Гулжаной Наимова Осиё очиқ чемпионати ва мусобақанинг энг яхши аёл спортчиси, деб эътироф этилди

593

Пара таэквондо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Ливаннинг Байрут шаҳрида бўлиб ўтган Осиё очиқ чемпионатида иштирок этди.

«Дунёнинг 30дан ортиқ мамлакатидан келган спортчилар иштирок этган ушбу мусобақада аёллар ўртасида +58 кг вазн тоифасида Гулжаной Наимова олтин медални қўлга киритди ва шу билан бирга мусобақанинг энг яхши аёл спортчиси, номига сазовор бўлди. Бундан ташқари, эркаклар ўртасида +63 кг вазн тоифасида жангларда қатнашган Санжар Мухторов бронза медалини қўлга киритди.

Ушбу мусобақадан кўзланган асосий мақсад – олдинда турган Токио-2020 ёзги Паралимпия ўйинлари ҳамда Баҳрайнда бўладиган ёшлар ўртасидаги Пара Осиё ўйинларидан олдин спортчиларнинг имкониятларини яна бир бор кўздан кечиришдир», – деди терма жамоа бош мураббийи Бобур Қўзиев.

Эслатиб ўтамиз, пара таэквондо бўйича 3 нафар спортчимиз Токио-2020 ёзги Паралимпия ўйинларида юртимиз шарафини ҳимоя қилади. Булар: Гулжаной Наимова, Зиёда Исоқова ҳамда Зуҳриддин Тоҳиров.