Янги офат – снюс маҳсулотларидан фарзандларимизни асрайлик

776

Бугунги кунда тамаки маҳсулотлари каби никотинли снюслар ҳам кўча ва дўконларда харидорнинг ёш чекловларидан қатъий назар сотилмоқда.

Савдо жойларида унинг сотувини рағбатлантириш мақсадида пештахталарда катталаштирилган «шайбали» қутилар жойлаштирилган. Ушбу маҳсулотни жамоат жойларида реклама қилиб, татиб кўриш учун бепул тарқатишмоқда. Ачинарлиси, бугунги кунда никотинли снюсларни истеъмол қилиш ёшлар орасида оммалашиб бормоқда. Ўз манфаати, жиғилдонини ўйлаётган «ишбилармонлар» ўсмирларга татиб кўришни таклиф қилганда виждонсизликнинг энг юқори чўққисида турганларини билармикин?

Никотинли снюс ўзи нима? Бу маҳсулот никотин ва целлюлоза аралашмаси асосида стабилизатор, таъмни ширин қилувчи, хушбўй ҳид таратувчи ароматизатор, консервант ва бошқа қўшимчалар қўшган ҳолда тайёрланган, «бежирим» кўринишга эга маҳсулотдир. Никотинли снюснинг ёрқин ўрами, замонавий дизайни, ёқимли ҳиди ва ваниль, шоколад, ментол каби маҳсулотлар таъмини берувчи қўшимчалари ҳатто мактаб ўқувчиларини ҳам ўзига мафтун қилмоқда. Огоҳликка ундовчи жиҳати шундаки, никотинли снюслар истеъмолидан кейин татиб кўрувчининг оғзидан бадбўй ҳид таралмайди. Шу сабабли болалар ва ўсмирлар дастлаб уни истеъмол қилишини ота-онасидан бемалол яшира олади, ота-оналар эса кўпинча фарзандлари шубҳали нарсаларни истеъмол қилаётганидан гумон қилмайди. Шу тариқа янги иллат ёшлар орасида мисли кўрилмаган даражада тез тарқалмоқда.

Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармасининг маълумотларига кўра, таълим муассасаларида ўтказилган рейдлар давомида мактаб ўқувчиларининг ёнидан никотинли снюслар топилиши йилдан-йилга ошган. 2019 йилда 110 та ҳолат, 2020 йилда 270 та, 2021 йилнинг январь-февраль ойларида эса 59 та ҳолат аниқланган. Ҳатто 5 синф ўқувчиларининг ёнидан ҳам топилган. Бу ҳолатда огоҳлантиришга чақирилган ота-оналарнинг кўпчилигида ушбу маҳсулот ҳақида тасаввур ҳам йўқлиги маълум бўлган. Мактаб ўқитувчилари ҳамда мутахассисларнинг кузатишларига қараганда, ушбу маҳсулотни истеъмол қилишни бошлаган ўқувчиларда қисқа вақт ичида дарсда ўзини ғалати тутиш, ота-оналар, ўқитувчиларга бақириш, тажовузкорлик, жисмоний куч ва чидамлиликнинг пасайиши, бефарқлик, иштаҳанинг йўқолиши, бош оғриғи ва натижада уларнинг ўзлаштириш даражаси пасайиши каби ҳолатлар юзага келган.

Жорий йилнинг май-июнь ойларида Ўзбекистон Республикаси Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги томонидан Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси, Халқ таълими вазирлиги, Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази билан ҳамкорликда олиб борилган мониторинг жараёнида мактаб ва мактаб атрофида жойлашган дўконлар ўрганилди. Натижада бу ҳудудлардаги дўконларда никотинли снюсларнинг сотилиши тасдиқланди. Қолаверса, дўкон сотувчилари томонидан вояга етмаган болаларга ҳам ушбу маҳсулотларнинг ҳеч бир тақиқсиз сотилиши янада аянчли ва ташвишлидир.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, организмга никотинли снюсларнинг таъсири унинг таркибидаги кучли наркотик таъсирга эга бўлган ва ўзига қарамликни келтириб чиқарадиган никотин билан боғлиқ. Бу хавфни героин, кокаинга қарамлик ривожланиши хавфига тенглаштириш мумкин. Никотинли снюсларни истеъмол қилганда битта маҳсулотда никотин миқдори 20 миллиграммгача етади. Бу эса мияга никотин таъсири оқибатида кучли қарамликка, хотира, билим олиш қобилиятининг пасайишига ва таҳликали неврозларга олиб келади.

Озгина бефарқлигимиз натижасида фарзандимиз, жигаримиз, яқинимиз, юртдошимиз ушбу бежирим оғунинг гирдобига ғарқ бўлмоқда. Биз уйғониб, зудлик билан бунинг олдини олиш чораларини кўришимиз зарур. Бу оғу биз билан яшашни бошлашидан олдин хавфи, жабри янада ортишидан аввал кўзимизни очайлик. Зеро, табобат султони Абу Али ибн Сино айтганидек: «Шакарга қўшилган заҳардан эҳтиёт бўлмоқ лозим. Зеро, заҳарнинг бир томчиси ҳам заҳардир.». Шундай экан, миллатнинг эртаси ва эгаси бўлган ёшларимизни асраш ва авайлаш барчамизнинг бурчимиздир.

Дилбар  Сиддиқова,

Ўзбекистон Республикаси Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги матбуот котиби.

ЎзА