Миллат танламас иллат

826

ёхуд қачонгача ботқоққа ботамиз?

Еру кўкни чақалоқ йиғиси тутди – фарзанд дунёга келди. Атрофдагилар қувончининг чеки-чегараси йўқ эди…
Қуш тилини қуш билади. Бувиси ҳамшира бўлгани, кимга қанча узатиш лозимлигини яхши билгани боис шифокордан тортиб фаррошгача… суюнчи улашиб чиқди…
Арзанда фарзандни болалар боғчасига жойлашлаштириш фурсати келди. Дарҳол мудира билан тил топишилди. Унга ҳам керакли миқдорда «хизмат ҳақи» узатилди.
– Муаммо йўқ. Болани эртагаёқ боғчага олиб келишингиз мумкин, – деди мудира…
Кичкинтой етти ёшга тўлди. Ота-­онаси яхши мактаб излай бошлади. Тез орада таниш-билишлар кўмагида учта чет тилини ўргатадиган нуфузли таълим маскани топилди. Фақат болани ўқишга битта шарт билан, яъни ота-онаси мактабни таъмирлашга дам-бадам ҳомийлик ёрдами кўрсатиши зарурлигини эслатган ҳолда қабул қилишди…
Олий ўқув юртига кириб ўқиш аввалига анча катта муаммодек туюлганди. Лекин «Пул бўлса, чангалда шўрва!», деганлари рост экан. У инс­титутга киргандан то тугатгунга қадар ота-онаси мададига таянди. Аниқроғи, уларнинг ҳамёни бақувватлиги ҳар сафар талаба йигитнинг жонига оро кирди…
Ишга жойлашгач, раҳбарга қандай муомала қилиш санъатини ўзлаштиришига тўғри келди. Мавриди келганда, ўзи ҳам кимдан қанча ва қандай қилиб олишнинг ҳадисини олди…
Афсус, умр ўткинчи экан, вақти-соати етиб, у ҳам омонатини топширди. Фарзандлари ўзаро маслаҳатлашиб, унинг жасадини бобоси мангу ором топган қабристонга қўйишга қарор қилишди. Лекин у жой аллақачон қабр­лар билан тўлган, анчадан бери ҳеч ким дафн қилинмаётган экан. «Чин кўнгил»дан чиқариб берилган пул гўрковларнинг чап чўнтагига бориб тушгани ҳамон бу муаммо ҳам ижобий ечим топди…
Бундоқ ўйлаб қарасак, бир одамнинг умри ими-жимида пул узатиш, эвини қилиб олишу қистириш билан ўтиб кетибди…
Адабиётшунос олим Раҳмон Қўчқор коррупцияга қарши курашиш тўғрисида куйиниб гапираётиб, «Қачонгача ботқоққа ботамиз? Ботқоқни қуритиш керак бўлган бир пайтда биз чивинлар билан курашиб ётибмиз», деган эди.
Дарҳақиқат, қачонгача ботқоққа ботамиз?!.

Анваржон ҲАЛИМОВ