Қорақалпоқлар ҳиндулар билан қариндош…(ми?)

3543

Туркиянинг Измир шаҳридаги Эгей университети қошидаги Турк дунёсини тадқиқ қилиш институти доценти, доктор Пинар Федакарнинг 2016 йили Анқарада «Amerika Yerlileri ve Karakalpak Türklerinin Efsaneleri. Karşılaştırmalı Bir İnceleme» (Америкалик ҳиндулар ва Қорақалпоқ афсоналари. Қиёсий шарҳ) номли китоби чоп этилди. Ушбу асар кенг жамоатчилик ўртасида катта қизиқиш уйғотди.

Пинар Федакарнинг 2008 йили «Karakalpak Efsaneleri (inceleme-metinler)», яъни «Қорақалпоқ афсоналари (шарҳ-матнлар)» номли китоби ҳам босмадан чиққан. Тан олиш керак, бу сафар «Муаллиф нима учун қорақалпоқ афсоналари билан америкалик ҳиндулар афсоналарини қиёсий тадқиқ қилган экан?», деган савол кўпчиликни қизиқтириб қўйганди.
Федакар хонимнинг фикрича, америкалик ҳиндулар афсоналари ва қорақалпоқ афсоналарининг бир-бирига мос жиҳатлари кўп. Масалан, қорақалпоқларда (балки кўпчилик туркий халқларда ҳам – муаллиф) «Йилга талашув» афсонаси мотивлари ҳиндуларнинг «Мавсумларни аниқлаш» афсонаси билан ниҳоятда ўхшаш. Иккаласида ҳам ҳайвонлар йилга ёки мавсумга талашади. Китобда бундай мисоллар жуда кўп. Бу эса, икки халқнинг мифологик қарашлари бир-бирига монандлигидан далолат беради.
Энди ҳақли бир савол туғилади: модомики, шундай экан, бизнинг америкалик ҳиндулар билан яқинлигимиз бўлганми?
Сўнгги пайтларда туркийшунос олимлар «Американинг туб аҳолиси қадимий туркларми?» деган ажабтовур гипотеза устида бош қотиришмоқда. Ушбу фаразга кўра, бундан 10 минг йиллар муқаддам Олтой ўлкасида яшаган туркларнинг қадимий аждодлари (прототурклар) овга чиқиб, муз қотган Беринг бўғози орқали Аляска ерларига ўтиб кетишади. Кейин музлар эригач, ортга қайта олишмайди. Начора, янги ерларда ёввойи ҳайвонлар ва қушлар кўп бўлгани сабабли ўша ҳудудларда умрбод яшаб қолишади.
Бошқа бир манбада туркларнинг қадимий аждодлари у томонларга бир неча асрлар давомида аста-секин кўчиб ўтгани тилга олинган. Баъзилари Сибирда яшаб қолган бўлса, айримлари Беринг бўғози орқали ўзга қитъага ўтиб кетган. Улар 25-50, ҳатто 100 минг йиллар аввал кўча бошлаган, деган илмий тахминлар ҳам мавжуд.
Олимлар америкалик ҳиндулар билан туркий халқлар луғатларида, урф-одатлари ва эътиқодларида анча ўхшашлик­лар борлигини аниқлашмоқда. Масалан, Шимолий Америкадаги ҳиндулар шаман динига сиғинади. Бу дин эса туркларнинг Исломдан аввалги динидир. Буни қарангки, ҳозир ҳам Сибирда яшайдиган қатор туркий халқлар шаман динига эътиқод қилишади.
Америка ҳиндулари маданиятида бўри ҳар доим катта ўрин тутган. Аммо европаликлар маданиятидан фарқли ўлароқ, уларнинг маданиятида бўри ижобий рамз сифатида гавдаланади. Кўплаб туб америкалик афсоналарда бўри қабила ҳимоячиси сифатида намоён бўлади. Жумладан, Шошон фольклорида бу жонивор ҳар доим аёллар ва ёш болаларнинг ҳомийси сифатида талқин этилади.
Қадимги афсонага кўра, Шошон ­қишлоғига душманлар ҳужум қилишади. Болалар, асосан қизлар ва оналари қиш­лоқни чор тарафдан ўраб турган ўрмон томонга қочишади. Бутун қавмни қириб юборишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган душманлар уларнинг орқасидан қувишади. Қочқинлар ўрмонга яширинишга уринган дамларда бир тўда бўриларга дуч келишади. Лекин бўрилар уларга ҳужум қилмайди, аксинча, барчасини ҳимоялаш мақсадида ён-атрофларини ўраб олади ва душманга қарши жангга киришади. Шундай қилиб, бўриларнинг шарофати билан бир қавм омон қолади ва қадрдон қишлоғига соғ-саломат қайтади. Алқисса, бўри маҳаллий аҳоли тотемига айланади.
Туркларда ҳам кўк бўри тотем саналади. Уларнинг байроғида бўри рамзи ўз аксини топган.
Америкалик ҳиндуларда ДНК текшируви ўтказилганда, ҳақиқатан ҳам, улар турклар билан қариндошлиги аниқланган. Шунингдек, асл келиб чиқиш жойи Олтой ўлкаси экани маълум бўлган.
Нью-Йорк университетининг антропология бўйича профессори Лаура Тедеско Ўзбекистонга келганида бир журналист унга «Қорақалпоқларнинг тақинчоқлари туб америкаликларникига ўхшайди, бунга қандай қарайсиз?» деган савол беради. Лаура Тедеско айнан шундан таажжубда эканини яширмайди.
– Дарвоқе, мен бунга Нукусда бўлганимда ишонч ҳосил қилдим, – дейди у. – Қорақалпоқларнинг меъморий унсурлари, бадиий санъат асарлари, мусиқалари Қўшма штатларда яшайдиган туб аҳолиникига ўхшашини англадим. Аммо америкалик ҳиндулар билан қорақалпоқлар ўртасида қадимий қариндошлик алоқалари мавжудлигини баён этиш катта таваккалчиликни талаб қилади. Айни чоғда, уни инкор этиб ҳам бўлмайди. Демак, бу масалада чуқур тадқиқотлар ўтказиш зарур.
Пинар Федакар хоним ҳам ўз асарида туб америкаликлар билан туркий халқларнинг, чунончи, қорақалпоқ халқи оғзаки ижодида муштарак жиҳатлар борлигига эътибор қаратган.
Умуман олганда, туб америкаликларнинг туркийларга қариндошлиги масаласи бўйича талай илмий ишлар олиб борилган. Таниқли этнограф Т.Кребер эса ацтеклар аслида туркийлар эканини аниқлаган.
Зеро, ацтеклар ўз номларини оқ ­рангли илон худолар билан боғлашади ва бу жониворни ўзларининг тотеми ҳисоб­лашади. «Ацтек» сўзини муомалага аслида европаликлар киритишган. Қавм аҳли ўзларини «акцилан» деб атаган. «Ак» уларнинг тилида «оқ», «цилан» эса «илон» деган маънони англатади. «Акцилан» атамасини ацтеклар талаффузи билан туркийча «оқ илон», «ақ жилан», «ақ зилан» деб таққослаб кўрсангиз, ҳаммаси ўз-ўзидан ойдинлашади.
Мая тилида «ма» салбий қўшимчаси мавжуд. У замонавий туркий тилларда ҳам учрайди (масалан: борма, турма). Тақвимнинг биринчи ойи «яш кин» деб номланади, у бизнинг талқинимизда «ёш кун» (янги кун) дегани бўлади. Сиу тилида «тан» сўзи мавжуд бўлиб, у эрта тонгни билдиради ва туркий тиллардаги «тонг» сўзига тўғри келади.
Этруск тили олимлар учун катта жумбоқ бўлиб қолмоқда. Ушбу тилдан ҳозир деярли барча туркий халқлар учун тушунарли бўлган бир нечта сўзни келтирамиз: атта – ота, анна – она, ақлан – ўғил (ўғлон), килан – келин, су – сув, ет – эт, гўшт, булт – булут, қис – қиз, буил – бу йил, қатн – хотин, энген – енгган (ғолиб бўлган), ат – от (милтиқни), ар – эр, эр – ер, ут – ўт (ёнғин), кн – кун (қуёш). Бундай мисолларни яна давом эттириш мумкин.
Машҳур қорақалпоқ шоири Ибройим Юсуповнинг «Қорақалпоқ ҳақида сўз» шеърида шундай сатр бор:
Барча халқни
қорақалпоқдан чиқариб,
Ўз тарихини бошлар
Одам Отадан…
Бу билан биз америкалик ҳиндулар қорақалпоқлардан чиққан демоқчи эмасмиз, фақат бир ҳақиқатни эслатмоқчимиз: қорақалпоқлар ҳам ўз тилини, тарихини, урф-одатини яхши сақлаб келаётган туркий халқлардан биридир. Бинобарин, ушбу йўналишда ҳам илмий ишлар олиб борилса, оламшумул янгиликларга йўл очилиши эҳтимолдан холи эмас. Ҳар қалай, тарихимизни 2-3 минг йиллар доирасида чегаралаб қўймай, ундан олдинги даврларга ҳам назар солсак, фойдадан холи бўлмайди.

Кенесбай АЛЛАМБЕРГЕНОВ,
филология фанлари доктори, профессор,
Есимхон ҚАНОАТОВ,
«ISHONCH»