Муроса мадора йўли

814

ёхуд медиация ҳақида нималарни биламиз?

Ривожланган давлатлар ҳуқуқий тизимида низони суд­гача олиб бормасдан, муқобил йўл билан ҳал қилишга қаратилган медиация – яраштирув жараёни алоҳида аҳамият касб этмоқда. Мамлакатимизда ҳам «Медиация тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилиши билан аҳамиятли.

­2019 йил 1 январдан кучга кирган бу қонун ҳақида фикр юритганда, авваламбор, «медиация» сўзининг луғавий маъносига тўхталиш лозим. Воситачилик маъносини англатувчи бу атама лотинча «mediare» сўзидан олинган бўлиб, жаҳоннинг кўплаб давлатларида низоларни тинч йўл билан ҳал этишнинг энг мақбул усули сифатида тан олинган.
Медиация – баҳс-мунозараларни учинчи бетараф томон иштирокида тартибга солишга доир ҳуқуқий технология ҳисобланади. Ушбу йўналиш ўзининг маълум бир шартлари ва тамойилларига эга. Масалан, томонларнинг тенг ҳуқуқлилиги, ихтиёрийлик, ўзаро ҳурмат, конфиденциаллик, жараённинг шаффофлиги, медиаторнинг холислиги. Мазкур принципларга оғишмай риоя этиш низоларни адолатли ва оқилона ҳал этишнинг муҳим омилидир.
Медиация суддан ташқари тартибда, баҳс-мунозарани суд тартибида кўриб чиқиш жараёнида, суднинг қарор чиқариш учун зални тарк этишидан олдин қўлланилади. Медиация жараёни, қонунга мувофиқ, 30 кундан ортиқ давом этмайди. Бироқ зарурат туғилганда томонларнинг ўзаро келишуви асосида муддатни яна 1 кундан 30 кунгача узайтириш мумкин.
Умуман олганда, мамлакатимизда ушбу қонуннинг қабул қилинишидан тадбиркорлик билан боғлиқ муносабатларни ривожлантириш, соҳада умумэътироф этилган халқаро стандартлар даражасига чиқиш назарда тутилган. Медиацияни оилавий муносабатларга боғлаб таҳлил қиладиган бўлсак, бир қатор афзалликларни кўришимиз мумкин.
Бугунги кунда мамлакатимизда фаолият юритаётган медиация марказларининг сони кўп эмас. Улардан бири – Тошкент медиация маркази бўлиб, ушбу марказ 2020 йил 18 сентябрда ташкил этилган. Яна бир Медиация маркази Ҳакамлик судлари қошидаги «MEDIATSIYA MARKAZI» МЧЖ ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасида медиация марказлари сонининг кўпайиши юртимизда медиация институтини янада ривожлантириш учун навбатдаги туртки бўлишига ишонамиз.

Фарангис ҲАСАНОВА,
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети
катта ўқитувчиси