Эндиликда ОТМнинг бакалавриат ва магистратура имтиҳонлари Интернетда жонли эфирга узатилади

631

“Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ–6247-сон, 16.06.2021 й.) қабул қилинди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.

Фармон билан барча давлат органлари ва ташкилотлари томонидан Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхати (33 та) тасдиқланди.

Фармонга кўра, давлат органлари ва ташкилотлари ўз фаолиятига оид ҳисоботни ҳар йили:

1 мартгача веб-сайтларига жойлаштириб, 10 мартгача уни жамоатчилик иштирокида муҳокама этиш ҳақида хабар беради;

1 апрелгача ҳисоботни кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама этиш учун матбуот анжуманларини ўтказади.

2021 йил 1 июлдан қуйидагилар тўғрисидаги маълумотлар Очиқ маълумотлар порталига (Портал) ва давлат органлари ва ташкилотлари веб-сайтларига жойлаштирилиб, ҳар чоракда янгилаб борилади:

● амалга оширилган давлат харидлари;

● мансабдор шахсларнинг хизмат сафарлари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари;

● Президент, Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатлари билан солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар;

● ўзларининг йиллик харажатлар сметаси ва унинг ижроси.

➡️ Фармонга кўра, қуйидаги имтиҳонларни ўтказиш жараёнини Интернетда жонли эфирга узатиш тартиби жорий этилади:

● ОТМнинг бакалавриат ва магистратура имтиҳонлари;

● ўқишни кўчириш билан боғлиқ имтиҳонлар;

● нострификация тест синовлари.

2021/2022 ўқув йили қабулигача имтиҳонларни Интернетда жонли эфирга узатишни таъминлайдиган, барча фойдаланувчилар учун очиқ бўлган “imtihon.uz” веб-платформаси ишга туширилади.