Суғурта тизими нега иқтисодиётга ишончли тиргак бўлолмаяпти?

1299

Халқона тилда айтсак, суғурта инсоннинг кўрпачаси тагидаги қора кунига атаб олиб қўйган пулга ўхшайди. Худо кўрсатмасин-у, бирор кор-ҳол рўй берса, эгаси уни корига ишлатади.

Зеро, суғурта иқтисодиётда жуда муҳим ўрин тутади. Инсоният тарихида кузатилган улкан фалокатлар, табиий офатлар ва иқтисодий инқирозлар даврида кўрилган зарарлардан хулоса чиқарган жамиятлар шу тизимни яратган. Фойдали бўлгани учун кейинчалик уни муттасил равишда ривожлантириб борган.
Бугунги кунда суғуртанинг ялпи ички маҳсулотга нисбатан улуши Жанубий Кореяда 11, Германияда 6, Россияда 1,5 фоизни ташкил этмоқда. Мамлакатимизда эса бу кўрсаткич 2019-20 йилларда 0,4-0,5 фоизга тенг бўлди, лоақал бир фоизга ҳам етмади. Демак, ҳали соҳада қилиниши лозим бўлган ишлар жуда кўп. Тизимни ислоҳ этиш бўйича икки йилча олдин жиддий ҳаракатлар бошланган бўлса-да, аммо негадир ҳали-ҳануз аҳолининг суғуртага бўлган ишончи ўзгармаяпти.
Хўш, суғурта иқтисодиётга ҳақиқий тиргак бўла олмаётгани сабаби нимада? Қандай ислоҳотлар соҳани янги босқичга олиб чиқиши мумкин?
Биз мутахассислар, мижозлар ва соҳа вакиллари билан суҳбатлашиб, ушбу саволларга жавоб изладик.

Ишонч қозонилиши лозим

– Ушбу соҳада янгиликлар ҳам бўлаётганини сезиш мумкин. Масалан, суғурта полисларини электрон кўринишда сотиб олиш имкониятлари юзага келмоқда, – дейди 10 йилдан буён ҳайдовчилик қилаётган хусусий тадбиркор Шуҳрат Мелибоев. – Аммо одамларда ҳали суғуртага ишончсизлик билан қараш кучли. Бизда суғурта тизими суғурта қилдираётган инсоннинг фойдасига тўлиқ хизмат қилмайди. Буни амалда ўзим гувоҳи бўлган ҳолат орқали тушунтиришга уринаман: мен бир неча йил олдин мажбурий суғурта қилдирилган шахсий автомашинамда фалокатга учрадим. Суғурта полисимда автомашина бошқарувчисининг жавобгарлиги суғурталанган эди. Яъни автоҳалокат содир бўлса, мен кўрган зарар эмас, бошқарувим натижасида иккинчи томон кўрган зарар қоплаб берилади.
Йўл-транспорт ҳодисаси рўй бергач, ДАН ходимлари далолатнома тузиб, машинамни жарима майдончасига олиб бориб қўйишди. Икки ойдан кейин чиқарилган суд хулосасида иккинчи тараф кўрган зарар 4 миллион сўм деб баҳоланди ва бу маблағни суғурта компанияси тўлаб берди. Ҳолбуки, автомобилим ўша пайтгача жарима майдончасида тургани учун мен тўлаган пул ҳам анча-мунча маблағга айланганди.
Шунда тушундимки, суғурта хизмати моҳиятан суғурта қилдирувчининг эмас, кўпроқ суғурта фирмалари фойдасини кўзлайди. Бу эса одамларнинг тизимга нисбатан ишончига путур етказади. Ана шунинг оқибатида ушбу соҳа бир жойда депсиниб турибди. Аслида суғурта компанияси фойда кўришни кўзлаши билан бир қаторда, шундай ишлаши керакки, фалокат содир бўлганда мижоз «Яхшиям суғурта қилдирган эканман», деган хулосага келсин. Суднинг икки ойдан олти ойгача, ҳатто йиллаб чўзилувчи хулосаларини кутиш, жарима майдончаларидаги ортиқча харажатлар ҳар қандай одамни чарчатади. Суғурта тизими ривож­ланиши учун суғурта ҳодисаси содир бўлганида мижознинг манфаати асосий ўринга чиқиши лозим. Ишончга эса сифатли хизмат кўрсатиш орқали эришилади.

Давр талабига мосми? 

Тизимга оид асосий меъёрий ҳужжат – «Суғурта фаолияти тўғрисида»ги қонун 2002 йилда қабул қилинган. Ўтган давр мобайнида дунё иқтисодиёти ва мамлакатимиз ҳаётидаги муттасил ўзгаришлар, ахборот технологияларининг кириб келиши суғурта хизматларига бўлган талаб ва ёндашувларни кескин ўзгартириб юборди. Тўғри, бу даврда айрим қонун ҳужжатлари ишлаб чиқилди, лекин ҳозир амалдагиси ислоҳотга муҳтож. Чунки унда суғурта тизимига давлатнинг аралашуви, томонларнинг ўзаро шартларни белгилаб олиши ёки товон пулини тўлаб бермаслик ҳолатлари ҳам қонунан белгилаб қўйилганки, бугун уларни қайта кўриб чиқиш, ўзгартириш ва такомиллаштиришга эҳтиёж катта. «Суғурта фаолияти тўғрисида»ги қонунни давлат раҳбари 2019 йилдаёқ янгилаш кераклигини таъкидлаган бўлса-да, бу иш ҳалигача амалга ошгани йўқ. Мутасаддиларнинг айтишича, қонуннинг янги таҳрири ҳозирча Олий Мажлис Қонунчилик палатасида иккинчи ўқишдан ўтган.
«Ўзагросуғурта» компанияси директори Сарвар Отамуродовнинг фикрича, тизимда чинакам ўзгаришларга эришиш учун нафақат янги қонун тезроқ қабул қилиниши, балки қонуности ҳужжатлари ҳам замон талабига мослаштирилиши керак. Бундан ташқари, суғурта ҳодисаси содир бўлганда тегишли ҳужжатларни йиғиш тартибини соддалаштириш лозим. Мижозлар суғурта товонини ололмаётган айрим ҳолатларга ҳуқуқий саводхонлик етишмаслиги, англашилмовчиликлар билан бирга, суғурта ҳодисасини тан олиш учун талаб қилинадиган ҳужжатларни жамлашдаги баъзи мураккабликлар ҳам сабаб бўлмоқда. Бу эса аҳоли ишончини қозонишда асосий тўсиқлардан бири бўлиб қолмоқда.

Қанча маблағ товон учун ишлатилган?

Статистик маълумотларга кўра, юртимизда мавжуд суғурта корхоналари томонидан 2019 йилнинг биринчи ярмида 887 миллиард сўмлик суғурта бадали йиғилган бўлса-да, шу даврда мижозларга тўланган суғурта қопламаси ҳажми маб­лағнинг атиги 11 фоизига тўғри келган. Дунёда эса бу кўрсаткич ўртача 50-60 фоиз, аниқроғи, компаниялар суғуртадан келиб тушган маблағнинг шунча қисмини суғурта ҳодисаси содир бўлганда тўлаб беради.
2020 йилнинг биринчи чорагида республикамиз бўйича йиғилган суғурта маблағлари 503 миллиард сўмдан ортиқ бўлиши баробарида, тўланган суғурта товонлари салкам 176 миллиард сўмни, 2021 йилнинг илк чорагида эса 669 миллиард сўм миқдорида суғурта маблағлари йиғилган ҳолда тўланган товонлар қарийб 281 миллиард сўмни ташкил этган.
Тўғри, бу рақамлар «Суғурта компаниялари юридик ва жисмоний шахслардан қанча маблағ йиққан-у, қанчасини суғурта товонларига ишлатган?», деган саволга аниқ жавоб бўлолмайди. Аммо умумий хулоса чиқаришга ёрдам беради. Биз вазиятга қўшимча изоҳ бермоқчи эмасмиз, хулосани эса ўзингиз чиқариб олаверасиз, деган умиддамиз.

Тарғибот оқсамоқда

Президентимизнинг 2019 йил 2 августдаги «Ўзбекистон Республикасининг суғурта бозорини ислоҳ қилиш ва жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди. Унинг зиммасига суғурта соҳасига доир норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, суғурта бозори профессионал иштирокчиларининг капиталлашув даражасини, тўлов қобилияти ва молиявий барқарорлигини ошириш, уларнинг активлари сифатини яхшилаш, суғурта хизматлари истеъмолчилари ва суғурта фаолиятининг бошқа объектлари ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш, аҳолининг айни йўналишдаги ҳуқуқий саводхонлиги ва суғуртага бўлган ишончини мустаҳкамлаш, тизимнинг аниқ ҳамда шаффоф ишлашини таъминлаш каби бир қатор вазифалар юклатилди.
Тўғри, ҳозир агентлик ўз олдига қўйилган мақсадлар сари интилмоқда. Аммо негадир аҳоли ишончини ошириш йўлидаги ҳаракатлар ёки тарғибот масалаларида агентликнинг ёки суғурта компанияларининг ўзлари томонидан бўлаётган ­саъй-ҳаракатлар яққол кўзга ташланмаяпти. Масалан, бугунги кунда юртдошларимиз ҳаёт суғуртаси, яъни саломатлик ва шахсий дахлсизлик, инфекцион касалликлар билан боғлиқ ва яна кўплаб турдаги суғурта хизматлари мавжудлигидан яхши хабардор эмас. Пойтахтда яшаётган бир неча юртдошимиздан «Суғурта ҳақида қандай маълумотга эгасиз?», деб сўраганимизда, аксарияти фақат автомашинанинг мажбурий суғуртаси тўғрисида билишини ­айтди. Ваҳоланки, суғурта фақат автомашинани хатардан ҳимоя қилиш дегани эмас.
Айни пайтда юртимизда 41 та суғурта компанияси фаолият кўрсатишга лицензия олган. Уларнинг ҳар бири 100 га яқин ёки 150 дан ортиқ турдаги суғурта хизматларини кўрсатмоқда. Аммо кўпинча асосан юридик ташкилотлар билан шартномалар тузишга қизиқиб, аҳоли ўртасида ихтиёрий суғурта ва шахсий дахлсизлик ёки саломатлик билан боғлиқ суғурта хизматларини тарғиб қилишга катта эътибор қаратмаяпти. Ёки бу борадаги рекламаларни яхши йўлга қўйиш учун етарли маблағ ажратмаяпти. Бу суғуртанинг жозибадорлиги сусайишига, жисмоний шахсларнинг унга қизиқиши сезиларли даражада пасайишига олиб келмоқда. Дунё бозорида эса жисмоний шахслар суғуртаси салмоқли аҳамиятга эга.

«Ҳуқуқий маданият – оғриқли нуқтамиз»

Мавзу юзасидан Суғурта бозорини ривож­лантириш агентлиги бошқармаси бошлиғи Ботир Усмоналиев билан ҳам мулоқотда бўлдик. У соҳада олиб борилаётган ишлар ҳақида гапирар экан, кенг тарқалган мажбурий суғурта тури – «Автотранспорт эгаларининг фуқаролик жавобгарлиги» йўналишида мамлакатимизда суғурта тўлови қўшни давлатлардагига нисбатан бир неча баробар арзонлигини эслатди. Жумладан, Россия­­да автоҳалокат содир этган шахс кейинги гал автомашинасини суғурталатаётганида тўлов у билан автоҳалокат содир этилгани ҳисобига янада қимматлашиши амалиёти мавжудлигини, бизда бу борада ҳайдовчиларга анча енгиллик борлигини ҳам таъкидлади.
– Албатта, соҳани ривожлантириш учун қилишимиз лозим бўлган ишлар кўп, – дейди Б.Усмоналиев. – Халқимизнинг суғурта борасидаги ҳуқуқий маданияти энг оғриқли муаммолардан биридир. Баъзи кишилар мулкини суғурта қилдираётиб, тузилаётган шартномани, унинг бандлари ёки суғурта полисига илова қилинган мажбуриятлар ва қоидаларни ўқиб чиқмайди. Суғурта ҳодисаси содир бўлганда эса, қайси ҳужжатларни қаердан олишни ҳам билмайди. Қарабсизки, уларни муддатида етказиб беролмайди, кеч қолади. Оқибатда суғурта товонини ололмай қолиш ҳолатлари ҳам кузатилади. Агар юртдошларимиз қўлига берилган шартнома ёки қоидалар билан ўз вақтида танишиб, тушунмаган саволларига суғурталовчилардан батафсил жавоб олсалар, келгусида томонлар ўртасидаги тушунмовчиликлар камаяди.
Шундай фуқаролар борки, мулкини қайси компанияга суғурталатганини ҳам билмайди. Баъзилари арзон таклифга учиб, хатар юкини зиммасига камроқ олган фирмалар хизматидан фойдаланишади. Ҳодиса рўй бергач, шартнома банд­ларига қараб кўрганида, айни ҳолатда суғурта компанияси товон пули тўламаслиги маълум бўлади. Чунки ҳар бир хизматнинг ўзига яраша «Суғурта ҳодисаси» деб топилиши сабаб­лари белгиланган. Юз берган ҳодисалар белгиланган ёки назарда тутилган бандларга тўғри келмаслиги ҳам мумкин. Зинҳор-базинҳор унутмаслик керакки, суғурта соҳаси ҳам – бозор, у ерда ҳар хил хизмат турлари мавжуд. Суғурта нархи қанчалик юқори бўлса, суғурталовчилар хатарлар юкини шунчалик кўпроқ ўз зиммаларига олишади. Арзонларининг ҳам нархига яраша жавобгарлиги бор, албатта.
Бинобарин, шартнома тузилаётган пайтда фуқароларимиз эътиборлироқ бўлиб, суғурта қоидалари билан танишсалар, жисмоний шахс­лар учун мўлжалланган ҳаёт суғуртаси, шахсий дахлсизлик каби йўналишдаги хизматлар билан интернет сайтлари ёки бошқа мавжуд манбалар орқали танишиб борсалар, фойдадан холи бўлмайди.

Зебо НАМОЗОВА,
«Ishonch»