«Ishonch» танқидидан сўнг: ОРОМГОҲЛАРГА ОРОМ ҚАЙТДИ

1031

«Ishonch» газетасининг шу йил 25 майдаги сонида «Умидсиз «Умид ниҳоллари», юзсиз «Юлдуз»… ёхуд оромга муҳтож оромгоҳлар» сарлавҳали танқидий мақола берилган эди. Унда май ойи, яъни болалар оромгоҳларини мавсумга тайёрлаш айни авжига чиқадиган палла бўлса-да, кўпгина ҳудудлардаги ишлар мутасаддиларнинг лоқайдлиги туфайли ҳали ўлда-жўлда экани, аянчли аҳволдаги қаровсиз оромгоҳлар кўплиги, бу борадаги ишлар, кўрилаётган чора-тадбирлар кўнгилдагидек эмаслиги ҳақида сўз юритилганди.
Таъкидлаш жоизки, мақола эълон қилиниши арафасида Вазирлар Маҳкамасида бўлиб ўтган болаларнинг ёзги дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш бўйича Мувофиқлаштирувчи гуруҳнинг кенгайтирилган видеоселектор мажлисида ҳам ёз мавсумида болаларнинг оромгоҳларда дам олишини ташкил этиш масаласи танқидий кўриб чиқилган эди.
Хўш, газетада мақола эълон қилингандан сўнг нималар ўзгарди? Оромгоҳларда бугун вазият қандай? Бу каби саволларга газетамизнинг ҳудудий мухбирлари жўнатган мақолаларни ўқиб, жавоб олишингиз мумкин.

Барча шароитлар яратилди

«Ishonch» газетасининг 2021 йил 25 майдаги 69-сонида чоп этилган «Қаровга муҳтож «Боғбон» сарлавҳали мақола юзасидан Хўжаобод тумани ҳокимлиги матбуот хизмати қуйидагиларни маълум қилади.

«Боғбон» болалар оромгоҳи 2015 йил «Олтин соҳил файз» ­МЧЖга ҳар мавсумда намунали болалар оромгоҳини ташкил этиш шарти билан фойдаланишга топширилган. Аммо тадбиркор томонидан етарлича иш ташкил қилинмагани сабабли Хўжаобод тумани ҳокимлиги барча масъулиятни ўз зиммасига олган ҳолда мазкур даргоҳда тозалаш, ободонлаштириш ва таъмирлаш ишларини олиб борди.
Қисқа муддатда оромгоҳнинг ички йўллари асфальт қилинди, ошхона, ётоқхона, болалар майдончаси таъмирдан чиқарилиб, янги жиҳозлар олиб келинди. Электр таъминоти, тоза ичимлик сув тармоғи қайтадан тўлиқ таъмирдан чиқарилди. Болалар мароқли ҳордиқ чиқариши учун барча шароитлар яратилди.
Хўжаобод тумани ҳокимлиги маҳаллий бюджети ва ҳомийлик асосида 100 миллион сўм ­маблағ эвазига «Боғбон» болалар оромгоҳида капитал таъмирлаш ишлари олиб борилиши натижасида оромгоҳ ўз вақтида фойдаланишга топширилди.
Бугунги кунда мазкур оромгоҳда 70 нафар ўғил-қиз мароқли дам олмоқда.

Хўжаобод тумани ҳокимлиги
матбуот хизмати

 

ИЗЛАГАН ИМКОН ТОП(А)ДИ

Миронкўлсой бўйидаги сўлим масканда жойлашган «Соғлом авлод» оромгоҳи узоқ йиллар болажонларга беминнат хизмат қилди. «Жума пахта тозалаш заводи» АЖга қарашли бу маскан завод фаолиятига барҳам берилгунча гуллаб-яшнади. Кейинчалик оромгоҳ «Ўзпахтасаноат» уюшмаси тасарруфига берилди. Янги раҳбарлар бу масканни янада гуркиратиш ўрнига уни сотиш пайига тушишган эди. Газетадаги танқидий чиқишдан сўнг вазият ижобий томонга ўзгарди.
– Пастдарғом туманидаги «Гўзалкент» оромгоҳи бинолари эскириб, нураб қолган, уни таъмирлаш, эпақага келтириш осон эмас эди, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Самарқанд вилояти кенгашининг «Маданий-маърифий ва спорт» бўлими мудири Феруз Раззоқов. – Туман ҳокимлиги янги оромгоҳ қуриб, уни мавсумгача ишга туширишни режалаштирганди. Аммо бу вазифа ҳам уддаланмади. Вилоятдаги мутасадди ташкилотлар «Ўзпахтасаноат» уюшмаси тасарруфидаги таъмирталаб «Соғлом авлод» оромгоҳини Пастдарғом тумани ҳокимлиги ихтиёрига топширди.
Пастдарғом тумани ҳокимлиги ва ҳомий ташкилотлар ҳаракати билан хароб аҳволдаги оромгоҳ қайта тикланди. Бугунги кунда «Янги Ўзбекистон» номини олган соғломлаштириш масканида таъмирлаш, бунёдкорлик ишлари ниҳоясига етди. Ҳудудда кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилиб, дов-дарахтларга шакл берилди.
– Ўтган вақт мобайнида кечаю кундуз оромгоҳни мавсумга тайёрлаш ишлари олиб борилди, – дейди «Янги Ўзбекистон» оромгоҳи раҳбари Мавлон Ғаффоров. – Барча ашё ва жиҳозлар янгиланди. Болажонларнинг таътилни мароқли ўтказиш­лари учун етарли шароитлар яратилди.
Мавсум давомида 800 нафарга яқин болажон дам олдирилади.

Нурилла ШАМСИЕВ,
«ISHONCH»

«Юлдуз» – энди файзли гўша 

Фарғона вилоятидаги «Юлдуз» болалар оромгоҳи танқид остига олиниб, «Хўп-хўп билан иш битадими?» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Унда оромгоҳни янги мавсумга шай ҳолатга келтириш бўйича ҳали бирор- бир ишга киришилмагани, ички йўлларнинг таъмирталаблиги, ётоқхоналарнинг поллари эскириб кетганидан айрим жойлари синиб тушгани, маънавият хонасининг абгор ҳолатдалиги қаламга олинганди.

Мазкур мақола масъулларни бефарқ қолдирмади. Танқиддан тўғри хулоса чиқарган ҳолда оромгоҳда кенг кўламли ободонлаштириш ва таъмирлаш ишлари ­бошлаб юборилди. Аввало, ётоқхоналарнинг эскириб, чириб кетган поллари буткул янгиланди. Ўз умрини аллақачон ўтаб бўлган, очса ёпилмайдиган, ёпса очилмайдиган эшик, дераза-ромлар олиб ташланиб, янгисига алмаштирилди. Маънавият хонаси ­дейишга тил бормайдиган кутубхонанинг деразасидан тортиб, шиферигача янгиланиб, том маънода зиё ­масканига файз кирди. Оромгоҳ ҳовлиси ва ички йўлларга асфальт ётқизилди. Мухтасар айтганда, олиб борилган бунёдкорлик ишлар натижасида оромгоҳ файзли гўшага айланди.
– Танқиддан тўғри хулоса чиқариб, тезда ишга киришдик, – дейди маскан раҳбари Баҳодир Холмирзаев. – Қисқа вақт ичида барча бинолар, йўлаклар, ўйингоҳ, ошхона тўлиқ таъмирдан чиқарилди. Бунинг учун 400 миллион сўмга яқин маблағ сарфланди. Бу ишларда бизга Ўзбекис­тон касаба уюшмалари Федерация­­си Фарғона вилояти кенгаши, вилоят ва туман ҳокимлиги катта ёрдам кўрсатди. Айни пайтда бу ерда 80 нафар ўғил-қиз мароқли ҳордиқ чиқармоқда. Уларнинг мазмунли дам олишлари учун оромгоҳимизда барча шарт-шароитлар муҳайё.

Жамшид ЭРГАШЕВ,
«ISHONCH»

 

«ОЛМАЗОР» ОБОД, «УМИД НИҲОЛЛАРИ» БЎЙ ЧЎЗМОҚДА…

Айни вақтда Наманган вилоятида болажонларга қучоқ очган оромгоҳларнинг айримлари бир ой муқаддам ўтказилган ўрганишлар чоғида камчиликлардан холи эмаслиги, ҳатто баъзилари мавсумга мутлақо тайёр эмаслигига гувоҳ бўлган эдик ва бу ҳақда «Ishonch» газетасида танқидий мақола ҳам чоп этилган эди.

Ана шундай оромгоҳлар қаторида Косонсой туманидаги «Олмазор» болалар дам олиш маскани ҳам тилга олиб ўтилган. «Обод Олмазор сиҳатгоҳи» МЧЖ балансида бўлган ушбу оромгоҳ шароитлари билан қайта танишиш мақсадида яна бир бор ушбу ҳудудда бўлдик.
Танқиддан тўғри хулоса чиқарган мутасадди вакилларнинг саъй-ҳаракатлари билан бугун оромгоҳ бутунлай ўзгача қиёфа касб этибди. Қарийб икки йилдан буён қаровсиз аҳволда ётган маскан бу йилги биринчи мавсумда ўзгача чирой очиб, юз нафарга яқин болажонни ўз бағрига олди.
Илгари ўт-ўлан қоплаб ётган ўйингоҳлар саришта, нураб ётган бинолар қайта таъмирдан сўнг ўзгарган, болалар ётоқхоналари ҳам янги мебеллар билан жиҳозланган, кўримсиз ошхонанинг шароитлари ҳам қониқарли даражада.
Барча тармоқ ишчи-ходимларининг фарзандлари дам олаётган «Олмазор»­дан кўнглимиз тўлиб, яна бир танқид остига олинган болалар дам олиш ­маскани «Умид ниҳоллари» оромгоҳига йўл олдик.
Уйчи тумани ҳокимлиги балансидаги ушбу оромгоҳ ҳам бугун мутасаддиларнинг ташаббуси билан барча шароитларга эга дам олиш мас­канига айланибди. Ошхона, ётоқхона, ўйин майдонлари, чўмилиш ҳавзалари саришта. Ушбу оромгоҳга узоқ-яқиндан биринчи мавсумда 120 нафар бола келиб, мароқли ҳордиқ чиқармоқда.
– Карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда иш олиб бораётган оромгоҳ ишчи жамоаси болажонлар ҳар бир кунини мазмунли ўтказишлари учун алоҳида кун тартиби бўйича фаолият олиб боришмоқда, – дейди оромгоҳ директори Рустамжон Отажонов. – Болаларнинг овқатланиш рационига жиддий эътибор қаратилган, кунлик таомномадан сифатли маҳсулотлар ўрин олган. Оромгоҳ сув ҳавзаси ҳам тез-тез тозалаб турилади.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, касаба уюшма ташкилотлари ходимларининг саъй-ҳаракати билан тўрт мавсумда Наманган вилояти ­бўйича жами 5400 нафар бола касаба уюшмалари маблағи, 2600 нафари эса ҳомий ташкилотлар ҳисобидан дам олиш ­масканларига қамраб олиниши кўзда тутилган.

Орзугул РУСТАМОВА,
«ISHONCH»

«КОИНОТ»ДА ЎЗГАРИШ БОР(МИ?)

Ғиждувон тумани халқ таълими бўлими тасарруфидаги мазкур оромгоҳда ўтган даврда
қандай ўзгаришлар амалга оширилди? Шарт-шароитлар яхшиландими?
Айни шу саволларга жавоб излаб, яна ушбу масканда бўлдик.

Жорий йилнинг 5 июнидан жами юз чоғли ўғил-қиз қабул қилинган бу даргоҳда дастлаб эътиборимизни янги қурилган волейбол, баскетбол ва футбол майдончалари тортди. Яқин-яқингача оромгоҳнинг ўша жойи ташландиқ аҳволда эди. Масканнинг аввалги спорт майдонлари ҳозир қурилиш ҳудудига айлангани, у ерда айни дамда техникалар ва ишчилар қизғин иш билан банд экани боис «Коинот»нинг чоғроққина жойидан болажонларнинг спортга ошно тутинишлари учун шароит ҳозирланибди. Яъни бу ҳолатда сих ҳам куйгани йўқ, кабоб ҳам. Қолаверса, қурилиш ҳудуди оромгоҳдан девор билан ажратилганини кўриш мумкин. Ўтган сафар бу ерларда бўлганимизда девор йўқ эди. Шу жиҳатдан хавфсизлик ҳам таъминлангани диққатга молик.
Дарвоқе, худди шу узун деворнинг четроғида – оромгоҳнинг собиқ ҳудуди билан сўлим масканнинг нақ чегарасида иккита сузиш ҳавзаси ишга тушибди. Туман халқ таълими бўлими мудири Мухтор Файзиевнинг айтишича, ҳар икки кунда бассейнларда сув янгиланар экан.
Газетада чиққан танқид ўз натижасини бериб, Ибодулло Муҳаммедов раҳбарлигидаги мазкур оромгоҳда кўпгина сезиларли ўзгаришлар юз берганини икки ётоқхона, ошхона, тиббиёт блоки таъмирлангани мисолида ҳам кўриш мумкин. Умуман, «Коинот»нинг ҳозирги ҳудудидаги барча қурилиш ва таъмирлаш юмушлари ҳомийлик ҳисобидан бажарилган.
Электр тармоғи, газ қувури билан боғлиқ кам-кўстлари ҳам тузатилиб, шу пайтгача мавжуд бўлмаган кадастр ҳужжатлари тайёрлаб қўйилган. Ушбу даргоҳда беш нафар тиббиёт ходими болажонларнинг саломатлигига, ўн икки нафар тарбиячи, назоратчи, мураббий эса уларнинг шахмат ва шашка, стол тенниси, футбол, рус тили, «Компьютер саводхонлиги» тўгаракларидаги иштирокига, маънавий-маърифий тадбирлардаги фаоллигига, мазмунли ҳордиқ чиқаришларига масъул.
Мутасаддилардан олган маълумотимизга кўра, жорий йилги мавсумда оромгоҳда жами уч юз чоғли ўғил-қиз дам олиши, туман ҳокимлиги ҳомийлиги асосида эҳтиёжманд оилалар фарзандларидан юз нафари масканга жалб этилиши кўзда тутилган.
«Коинот»даги ўзгаришлар «шамол»ини кўрарканмиз, хоҳиш бўлса, кўп нарсага имкон топилишига яна бир бор амин бўлдик.

Рустам ИБРОҲИМОВ,
«ISHONCH»