Уй-жой муаммолари энди қушнинг ини ҳам бузилмай ҳал этилади

728

Мамлакатимизнинг олис қиш­лоқлари ёки аҳоли сийрак жойлашган тоғ-ёнбағирларига меҳмон бўлиб борганлар яхши билишади: аксарият уй-жойлар кенг, хонадон эгалари ҳовлисида исталганча деҳқончилик қилиши, кучи етганича чорва боқиши мумкин. Бундай манзарага дуч келган шаҳарликлар баъзан ҳавас ва ҳайратларини яширолмай, мезбонга «Бобонгиз ер ўлчаётганда дўппини жуда қаттиқ отган экан-да!», деб қўйишади.

Андижонликларнинг эса айни масалада «дўппи отиш»лари деярли имконсиз. Чунки, таъбир жоиз бўлса, чойнакдаги чой совишга улгурмай айланиб чиқиш мумкин бўлган вилоятда аҳоли зич, хонадонлар ниҳоятда ихчам. Хуллас, ҳар қарич ер ҳисобли. Шу боис, ҳудудда уй-жой муаммоси ҳамиша долзарб бўлиб келган.
Мавриди келганда, бир рақамга тўхталсак. 2018 йил ёзида хизмат юзасидан аҳолининг уй-жой билан таъминланиши мавзусида Андижон шаҳри мисолида ўрганиш олиб боришга тўғри келди. Айнан ўша йили давлатимиз раҳбарининг қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар ва шаҳарларда арзон кўп квартирали уйлар қуриш дастурларини амалга ошириш механизмларини такомиллаштиришга доир қарори қабул қилинган, жойларда унинг ижросига астойдил киришилган эди. Йилнинг биринчи ярмида шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги «Ҳокимлик балансидаги муниципиал турар жой фондлари ва ётоқхоналарини бошқариш хизмати» давлат унитар корхонасига уй-жой харид қилиш умидида 36 минг киши ариза берган экан. Тасаввур қил­япсизми, 36 минг киши?!. Махсус комиссия ўрганишларидан сўнг уларнинг 18 минг 600 нафари тўлов қобилиятига эга экани аниқланган.
Шундан бери орадан, мана, уч йил ўтди. Шаҳарда одамларнинг энг зарурий эҳтиёжларини имкон қадар тезроқ қондириш мақсадида кўп қаватли уйлар қуриш жараёни қизғин давом эттирилмоқда. Аммо масаланинг янги-янги муаммолар юзага келиши билан боғлиқ иккинчи жиҳати ҳам бор. У ҳам бўлса киши бошига тўғри келадиган яшил майдонлар ҳаж­ми барча шаҳарлар учун бир хил меъёрда белгиланган. Кун сайин кўпайиб бораётган кўп қаватли уйлар эса, энг аввало, мана шу халқаро меъёрнинг бузилишига сабабчи бўлади. Қолаверса, янги уйларга тортилажак сув, электр, газ тармоқлари кўпинча мавжуд коммуникация тизимларига ортиқча юклама бўлиб тушади.
Шаҳар инфратузилмаси борасида ҳам худди шундай фикрларни билдириш мумкин. Энг асосий муаммо эса «бузди-бузди»лар билан боғлиқ. Янги турар жойлар иқтисодиётга икки ҳисса қимматга тушиши баробарида айрим ҳолларда уйи «снос» рўйхатига кирган одамларнинг ҳаловати йўқолишига ҳам сабаб бўлаётганди. Ахир, қушнинг ҳам ини бузилмасин, деган нақл бежиз айтилмаган-да!
Президентимиз ўтган ҳафта вилоятга ташрифи чоғида қатор истиқболли лойиҳалар билан танишди. Шу асно Андижон тумани ҳудудидаги адирликларда қурилажак янги шаҳарнинг тамал тошини қўйди. Маҳаллий аҳоли буни жуда катта мамнуният билан қабул қилди. Негаки, буз­масдан қуриш борасидаги мазкур янги тажриба ва ташаббус узоқ келажакни ўйлаб, чуқур мулоҳаза, пухта ҳисоб-китоб асосида юзага келгани, давлатимиз раҳбари андижонлик­ларнинг ўй-хаёлларини, орзу-умидларини, дарду ташвишларини юрак-­юракдан ҳис этгани мевасидир.
Ушбу ташаббус амалда фойдаланиб келинаётган зироатгоҳларга тегинмаган ҳолда амалга оширилиши кўзда тутилгани билан янада эътиборлидир. Чунки унумдор қишлоқ хўжалиги майдонлари уй-жой ҳисобига қисқарган тақдирда, озиқ-овқат захираси яратиш билан боғлиқ ишларга салбий таъсир кўрсатади. Шу маънода, барпо этилажак шаҳар учун экин-тикин учун фойдаланилмайдиган адирликлар танланганини ҳар жиҳатдан оқилона қарор, деб баралла айтиш мумкин.
Қарийб 4 минг гектар майдонда бунёд этиладиган Янги Андижон, Президент таъбири билан айтганда, чинакам афсонавий шаҳарга айланиши шубҳасиз. Унинг 2 минг гектарлик қисмида уй-жойлар, ижтимоий соҳа объектлари, саноат зоналари, хизмат ва сервис нуқталари қад ростлайди, қолган қисмида эса яшил ҳудуд яратилади.
Давлатимиз раҳбари ушбу ҳудуднинг ўзида фаоллар билан учрашиб, кўнглидаги ниятларини баён этди. Жумладан, «Андижондаги уй-жой муаммосини ҳал қилиш учун икки-уч йилдан бери ўзимни қийнайман. Чунки ер кам, уйларга талаб йиллар давомида тўпланиб қолган эди. Бир хонадонда бир нечта келин қайнонаси билан яшаётган оилалар кўп. Шунинг учун узоқни ўйлаб, янги шаҳар қуришга киришдик. Бу ерда 130 мингдан ортиқ хонадонли кўп қаватли уйлар барпо этилади, 450 мингдан зиёд аҳоли яшайди», деб таъкидлади.
Янги шаҳар лойиҳаси 8 босқичдан иборат. Унинг коммуникация тармоқлари қурилишини бошлаш учун жорий йилда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 100 миллион доллар ажратилади. Чунончи, 33 километрлик ичимлик сув тармоғи, 52 километрлик автомобиль йўли, 18 километрлик электр ва 27 километрлик газ тармоқлари қурилади. Биринчи босқичда 3 минг 310 та квартирадан иборат 170 та кўп қаватли уй-жой, 1 минг 680 ўринли мактаб, 385 ўринли боғча, 200 та қатновли поликлиника бунёд этилади. Шаҳар қурилиши давомида 10 мингдан ортиқ, кейин эса саноат, савдо, ижтимоий ва хизмат кўрсатиш соҳаларида жами 100 мингтага яқин доимий иш ўрни яратиш назарда тутилмоқда.
Шундай қилиб, андижонликларнинг кўп йиллик орзу-умидларини мужассам этган ҳаётий лойиҳани рўёбга чиқариш учун шиддат билан ишга киришилди.

Нурилло НЎЪМОНОВ,
«Ishonch»