«Юрт байроғини баланд кўтарамиз!»

717

Токио Олимпиадасига лицензия­­ни қўлга киритган ҳамда Жаҳон чемпионатларида олтин медаль совриндорлари бўлган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси спортчилари тақдирланди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосарлари, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари раислари, тасарруфдаги ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.
Тадбирни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов олиб борди.
Таъкидланганидек, юртимиз спортчилари Олимпиада ўйинларида иштирок этиш учун жами 66 та лицензия олган бўлса, шундан 5 та лицензия касаба уюшмалари спортчиларига тегишлидир. Улар – Акбар Жўраев – оғир атлетика бўйича халқаро тоифадаги спорт устаси, Жаҳон ва Осиё чемпиони, Муаттар Набиева – оғир атлетика бўйича халқаро тоифадаги спорт устаси, Жаҳон чемпиони, Кумуш Файзуллаева – оғир атлетика бў­йича халқаро тоифадаги спорт устаси, Жаҳон ва Осиё чемпиони, Собиржон Сафаралиев – академик эшкак эшиш бўйича Осиё чемпиони, спорт устаси, Суҳроб Ходжаев – енгил атлетика бўйича халқаро тоифадаги спорт устаси, Осиё чемпиони.
Тадбирда Олимпиада ўйинлари лицензиясини қўлга киритган касаба уюшмалари спортчилари 10 миллион сўмдан, мураббийлари эса 5 миллион сўмдан рағбатлантирилди. Олимпиада ўйинлари натижаларига қараб, яна қўшимча рағбатлантириш ҳам кўзда тутилгани алоҳида таъкидланди.
– Насиб этса, халқимиз ишончини оқлаб, Олимпиадада юртимиз байроғини баланд кўтарамиз, – деди Акбар Жўраев.
Шунингдек, тадбирда шу йилнинг майида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритган Турсуной Жабборова ва Муҳаммадқодир Тоштемиров ҳам муносиб рағбатлантирилди.
Тадбирда Бош вазир ўринбосари – Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов ҳамда Миллий олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов қатнашди ва сўзга чиқди.

Салим АБДУРАҲМОНОВ,
«Ishonch»