Қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш бўйича кенгашнинг илк йиғилиши ўтказилди

278

Яқинда қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш бўйича Кенгаш ташкил этилган эди. Куни кеча ушбу кенгашнинг илк йиғилиши бўлиб ўтди.
Видеоконференцалоқа шаклида ўтган йиғилишда Ўзсаноатқурилишбанк, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси, Давлат геология қўмитаси, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги масъуллари иштирок этди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида жорий йил 30 апрель куни ҳудудларда қурилиш материаллари ва маҳаллий саноатни янада ривожлантириш чора-тадбирларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ҳамда давлатимиз раҳбарининг шу йил 9 июндаги “Ҳудудларнинг саноат салоҳиятини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, ҳудудларда мавжуд саноат салоҳиятидан, айниқса, қурилиш индустриясини ривожлантиришда норудаминералларнинг хомашё базасини ўзлаштириш имкониятларидан тўлиқ фойдаланилмаяпти. Хусусан, керамзит, силикат қуми, шиша хомашёси, қурилиш ва қоплама тошларга эга ўрганилган конларнинг ярмидан кўпи ўзлаштирилмай қолмоқда. Натижада, санитария-техник воситалар бўйича маҳаллий ишлаб чиқариш ички бозорнинг фақатгина 40 фоизини, газбетонблоклар – 51 фоизини, лок-бўёқ маҳсулотлари – 65 фоизини, қурилиш ойналари – 70 фоизини, девор гулқоғозлари – 30 фоизини ташкил этмоқда.
Йиғилишда Қурилишматериаллари саноатини ривожлантириш бўйича кенгашнинг ташкил этилиши соҳага алоқадор барча масъул муассасалар ва тадбиркорлар билан биргаликда қурилиш индустриясини тизимли ривожлантиришни таъминлаш орқали мамлакатимиздаги табиий хомашё базасидан қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган занжирни яратиш экани алоҳида қайд этилди.
Бугунги кунда Ўзсаноатқурилишбанк томонидан “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси, маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда соҳани жадал ривожлантириш борасида ишлар бошлаб юборилган. Хусусан, Банкда соҳани ривожлантириш мақсадида махсус департамент ва унинг барча ҳудудий минтақавий филиалларида соҳага оид бизнес лойиҳаларни ишлаб чиқиш, тадбиркорларга амалий ёрдам кўрсатиш ҳамда маҳаллий ҳокимликлар билан узвий боғлиқликни ташкил қилиш учун марказлар ташкил этилди.
Марказларга иқтисодчи, норуда фойдали қазилма конлари геологи, қурилиш материаллари саноати муҳандис-технологи, қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни лойиҳалаштириш менежерлари каби мутахассислар ишга жалб қилинди.
Марказларда ҳудудлардаги фойдали қазилма конлари, бозор конъюктураси, зарур асбоб-ускуналар, ташкил этиладиган ўқув курслари бўйича маълумотлар ҳамда тадбиркорлик субъектларига лойиҳалар, бизнес режалар, лойиҳаларнинг техник иқтисодий асосларини ишлаб чиқишда кўмак бериб келинмоқда.
Бундан ташқари, халқаро “BCG” компанияси экспертларини жалб этган ҳолда “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси билан биргаликда соҳада фаолият олиб бораётган йирик корхоналарнинг мавжуд муаммолари ва уларни ечиш бўйича дастлабки ишлар бошланди.
Жумладан, халқаро экспертлар кўмагида 2022-2026 йилларда маҳаллий саноат тармоқларини жадал ривожлантириш ва ҳудудларнинг экспорт салоҳиятини ошириш дастурини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш бўйича тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.
Тадбиркорлар билан мулоқот қилиш, уларнинг таклифларини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда Банк Бошқаруви аъзолари ва “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси масъулларидан иборат ишчи гуруҳ ташкил этилиб, бугунги кунга қадар шакллантирилган умумий қиймати 5,25 млрд.долларлик 1 019 та лойиҳани ҳамда янги истиқболли лойиҳаларни аниқлаш бўйича ҳудудларда ўрганишлар ўтказилмоқда.
Шунингдек, 24 та ихтисослаштирилган туман ва шаҳарлар ҳудудларида қурилиш материаллари кластерларини ташкил этиш, жумладан импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш мақсадида махсус индустриал зоналарни ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси билан биргаликда ихтисослаштирилган туман ва шаҳарларда қиймати 1,7 млрд. долларлик 212 та лойиҳа шакллантирилди. Лойиҳалар амалга оширилиш натижасида 11 763 та ишчи ўринлари яратилади.
Соҳадаги 500 млн.долларлик лойиҳаларни молиялаштиришни ташкил этиш мақсадида Банк томонидан 300 млн.доллар миқдоридаги маблағларни жалб қилиш борасида ишлар олиб борилмоқда.
Йиғилишда кун тартибидаги масалалар юзасидан масъулларнинг ахбороти тингланди. Келгусида амалга ошириладиган вазифалар белгилаб олинди.
Маълумот учун. “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси ҳузуридаги Қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш бўйича кенгаш Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 9 июндаги “Ҳудудларнинг саноат салоҳиятини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ ташкил этилган бўлиб, Кенгашга Ўзсаноатқурилишбанк Бошқаруви раиси раҳбарлик қилади.