Фарғонада ФВВ ходимлари томонидан қудуқдан икки нафар фуқаро олиб чиқилди: бир нафари вафот этган

272

Бугун 17 июнь куни Фарғона тумани Дўстлик МФЙ Нилуфар кўчасидаги уйларнинг бирида 50 метр чуқурликдаги қудуқни тозалаш мақсадида тушган фуқаро С.С.нинг бошига ичида тупроқ тўла темир челак тушиб, воқеа жойида вафот этган. Бу ҳақда ФВВ хабар берди.

Ушбу ҳолатга аниқлик киритилганда, уй эгаси С.С. томонидан қудуқни тозалаш ишлари олиб бораётган вақтда, темир челак арқони узилиб кетган. Бошидаги ҳимоя каскаси борлигига қарамасдан фуқаро оғир тан жароҳати билан ҳалок бўлган.

Ҳодисани кузатиб турган фуқаро Р.Т. ёрдам бериш мақсадида чуқурликка тушади ва қайтиб чиқолмаган.

Мазкур вазият юзасидан вилоят ФВБ ходимлари зудлик билан белгиланган манзилга етиб борган. Қутқарувчиларнинг тезкор ҳаракатлари натижасида, қутқарув асбоб-анжомлари ёрдамида 50 метрлик қудуқдан 2 нафар фуқаро олиб чиқилган.

Мазкур ҳолат юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.