«Бугундан бошлаб ишдан бўшадинг!»

759

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгашида «Меҳнаткашлар манфаати – қонун ҳимоясида» мавзусида семинар ташкил этилди. Унда вилоятдаги корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари, кадрлар билан ишлаш бўлими ходимлари, ҳуқуқшунослар ва касаба уюшма қўмитаси раислари қатнашди.

Тадбирда вилоят ҳокимлиги, вилоят прокуратураси, касаба уюшмалари ва меҳнат инспекцияларига меҳнатга оид ҳуқуқлари бузилаётганидан норози бўлиб қилинаётган мурожаатлар сони ортиб бораётгани таъкидланди. Шунинг­дек, иш берувчи ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишда амалдаги қонунчилик меъёрларига амал қилинмаслиги, боз устига, раҳбарнинг хоҳиши билан асоссиз ишдан бўшатиш ҳолатлари тез-тез учраётгани айтиб ўтилди.
– Бу каби меҳнат низоларининг юзага келишида иш берувчи ёки ходимнинг меҳнат қонунчилигига тўлиқ амал қилмаслиги, меҳнат шартномаси тўғри тузилмагани иш берувчи ҳамда ходимларнинг ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини тўғри тушуниб етмаслиги оқибатида юзага келмоқда, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Меҳнат инспекциясининг Фарғона вилояти бўйича меҳнат ҳуқуқ инспектори Феруза Абдуллажонова. – Иштирокчиларга меҳнат қонунчилигининг мазмун-моҳияти, меҳнаткашлар манфаатини ҳимоя қилиш тамойиллари хусусида тушунтиришлар берилди.
Тадбирда меҳнат жараёнларида учраётган муаммолар ва меҳнат низоларини ҳал қилиш тартиби тўғрисидаги саволларга соҳа мутахассислари атрофлича жавоб беришди.

Жамшид ЭРГАШЕВ,
«ISHONCH»