Тошкентда коррупцияга қарши курашиш идоралари йиғилиш бўлиб ўтди

321

Бугунги кунда Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилотига 10 та давлат аъзо ҳисобланиб, булар – Ўзбекистон, Туркия, Эрон, Покистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Озарбайжон ва Афғонистон кабилардир.

Тадбирда аъзо мамлакатларнинг коррупцияга қарши курашиш идоралари раҳбарлари ҳамда омбудсманлари амалга оширилаётган ислоҳотлар, қабул қилинган қонунлар ва қарорлар, коррупцияга қарши курашишда омбудсманларининг ўрни, бу жараёнда инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатлари ҳақида маълумотлар беришди. Анжуманнинг навбатдаги қисми Минтақавий марказ фаолиятининг ташкилий масалаларига бағишланди. Минтақавий марказ давлатларнинг коррупцияга қарши курашиш тизими билан боғлиқ ташкилий масалаларига кўмаклашади. Марказ фаолиятида соҳада халқаро тажриба ва билим алмашиш механизми йўлга қўйилади, муҳим сиёсий тадбир ва анжуманлар ўтказилади. Бундай Минтақавий марказнинг ташкил этилиши, айтиш ўринлики, ташкилотга аъзо ҳар бир давлат учун муҳим сиёсий аҳамият касб этади.

Тадбир давомида икки томонлама учрашувлар ҳам ташкил этилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тожикистонга бўлиб ўтган ташрифи доирасида имзоланган Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Тожикистон Республикаси Давлат молиявий назорати ва коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўртасида ҳамкорлик меморандуми алмашинувида соҳага оид келишувларни амалга ошириш механизмлари муҳокама этилди. Шунингдек, Қозоғистон давлати билан тизимда ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш юзасидан ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Аъзо давлатлар инсон ҳуқуқлари бўйича вакиллари томонидан ўз давлатида амалга оширилаётган ислоҳотлар, фаолиятларидаги илғор тажриба ҳамда дуч келинаётган муаммоли ҳолатлар муҳокама қилинди. Таъкидланганидек, инсон ҳуқуқларини таъминлаш барча давлатлар учун устувор вазифалардан ҳисобланади. Шу боисдан ушбу соҳадаги ҳар бир ижобий ўзгариш аҳоли фаровонлигига тўғридан-тўғри таъсир қилади. Маърузачилар томонидан Омбудсман ваколатлари доирасини кенгайтириш, жазони ижро этиш муассасаларида қийноқларнинг олдини олиш бўйича превентив механизмни такомиллаштириш орқали жазони ижро этиш муассасаларида, тергов ҳибсхоналари ва бошқа ёпиқ муассасаларда инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича жамоатчилик назорати ўрнатиш бўйича фикр-мулоҳазлари билдирилди. Қатнашчилар анжуманнинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда коррупцияга қарши курашиш сиёсатида муҳим ўрин эгаллашини инобатга олиб, кўтарилган ташаббуслар, қабул қилинаётган ҳужжатлар ҳар бир давлат учун амалий аҳамиятга эга эканлигини таъкидлашди.
Тадбирнинг якуни сифатида давлатлар ўртасида коррупцияга қарши курашиш сиёсатини амалга оширишда минтақавий ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида таклифлар ишлаб чиқилди.

Бибигул МУРТАЗАЕВА