2016 йил декабридан 2021 йил майига қадар 22 269 нафар шахс Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинган

575

Бу ҳақда АОКАда Ички ишлар вазирлиги мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди:

— 1991 йилдан 2007 йилга қадар республикамизда жами 482 нафар фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинган бўлса, 2007 йилдан 2016 йилнинг декабрь ойига қадар бундай шахсларга умуман фуқаролик берилмаган.

2016 йил декабрь ойидан 2021 йил май ойига қадар Президентнинг 87 та фармони асосида 22 269 нафар шахс мамлакатимиз фуқаролигига қабул қилинган.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 29 декабрдаги Мурожаатномасида қатор масалалар билан бирга, фуқароликнинг йўқлиги тенг ҳуқуқлилик, ижтимоий адолат тамойилларининг бузилишига, қатор ижтимоий муаммоларга олиб келиши қайд этилиб, республикамизда фуқаросизликни қисқартириш бўйича амалга оширилаётган туб ислоҳотларни изчил давом эттириш мақсадида 2005 йил 1 январга қадар Ўзбекистон ҳудудида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган, шунингдек Ўзбекистон ҳудудида узлуксиз 15 йил давомида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатда туриб, фуқаролиги бўлмаган шахс яшаш гувоҳномаси ёки идентификация ID-картаси асосида яшаб турган ва чет давлат фуқаролигини қабул қилмаган фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон фуқароси деб тан олиш таклиф этилди.

Шунга кўра, «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги қонунга қўшимча ва ўзгартиришлар киритишга оид янги Қонун (2021 йилнинг 14 июндаги ЎРҚ–696-сон) қабул қилинди».