Фискал институтда ўқув жараёни тартиблари белгиланди

601

“Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Фискал институт ва солиқ техникумлари фаолиятини ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ҳукумат қарори (377-сон, 17.06.2021 й.) қабул қилинди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.

Қарорга кўра, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб қуйидаги тартиб жорий этилади:

Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Фискал институтнинг бакалавриат таълим йўналиши кундузги таълим шакли бўйича ўқиш давомийлиги 4 йил, сиртқи таълим шакли бўйича 5 йил этиб белгиланади;

Институтнинг магистратура мутахассисликлари кундузги таълим шакли бўйича ўқиш давомийлиги 1 йил ҳамда масофавий, сиртқи ва кечки таълим шакли ўқиш давомийлиги 2 йил этиб белгиланади;

давлат органларининг марказий аппаратида солиқлар ва солиққа тортиш, молиявий назорат ва аудит ҳамда солиқ, молия ва тижорат ҳуқуқи, шунингдек иқтисодиётда ахборот технологиялари соҳаларида камида 5 йил иш стажига эга раҳбар ходимларни Институт магистратурасига ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда масофавий, сиртқи ва кечки таълим ўқитиш дастурлари бўйича ўқиши учун қабул қилиш тегишли давлат органининг биринчи раҳбари тавсиясига кўра кириш тест синовларисиз, тўлов-шартнома асосида қабул параметрларидан ташқари амалга оширилади;

Институтда бакалавриатни имтиёзли тугатган битирувчилар, истисно тариқасида, Институт магистратурасига тест синовларисиз, тўлов-шартнома асосида, ўқиш қийматининг 50 фоизини тўлаб, қабул параметрларидан ташқари, ўқишни тугатгандан сўнг давлат солиқ хизмати органларида камида 3 йил узлуксиз ишлаш мажбуриятини юклаган ҳолда қабул қилинади.

Шунингдек, “темир дафтар”га киритилган оилаларнинг фарзандлари бўлган ҳамда Институтга талабаликка тавсия этилган ёшлар учун тўлов-шартномаси ёки субсидия ажратиш орқали молиялаштириладиган алоҳида қабул параметрлари белгиланиши мумкин.

Қарор билан Фискал институтнинг Васийлик кенгаши фаолиятини тартибга соладиган низом тасдиқланди.

Кенгашнинг асосий вазифаларидан бири бакалаврлар ва магистрлар тайёрлаш сифатини ҳамда илмий-тадқиқотлар самарадорлигини оширишни ташкил этиш ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, мазкур Институт Президентнинг 2020 йил 4 ноябрдаги ПҚ–4879-сон қарори билан ташкил этилган.