«Ички ишлар ходимлари болали аёлга ваҳшийларча куч ишлатди»ми?

726

Телеграм мессенжерида «Ички ишлар ходимлари болали аёлга ваҳшийларча куч ишлатди» сарлавҳаси остида видео тарқатилмоқда. Тошкент шаҳар ИИББ мазкур факт бўйича қуйидагиларни маълум қилди:

«2021 йил 16 июнь куни соат 10:30 атрофида Юнусобод тумани Aмир Темур кўчасида Тошкент шаҳар ИИББ патруль-пост хизмати ходимлари Эржан Джиянбеков ва катта сержант Мансур Орипов тиланчилик билан шуғулланиб, фуқароларнинг раҳмини келтириш мақсадида гўдаклардан фойдаланаётган бир нечта аёлларни кўриб қолишди. Шу билан бирга, аёллар ўзларини ва фарзандларини ҳаётларини жиддий хавф-хатарга қўйиб, автомобиль ҳаракати йўлига чиқишган.

Фуқароларнинг шахсларини аниқлаш учун улар ички ишлар бўлимига таклиф қилинганлар, аммо улардан бири жавобгарликдан қочиш учун бақиришга, қаршилик кўрсатишга киришиб, атрофдагиларнинг эътиборини жалб қилишга ҳаракат қилган.

Эътибор беринг, тармоқда тарқатилаётган видеода ҳолат тўлиқ кўрсатилмасдан, баландпарвоз сарлавҳа қўйилган холос. Бу орқали ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг тиланчилик билан шуғулланадиган одамларнинг «қуролларига» айланган вояга етмаганларни ҳимоя қилиш йўналишидаги фаолиятлари ҳақида нотўғри тасаввур ҳосил бўлиши мумкин.

Видеодаги аёлнинг шахси аниқланганда (М.Х. эканлиги маълум бўлди), у билан бир неча бор профилактик суҳбатлар ўтказилганлиги аниқланди. Фуқаро илгари ҳам тиланчилик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик кўзда тутилганлиги ҳақида огоҳлантирилган. Суҳбатлар давомида унга бир неча бор ишга жойлашишда ёрдам таклиф қилинган, аммо у ҳалол меҳнат қилишнинг ўрнига жазирама иссиқда фарзандини қийнаб тиланчилик қилиш йўлини танлади»