрилган «Ватан учун сен нима қилдинг, Ватан учун қанча тер тўкдинг» мазмунидаги шеърлари контекстидаги «Ватан» жўғрофий-тарихий ҳудуддан кўра, сиёсийлашган маъмурий бошқарув институти – давлатни назарда тутишини зукко, озгина бадиий тафаккури бор одамнинг пайқамаслиги мумкинмас.

Бироқ нима бўлганда ҳам давлат маъбуд эмас. Унга замонавий дунё ва демократик жамиятларда, соддагина қилиб айтганда, халқнинг хизматкори ва жафокаши дея тавсиф берилади ҳамда легитим қадрият сифатида қаралади.

2

Абдул Валид Шалабий «Ижтимоий мунозаралар чоғида «инқироз» сўзи принцип сифатида мутлақо тилга олинмаган кезларда жамият чин маънода инқирозга юз тутади», деган эди.

Бизда шундай тамойиллар кузатилдими? Гапни гажаклаштирмай айтганда, биз бундай, жуда енгил тарзда ва сипо оҳангда айтилган кўп «инқироз»ларни бошимиздан ўтказиб юбордик. Бунинг ўзига хос сабаблари бор.

Биринчидан, давлат ҳақидаги тушунчаларимиз кўпчилик ҳолларда ўша-ўша: илоҳийлаштирилган мустабид ва яккаҳукмдор партия ўзига нисбатан шакллантирган тавозе, ҳадик ва мутелик онгларимизда ҳамон барҳаёт. Бунга мисол тариқасида келтириш мумкинки, постсовет мамлакатлари жамиятлари аксариятининг эркин дунё учун осган қозонининг тубида ўша мафкура қирмочлари мудом кўзга яққол ташланиб туради. Давлат ва жамият орасидаги муносабатлар узил-кесил ҳал этилмаган. Расмий доираларда ҳамон давлатнинг мажбуриятлари эмас, халқнинг давлат олдидаги вазифалари ҳақида кўп гапирилади.

 

Чегаралар очилгач… Узоқ йиллик айрилиқдан кейинги дийдор.

 

Иккинчидан, кўпчилик ҳукуматларда жамият олдидаги қарздорлик туйғусини ҳис этишга бир неча омиллар монелик қилади. Булар режимлардаги авторитар сиёсат истагининг тийиқсизлиги, иқтисодий ночорлик, ва албатта, сиёсий ироданинг мўртлиги бўлиши мумкин…

Ушбу кўз юмиб бўлмас сабаблар эса кўпчилик ҳолларда ўша «инқироз»ларни хаспўшлашга, бекитишга ёки умуман у ҳақда эсламасликка мажбур қилади. Албатта, ташландиқ ва харобазор ҳудудларни шовуллаган шаршаралар оқиб тушаётган кўм-кўк майсазорли хушманзара ландшафт акс этган паннолар билан бекитиш инқирозни бартараф этмаганидек, қуруқ, баландпарвоз гап-сўзлар ҳам зим-зиё қалбларга нур таратолмайди. У асл манзарани кўздан пана қилиб, оний кайфият, хотиржамлик улашишигина мумкин, холос. Лекин бахтсизликнинг сукути бахт бўлолмайди, деганларидек, бу бизга ечим бўлолмаганини ҳаммамиз ҳаётда кўрдик.

Президент Шавкат Мирзиёев иш бошлаган илк кунларда сўз эркинлиги ва ижтимоий тармоқларнинг «жиловини бўшатиш» ҳақида мунозаралар қизиган пайтларда кўпчилик қатори, очиғи, мен ҳам хавотирланганман. Негаки, ичкаридаги аҳволдан ҳаммамиз яхши хабардор эдик. Ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ва маиший муаммолар бир-бирига ўрин бермас даражага келган эди. Шундай бир паллада ўнлаб йиллар давомида ОАВ учун деярли ёпиқ бўлган жамият – одамларга ўз фикрини очиқ баён қилиш ҳуқуқини бериши, гўёки дамбанинг тиқинларини бирваракайига бўшатишдай гап эди. Шундай бўлди ҳам. Ижтимоий тармоқлар одамларнинг чақириқлари, баёнотлари ва адолат сўраб ёзаётган номаларига тўлиб кетди.

Ва айни шу нарса бизда узоқ йиллар давомида Шалабий айтган «ижтимоий инқироз» сўзи принцип сифатида мутлақо тилга олинмаганини исботлаб берди, десам, янг­лишмаган бўламан, назаримда.

Иложи борича «исталмаган овоз» чиқадиган тирқишларни бекитиш, матбуот ва бош­­қа тарғибот қуроллари орқали ортиқча завқ-шавққа берилиш давлат билан жамиятнинг орасига ҳарир бир парда ташладики, аслида у ҳар икки ижтимоий тоифани бир-биридан бегоналаштиришга хизмат қилди.

Бу усул моҳиятан қаралганда, мустабид тузум анъанасининг маънавий асорати эди. Халқ билан ҳисоблашмаслик, жамият овозини назар-писанд қилмаслик, буларнинг устига, тинимсиз тарзда итоаткорлик ва содиқликни талаб қилиш айни ўтмиш атмосферасини эсга солиб турарди.

Одамларнинг давлат тушунчасидан қўрқиши, тайсаллаши бир ҳуқуқшунос дўс­тимиз кўп такрорлайдиганидай, халқнинг ҳуқуқий саводи пастлигида эмас, балки халқнинг давлат ҳақидаги тасаввурлари даҳшатли хотиралар билан тўлиб-тошиб кетганида эди. Давлатники, давлатга тегишли, давлат одами, деган мулоҳазалар ортида, албатта, қандайдир жазо муқаррардай, ҳеч бўлмаганда яширин тургандай туюлиши ҳеч қандай Фрейдча шизофреник симп­томларга эмас, балки тажрибага таянарди. Чунки бу халқ яқин бир асрда босқинларни, қатағону қатлиомларни, очарчиликлар ва сўнгсиз туҳматларни бошидан кечирган эди. У муттасил қўрқитилган, хиёнат ва алдовларнинг қурбони бўлган эди.

Балки шунинг учун ҳам унинг давлат ҳақидаги тасаввурлари эпик хаёлларга қоришиб кетди, скепсис (шубҳа ва ишончсизлик билан қараш) тус олди. Очиқчасига давлатдан қўрқди, чўчиди, ундан бегонасиради. Давлат, унинг юқори лавозимли мулозимлари ҳам худди унингдек оддий одам, шу элнинг боласи эканини тасаввурига сиғдира олмади.

Яқинда телевизорда бир аёлнинг интервьюсини кўрдим. Қизи гематологик касаллик билан оғриб, касалхонага тушган асакалик Дилфуза Холматова мухбирга бемор қизининг аҳволи, яратилган шароитлар ҳақида гапира туриб, Ҳайит куни уларни қутлаб, бу ерга давлатимиз раҳбари келганини ҳикоя қилиб, таассуротларини шундай сўзлади: «Мен Президентни олдин телевизорда кўрганман, ёнидан биринчи кўришим… Содда, самимий одам экан, меҳрибон, бизга бўлган меҳри шундоқ кўзларидан кўриниб турибди… Мен ҳеч бундай ўйламовдим».

Оддий халқ вакили томонидан айтилган шу деталь сизга жамият ва давлат орасидаги масофанинг қанчалик узоқлашиб кетганини кўрсатиб беришга етадими, йўқми?!.

3

Албатта, биз очиқ жамиятда янада эркинроқ кўринишни истаймиз. Кўпчилигимиз аллақачонлар «сиёсий популизм» деган дардга ҳам чалиниб улгурдик. Танқид қилиш, инкор этиш, бўлаётган ишларга, йўқ ундай эмас, дея оёқ тираш орқали енгил обрў орттириш ҳадисини ҳам олдик. Лекин масала шундаки, бугун кеча эмас. Давлатнинг, сиёсатнинг руҳияти бугун ўзгарди.

Мен кейинги беш йилда халққа ундай бўлди, ҳаётимизда бундай бўлди, дея бўлаётган ишларни енгил-елпи шарҳлашдан ти­йилишни афзал биламан. Матбуотда, айниқса, расмий ОАВда бугун трендга айланган «ке­йинги йилларда» деган жумланинг кўп учраётгани бир омил – бизнинг давлат раҳбари юритаётган янги сиёсатни тўлиғича, чуқур англамаётганимизни кўрсатади.

Жуда тез ва деярли ортиқча шовқин-суронсиз амалга оширилаётган ўзгаришлар бизни гўёки эсанкиратиб қўйди: ўрганганимиз муҳитдан бир юз саксон даража тескари айланаётган жараёнлар динамикасини тушуниб олишга, ҳаёт ва сиёсат қай томонга бурилиб кетганига, очиғи, ҳали кўпчилигимизнинг ақлимиз етганича йўқ. Шу боис, енгилгина қилиб, умумий тарзда «олдин ундай эди, ҳозир бундай бўлди», дейишдан нарига ўтолмаяпмиз, гўё.

Гарчи мунозарамизга давлат ва жамият, оддийгина қилиб айтганда, халқ ва ҳукумат ўртасидаги тафовут, ижтимоий муносабат мавзу қилиб олинган экан, бир омилни очиқ ҳисобга олиш керак бўлади: зотан, қарийб 100 йиллар давомида бу факторга деярли эътибор қилинмади. Уни шарҳлаш, тушунишга уриниб кўриш, назаримда, кераксиз нарсадай эътиборсиз қолдирилди.

Оқибат нима бўлди? Шундай бўлдики, давлат ўз йўлида, жамият ўз билигича яшай бошлади. Давлатнинг жамият ҳақида ва ўз ўрнида жамиятнинг ҳам давлат ҳақида индивидуал тасаввурлари шаклланиб борди. Таассуфки, ушбу тутум мустақилликдан кейин кечган йилларимиз учун ҳам бегона эмас. Сиёсий бир қадрият сифатида колониал (мус­табид) тузумдан мерос олганимиз – халқни итоаткорлик ва содиқликда мажбурий ушлаб туришга бўлган уринишлар орадаги масофани янада узоқлаштириб юборди. Оқибатда бу «совиш» давлатни ўз фуқароларидан шубҳаланадиган қилди, одамларга ишончсизлик билан қараш тамойилини янада мустаҳкамлади. Содда қилиб айтганда, давлат ўз фуқароларидан қўрқа бошлади.

Эътибор қилинг, айнан мустақиллик йиллари куч тизимлари ва юқори давлат идораларини қўйиб турайлик, халқ билан бевосита ишлаши керак бўлган оддий, маъмурий бўлинмалар – солиқ, халқ таълими, ФҲДЁ, Адлия органлари, ҳокимият тизимидаги ташкилотлар ҳам бино атрофини мустаҳкам темир панжаралар билан ўраб, халқдан ўзини иҳоталаб олди. Гўёки, битта жўғрофий ҳудудда бир-биридан айро ҳолдаги иккита ижтимоий «индивид» – ҳукмрон давлат ва муте жамият?!.

Назаримда, айни мана шу омиллар бизни ижтимоий таназзулга яқин олиб келди. Деярли бир асрдан узоққа чўзилган тафовут – давлат ва жамият орасидаги қутблашув ҳаётимизда, турмушимизда қандай из қолдирганини айтмасам ҳам ҳамма яхши билади. Бироқ ривожланган дунё ҳамжамияти яшаётган тизим бугун пайдо бўлиб қолган эмас. Унинг яратилганига бир неча асрлар бўлган. Фақат биз уни назарга илмадик, ундан чўчидик, аллақачон тарих чиқиндихонасидан жой олган назариялар билан яшашдан ти­йилмадик.

Асакалик Дилфуза Холматова ва қизи Розияхон. «Ўзбекистон 24».

Албатта, юз йил амал қилиб келинган, деярли қадриятга айланиб кетган ақидалардан бирдан воз кечиш учун катта куч, қолаверса, жасорат талаб этилар эди.

Мен Шавкат Миромонович сурати ва сийратида шу кучни кўрдим. Унинг иш бош­лаган илк куниданоқ Халқ қабулхоналари тизимини жорий қилгани, раҳбар ва ­масъулларни пойтахтдаги салқин кабинетлардан олис овуллардаги халқнинг ичига чиқариб юборгани бир нарсани, халқ билан давлат ўртасида тортилиб, ингичкалашиб кетган ипни, бирдамлик риштасини мус­таҳкамлашга қаратилган эди.

Президент яхши тушунар эдики, бахтсизликка дучор этилган жамият билан кучли ва қудратли давлат қуриб бўлмайди. Қолаверса, давлатнинг асосини ташкил этувчи халқсиз «буюк келажак» ҳақида ўйлашнинг ўзи мантиқсизлик эди.

Ҳайит кунлари Республика ихтисослаштирилган онкология илмий-амалий тиббиёт маркази ва гематология марказига бориб, у ерда даволанаётган болалар аҳволи билан танишган Президент сафари сўнгида ­масъуллар билан ўтказган йиғилишда ўта таъсирли тарзда бир мулоҳаза билдирдики, бу биз назарда тутаётган масала моҳиятидаги кескин бурилишнинг ўзагини очиб бериши мумкин: «…Шу касал болаларнинг кўзларига қаранглар, ҳаётга, яшашга бўлган интилишни кўриб, бу ҳаётда ҳамма нарсага, нима бўлса қилишга тайёр бўласан…».

Самимий ва юракнинг туб-тубидан отилиб чиққан бу иқрор давлатнинг жамиятга юз йилдан буён айтмай келаётган, халқ кутавериб, ҳатто эсидан ҳам чиқариб юборган самимияти эди. Образли қилиб айтганда, Шавкат Миромонович бу билан давлатнинг ўз халқи олдида қарздорлигини уқтираётган, шу заҳматкаш халқсиз давлат ҳеч нарса эканини мулозимларга ва қолаверса, жамиятнинг ўзига тушунтираётгандай эди. Мана шу нуқтада Ўзбекистонда бошланган янги ҳаёт қандай руҳий-маънавий пойдевор устига қурилаётганини пайқаб, аниқлаб олиш мумкин бўлади. Буни ўта жайдари тарзда мана бундай ифодаласа ҳам бўлади: давлат ўзининг қўл етмас жойга тикилган кўшкидан чиқди, одамларга, ўз халқига хизмат қилиши шартлигини англаб ета бошлади.

Мунозаранинг шу жойида нима илгаридан шундай қилинса бўлмасмиди, зотан, бу азалий нуқсон эди-ку, деганга ўхшаш эътирозлар туғилиши мумкин. Тўғри, давлатнинг халқ хизматкори экани, ўз фуқаролари учун балогардон бўлиши шартлиги бугун ё кеча пайдо бўлган қоида эмас. Фақат уни тўғри қабул қилиш, авторитар истакларни енгиш ва албатта, бунинг учун иқтисодий асос­ларни яратиш: энг муҳими, Йўлбошчида шу истакнинг мавжудлиги, қалбида бунга шашт ва жасорат топа олишида эди. Бизнинг бахтимиз шундаки, орадан юз йиллар ўтиб, давлат ва жамият ўртасидаги мувозанатни тартибга сола оладиган шундай феномен пайдо бўлди. Бу катта муддатми ёки қисқа, бунинг жавобини тарих айтади, албатта!

4

Шавкат Мирзиёевнинг раҳбарликка келиши Ўзбекистонда постсовет ўтиш даврини ниҳоялаб берди, деб ёзади кўп таҳлилчилар. Хўш, шундай экан, янги бошланган даврда амалга оширилган энг сезиларли иш нима бўлди? Мен бунга ҳеч иккиланмай, ўзбек давлатчилигида глобал дунё билан интеграциялашган ҳолда миллий ўзликни англаш, масаласи бўлди, қолаверса, шу бугун қаламга олаётган мавзумиз – давлат ва жамият ўртасидаги қарашларни, шаклланиб, қолипга тушиб қолган тенденцияларни «юмшатиш», ўз ўзанига солиш бўлди, деб айта оламан.

Бундан бир қанча вақт муқаддам телеканалларнинг бирида, сўнгра ижтимоий тармоқларда Ҳиндистонда онасини даволатаётган бир муштипар қизнинг ўтинчли мурожаати пайдо бўлди ва кўплар унга сидқидилдан ҳамдард бўлди. Мурожаатда чорасизликка тушиб қолган фарзанд онасининг оёққа туришида яхшилардан кўмак сўраётганди… Буни Президент ҳам кўрган ва ўша куни зарур чоралар кўриб, мусофирликда қийин аҳволда қолган ҳамюртимизга ёрдам кўрсатилган. Бемор юртдошимиз бугун бевосита давлат раҳбарининг ёрдами билан соғайиб уйига, фарзандлари ва яқинлари даврасига қайтган. Албатта, мамлакат Президентининг оддий бир фуқарога кўрсатган эътибори катта шов-шувларга, эътирофларга сабаб бўлди. Бироқ масаланинг биз назардан қочиришимиз керак бўлмаган жиҳати шундаки, Президент бу ҳаракати билан бизнинг онгларимизда қотиб қолган тасаввурларни «синдираётган» эди. Давлат фақат талаб қилиши ва тақиқлашигина мумкин, деган консерватив фикрларни тўзғитаётган, ва ниҳоят, давлат учун ҳар бир фуқаро, одам тақдири энди азиз, деган ҳаётий қоидани илгари сураётган эди.

Кутилмаган ташриф… Фарғона шаҳри, “Шодиёна” маҳалласи. 2021 йил, февраль. president.uz

Шалабий назарда тутган инқироз ҳақида гап кетар экан, кўп ҳолларда бу одамларнинг даромади, рўзғоридаги қозон қайнаши ва саломатлиги билан боғлиқ масалалар тагматндан бўртиб кўрина бош­лайди. Мисол тариқасида ижтимоий тармоқларни кузатиб кўринг, англайсизки, турли касалликлардан азият чекаётган, касалхонага ётиш ва даво топишга қўли калталик қилаётган ҳамда мазкур муассасалардаги мавжуд шароитдан кўнгли тўлмаётган одамларнинг зорланиш­ларига устма-уст кўзингиз тушади. Бу бугун пайдо бўлиб қолган муаммолар эмас, у анча йиллар давомида, юқорида келтирганимиздек, «инқироз» сўзи принцип сифатида мутлақо тилга олинмаган ўша даврлардан буёғига йиғилиб, тўпланиб келаётган муаммолардир. Мавриди келганда шуни айтишим керакки, эҳтимол давлат раҳбарининг илк иш бошлаган кезлариданоқ тиббиётга, одамлар саломатлигини асрашга устувор вазифа сифатида қараётганига шу омиллар сабаб бўлгандир.

Умумий маънода, Шавкат Мирзиёев феномени ҳақида гапирганда бир нарсага алоҳида эътибор бериш керакки, айнан шу даврга келиб ўзбек давлатчилигида ҳам, жамиятида ҳам сифат, ва айтиш мумкин бўлса, характер (руҳият маъносида) нуқтаи назаридан кескин ўзгаришлар юз берди.

Юқорида айтганимиздек, маъмурий бошқарув – давлатчиликда деярли бир асрдан ошиқ вақт давомида шаклланиб, қотиб қолган стереотиплар эрий бош­лади. Буни Президент командасининг, қолаверса, ўзининг ҳам халқнинг ичига кириши, муҳташам минбарлардан кўра, маҳаллалар, шифохоналар, қариялар уйи остонаси ва ниҳоят одамлар орасида бўлишни афзал деб билаётгани мисолида ҳам кўриш мумкин.

Яна бир муҳим жиҳат борки, буни давлатнинг, унинг асосини ташкил қилувчи сиёсий элитанинг маънавий-ахлоқий нуқтаи назардан совет атеистик космополитизми ва догматик иш юритувидан юз буриб, халққа яқинроқ фикрлай бошлаши билан изоҳласак бўлади.

Ҳукмрон тузумлар ва улар ўрнатган мафкуралар чўчиб, бегонасираб ҳамда аллақандай субмаданиятлар тарзида қараб келинган анъанавий қадрият ва маданиятларга янги ҳукумат ўзи сув ичадиган зилол булоқ сифатида қарашини намоён қилди. Бунинг энг юқори нуқтасини халқимизга хос бўлган меҳр-оқибат ва саховатпешаликнинг юқори сиёсий доирада нафақат қўллаб-қувватланиши, балки давлат раҳбарининг айнан ўзи бунга бош бўлаётганида кўриш мумкин.

Энди яна бир жиҳат борки, у расмий сиёсат ва жамият ҳаёти ўртасидаги катта турланишга узил-кесил якун ясаб берди. Буни қуйидагича изоҳлаш мумкин: моҳиятан қараганда, Ўзбекистон минтақанинг мусулмонлар энг кўп яшайдиган мамлакати ҳисобланади. Юртимиз Ислом маданияти ўчоқларидан бири экани ҳам маълум. Бизда дин расман тақиқ этилмаган. Минглаб масжидлар халқимиз хизматида. Диний маросимларга чеклов қўйилмаган. Фақат бир мунозарага ўрин борки, дин ва умуман диний қадрияту маданиятларга ва у билан боғлиқ кўплаб анъанавий амалларга расмий доиралар шу пайтгача бегонасираб қараб келди. Ҳукмрон сиёсий маданият (колониал сиёсат) қадим анъанавийликка йўл бермади. Чунки унинг йўргакда теккан бир дарди бор эдики, унга кўра, кўҳна ҳам, олий ҳам, кечиб ва алиштириб бўлмас ҳам унинг (амалдаги сиёсат) ўзи эди. Катта эҳтимол билан айнан шунинг учун ҳам жамиятнинг табиатини, руҳиятини белгиловчи бу омиллар ҳеч маҳал расман, очиқ кўнгиллик билан қўллаб-қувватланмади.

Президент Шавкат Мирзиёев эса ўша расмий қонун-қоидаларни «синдирди». У бир раҳбар, қолаверса, бир мусулмон сифатида жанозаларда иштирок этиб, ўз инсоний, маънавий амалларини яширмасдан адо этишга киришди. Мусулмончиликнинг улуғ байрамлари Ҳайит кунлари шифохоналар, қариялар уйлари, ёлғиз ва қаровчисиз қолган юртдошлари ҳолидан хабар олишдан, уларни диний байрамимиз билан қутлашдан, Қуръон тиловат қилдириб, фотиҳага қўл очишдан ўзини четга олмади. Ҳатто Туркманис­тонда давлат раҳбари отаси хотирасига бағишлаб ўтказган диний маросим-ифторликда бошига миллий дўппимизни қўндириб дуога қўл очиб турган Шавкат Мирзиёевнинг турли нуқталардан олинган суратлари Юртбошининг кўнглига туккан, ўзи ва давлат учун белгилаб олган йўл тамоман янги ва қатъий эканини кўрсатди.

Ҳолбуки, бизда шу пайтгача нафақат олий раҳбарият диний амалларни очиқчасига бажариши, балки жамият учун чекловларни озгинагина юмшатганининг ўзи катта воқеа туюлиб келган. Хуллас, янги сиёсатдаги айни шу қирралар янги Ўзбекистоннинг том маънода маънавий-маърифий жиҳатдан ўзига хос йўлга тушганини англатади.

Тарихни кучлилар ёзади, деган гап бор. Шарт-шароитга қараб, бу ҳикматсифат айтим негизидаги «эга» «кучлилар» ўрнига «ғолиблар»га ҳам ўзгариб туради. Ғолибки, юз йиллар давомида метиндай қотиб келган, ҳеч ким ағдаришга журъат эта олмаган фикр­даги, қарашлардаги, анъаналардаги, ҳаётдаги тушунчани жойидан жилдириш, унинг нотўғри ва хато эканини исботлаш…

Бу бир одамнинг, шахснинг тарихий миссияси бўлиши ҳам мумкин. Худди Ньютоннинг шарафли қис­матидай. Дейлик, ернинг тортишиш кучи Ньютонгача ҳам мавжуд эди. Унинг даҳолиги эса шундаки, у буни англади, асослади ва инсониятга қоида сифатида тузиб, тушунтириб берди. Бу ҳассос кашфиёт эса башарият ҳаётини қандай бахт ва саодатга чулғаганини айтмасам ҳам биласиз…

5

Мен Президент фаолиятига оид бугунгача ўнлаб мақолалар ёздим. Бироқ уларнинг ҳар бирига нуқта қўйганимда, унинг фаолиятининг яна бир неча муҳим жиҳатлари назардан четда қолиб кетганини анг­лайман.

Бу табиий! Зотан, бугун у бошчилигида кечаётган жараёнлар кузатувчию таҳлилчилардан худди унинг ўзидек ҳаракатда доимий бардавомликни, тинимсиз изланишни, ишлашни талаб этади.

Ҳа, Шавкат Мирзиёев фавқулодда ҳассос шахс. Унинг бунёдкорлик қудратини, ўз халқига, қолаверса, инсониятга ва ҳаётга бўлган меҳру муҳаббатини бугун ҳамма кўрди.

Ўзбекистон ташқи ва ички сиёсатидаги янги формат, айтиш мумкин бўлса, бутун минтақа ҳаётига таъсир ўтказди. Узоқ йиллар бир-бирига терс муносабат қилиб келган Марказий Осиё давлатлари айнан ­Шавкат Мирзиёев ташаббус­лари ва жонкуярлиги ортидан ораларидаги сунъий тўсиқни олиб ташлай бошлади. Бу қадам минтақанинг ўзлигини сақлаб қолиш масаласида жуда катта аҳамиятга эга.

Негаки, деярли 90-йилларнинг сўнгида аҳоли нуфуси ва маданий-тарихий таъсир кўлами бўйича минтақадаги энг олд мамлакат Ўзбекистоннинг қўшнилардан ўзини тортиши ортидан совуқ муносабатларга ўтиши минтақа сиёсий «иқлими»ни бошқа томонларга буриб юборган эди. Парокандалик бу ерда қудратли ўйинчи давлатлар кучини ошириб юборгани ҳам бор гап.

“Президентнинг ўзи ҳолимиздан хабар олди”. Наманган шаҳри, “Даштбоғ” маҳалласи. 2021 йил, февраль. president.uz

Майли, минтақа интеграцияси сари қў­йилаётган дадил қадамлар, яқин қўшничиликнинг қайта тикланаётгани ва у берадиган иқтисодий ва геосиёсий самаралар тўғрисида гапириш алоҳида, қолаверса, ўта жиддий масала. Мен ҳозир ушбу сиёсат берган биргина соф инсоний туйғу – қадим-қадимдан қўшни яшаган, дини, маданияти, қадриятлари ва ўтмиши бир бўлган халқларни узоқ айроликдан сўнг яна бирга қилиш, бир-бирлари билан юз кўрсатиш, оғир ва хурсандчилик кунларида белини боғлаб бақамти тура олиш бахтини қайтариб берган, бера олган инсонпарвар сиёсат ҳақида бир оғиз гапирмоқчиман.

Бунга кечагина Президентимизнинг Тожикистон Республикасига қилган ташрифи жараёнларида яққол гувоҳ бўлдик. Ўзбек ва тожик халқларининг ўтмиши, улар ўртасидаги қўни-қўшничилик тарихи ҳақида гапириб ўтириш, менимча, ортиқча.

Албатта, орада ўтган йиллар ва муносабатлардаги қийинчиликлар бугун унутилди. Халқларимиз ўртада қайта тикланаётган дўстлик ва қўшничилик алоқаларидан боши осмонда. Буни Президент сафари давомида жойларда йиғилган тожикистонлик зиёлилар, ёшлар, оддий одамлар гап-сўзидан, қарашлари ва кайфиятларидан анг­лаб олиш кўп қийин эмас. Ва, ўз ўрнида, ватандошларимиз ҳам қўшниларимиз билан алоқаларимиз тикланаётганидан мамнун эканликларини ҳар нафасда ҳис қилиш мумкин.

Нафсиламрини айтганда, мавжуд ва бир неча ўн йиллардан буён ҳукмрон бўлган муҳитни, шароитни ўзгартириб, халқ ҳаётини янги, нурли манзилларга буриб юбориш дунё давлатчилиги тарихида жуда кам одамларга насиб қилган. Ва, ўз навбатида, халқ ҳам мудом шундай Йўлбошчилар, Сардорларга эҳтиёж сезганини тарихдан яхши биламиз.

Шу маънода гапирганда, бугун жамиятда, одамлар орасида бир меҳрга йўғрилган истилоҳ пайдо бўлдики, у сингдирилган ё уқтирилган эмас, балки самимий бир эътирофдир. Халқнинг, одамларнинг ўз Президентига билдираётган самимий дил изҳоридир.

Бу қарийб юз йил давомида халқ томонидан давлатга берилаётган илк холис баҳо, мафкуралашмаган, оддий ва самимий – «Менинг Президентим!» деган каломдир!

Қудратилла РАФИҚОВ,

Сиёсатшунос

Манба: «Ishonch» газетаси