Халқимиз кўнглидаги иш бўлди

1,197

Ўзбек халқи азал-азалдан олийжаноблиги, болапарварлиги, меҳр-муруввати билан дунёда ном қозонган. На очарчилик, на қаҳатчилик ва на уруш миллатимиз қалбидан ана шу эзгу фазилатларга содиқлик руҳини ўчира олгани йўқ. Аксинча, у бегона болаларни ҳам ўз фарзандидек бағрига олди, авайлаб-асради.

Бу йўлда тош келса кемирди, сув келса симирди. Зеро, ўзбек учун ҳеч қачон боланинг бегонаси бўлмаган.
Дарҳақиқат, уруш йилларида Украина, Беларусь ва Россиядан турли миллатга мансуб 1 миллион нафардан ортиқ аҳоли, шу жумладан, 200 минг нафар бола Ўзбекистонга эвакуация қилинди. Халқимиз уларга меҳр бериб, бошпана, озиқ-овқат ва кийим-кечак билан таъминлади. Етим болаларни ўзига фарзанд қилиб олиб, тарбиялаб вояга етказди. Тошкентлик темирчи Шоаҳмад Шомаҳмудов хонадони ҳам ана шундай жуда кўп ўзбек оилалари қаторида 14 нафар етим болани ўз бағрига олди, улғайтирди. Улар бу жасорати билан миллатимизнинг меҳр-шафқат, бағрикенглик, саховатпешалик нурларига лиммо-лим бўлган қалбига ҳайкал ўрнатиб кетди.
Бугун ҳам ер юзининг айрим ҳудудларида уруш олови аланга олмоқда, бегуноҳ инсонлар қони тўкилмоқда. Башарият ҳамон тарихдан тўғри хулоса чиқармадими, дея ўйланиб қолади киши.
Бироқ ҳали инсониятнинг эзгу орзу-умидлари бисёр. Бугун Ўзбекистон ана шундан ёруғ умидларни қалбларга олиб кираётган манзиллардан бирига айланди. Таъбир жоиз бўлса, унинг ташаббуслари меҳру мурувват булоқларининг қум босган кўзларини очаётган қадоқли қўлларга эврилди гўё.
Зеро, давлатимиз томонидан амалга оширилаётган ташқи ва ички сиёсатда халқлар дўстлиги тамойилига устувор йўналиш сифатида алоҳида эътибор берилаяпти. Бу дунё ҳамжамияти томонидан ёруғ юз билан кутиб олинди. Қисқа давр ичида Ўзбекистон шарофати билан минтақамизда том маънода ҳамжиҳатлик, яқин қўшничилик муҳити қарор топаётгани ҳақида юксак минбарлардан туриб билдирилаётган фикрлар ҳам шундан далолат.

Президентимиз Шомаҳмудовлар ­оиласининг бир чеккада қолиб кетган ҳурматини қайта тиклаш, уларнинг қаҳрамонликларини барчага намуна қилиб кўрсатиш ҳақидаги таклифи ҳам ана шу йўлдаги яна бир ёруғлик бўлди. Барчага аждодларнинг эзгу ишларидан ўрнак олиб, фақат яхшилик қилиш нақадар зарур эканини яна бир карра эслатиб қўйди. Бинобарин, Ер юзида жуда камдан-кам давлат ва миллат бундай юксак инсоний фазилатлар билан ғурурланиши мумкин. Вақт ўтган сари Шомаҳмудовлар оиласи кўрсатган бу қаҳрамонликнинг аҳамияти ва қадри тобора ошиб бормоқда.
«Тарихий ҳақиқатни қарор топтириш, халқимизнинг эзгу фазилат ва қадриятларини абадийлаштириш учун Шомаҳмудовлар оиласига бағишланган «Халқлар дўстлиги» деб номланган ёдгорлик ансамблини пойтахтимиз марказидаги майдонга қайтарсак, адолатдан бўларди», — дея таъкидлади давлатимиз раҳбари.
Эндиликда Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманидаги кўчага Шомаҳмудовлар номи қайтарилади, метро бекати ва санъат саройи номи ҳам аввалгидек «Халқлар дўстлиги», майдон ҳам «Дўстлик майдони» деб аталади.
Бундай эзгу амал халқимиз, айниқса, ёши улуғ инсонлар — уруш ҳамда меҳнат фахрийлари томонидан қувонч кўз ёшлари, дуолар билан кутиб олинди.
Бир пайтлари Тошкентнинг бир чеккасига кўчирилган «Халқлар дўстлиги» монументи энди ўзи қадр топган, узоқ йиллар халқлар ўртасидаги дўстлик, ўзаро меҳр-оқибат, мурувват тимсоли сифатида қўр сочиб турган маконига олиб келинади. Бу улуғ аждодларимиз кўрсатган мисли кўрилмаган фидокорликка кўрсатилаётган юксак эъзоз намунасидир.

Саноат ДЎСТОВА,
журналист

Бошқа хабарлар