Маънавиятга яширин зарба…

1007

ёхуд рекламага оид қонунчилик ислоҳга муҳтожми?

Телеканалларда турли рекламалар кўпайиб бормоқда. Албатта, бозор иқтисодиёти. Тушунамиз. Рекламалар орасида мазмун-моҳияти, шакли пухта ўйлаб яратилаётганлари ҳам бор. Аммо томошабинларнинг ҳақли эътироз ва танқидларига сабаб бўлаётганлари ҳам йўқ эмас…

Мисолларга мурожаат қилсак: «Бурунингиз – ноёб анжом. Септаназал». Дорининг рекламаси – бу. Тўртта сўздан иборат бу гапнинг имло ва стилистик хатоларига кўз юмиб, ғализ десангиз ҳам ҳақингиз кетади. Нима, ­реклама муаллифлари: «Септаназал билан бурнингиз ноёб анжомга айланади» ёки «Септаназал бурнингиз учун ноёб анжом», демоқчими? Одатда, анжом деганда, буюм назарда тутилади. Масалан, уй-рўзғор анжоми – челак, супурги ва ҳоказо… Ҳали бирор-бир бадиий ёки тиббий адабиётларда инсон тана аъзоси «анжом» сўзи билан аталмаган.
Қовурилган картошка рекламасидаги «Кино Lay’s билан мазалироқ» деган жумла ҳам ғалати. «Мазмунли кино», «Ибратли кино», «Қизиқ кино», «Зерикарли кино» дейилганини эшитганмиз-у, аммо «Мазали кино» қанақа бўлади?.. Ундаги тасвирлар ҳам ғайритабиий. Яна ҳам ғалатиси, қаҳрамон реклама қилинаётган маҳсулотни еб ўтирганида хона шифтидан онаси ва опаси (адашмасам, шундай) сакраб, у ўтирган ўриндиқ устига тушиб, маҳсулотни ея бошлайди…
Қуритилган нон бўлакчалари ҳақидаги рекламанинг видеотасвирида «Хрус team сухариклари – катта форматга баҳо беринг» деган ёзув чиқиши асносида кадр ортидан «Хрус team сухариклари – катта пачкага баҳо беринг» дея овоз берилган. Бу икки хиллик реклама тайёрловчиларнинг эътиборсизлигидан дарак ва масаланинг муҳим томони шундаки, бунда маҳсулотнинг сифатига, фойдали жиҳатларига эмас, ҳажмига эътибор қаратиляпти. Бу рекламада тўртта хорижий сўз ишлатилган. Балки «сухарик» сўзи ўрнига «қоқнон бўлакчалари» деб, «пачка» сўзини «учириб» юбориш керакдир. Яъни «Хрус team – қоқнон бўлакчаларига баҳо беринг». Албатта, изланса, бундан-да чиройли, мазмунли ифода топиш мумкин.
Баъзан тил хусусият­лари ҳисобга олинмасдан сўзма-сўз қилинган таржима кутилган маънони англатмайди. Масалан, дори-дармонлар рекламасида «Йўталдан (юракдан, аллергиядан…) самарали восита» қабилидаги гапларни учратамиз. Рус тилидан сўзма-сўз, мантиққа ­эътибор қаратилмасдан таржима қилинган бундай рек­ламалардаги «йўталдан…» сўзи рус тилида «от кашля» бирикмаси ифодалайдиган «йўтални тузатишда ёрдам беради» деган маънони ­англатмайди.
«Nescafe – севимли таъмни янгидан очинг», «Head& shoulders – сифат қулай нархда» кабилар ҳам шулар жумласидандир.
Рекламада миллий қадриятларга ҳурмат, маънавий-ахлоқий мезонларга мувофиқлик бўлиши керакми ёки йўқми? Албатта, бўлиши керак.
Маълумки, рекламада қатнашган шахснинг ташқи кўриниши, кийиниши хусусида ҳеч қандай кўрсатма ёки қолип мавжуд эмас. Аммо жуда кўп теледастурларда бўлгани каби баъзи рекламаларда эфирга узатилаётган тасвирлар миллий анъана ва қадриятларимиз билан асрлар давомида асраб-авайлаб келинаётган одоб, ибо, ҳаё каби фазилатларга нисбатан очиқ-ойдин ҳужумга ўхшайди.
Ваҳоланки, «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 6-моддасида «Қонунийлик, аниқлик, ишончлилик, рекламадан фойдаланувчига зарар, шунингдек, маънавий зарар етказмайдиган шакллар ва воситалардан фойдаланиш рекламага доир асосий талаблар» экани белгиланган.
Телеканалларимизда хорижий телеканаллар рекламасини ўзгаришсиз эфирга узатиш ҳолатлари ҳам бор. Масалан, «Оrbit» сақичининг рекламасида қиз йигитга жилмайиб қараши билан чўнтагидан сақич чиқариб, чайнай бошлаган йигитнинг орқасида товус пати пайдо бўлиб, мусиқа оҳангига қоматини қимирлатиб, беўхшов рақс тушиши андишали, мулоҳазали томошабиннинг асабини қўзғайди. Эҳтимол, бу европалик йигитлар учун оддий бир ҳолдек кўринар, аммо ориятли, ғурурли ўзбек йигитларининг ҳамиятига тегади. Лекин бу рекламани такрор ва так­рор кўриш жараёнида кимлардир айни ҳолатга кўника бошлайди. Демак, бу рек­лама андиша, уят ҳисси суст тортиб, сўниб боришига хизмат қилади…
Яна бир уятли ва таассуфли жиҳат. «Kotex»ни реклама қилаётган қизнинг беўхшов ҳаракатлари қайната ва қайнанаси, турмуш ўртоғи ва қайнукалари билан дастурхон атрофида ўтирган келин ва қизларни қай аҳволга солишини тасаввур қилинг. «Fairy» идиш ювиш суюқлиги ­рекламасидаги аёлларнинг бир қўлида идиш билан қоматини қимирлатиб рақс тушиши, бизнингча, маънавий тарбия талаб­ларига зид, зеро, ишга диққат ва жиддий эътибор билан ёндашилгандагина унинг сифати, самараси яхши бўлади. «Pepsi» ичимлиги рекламасидаги қизларнинг ажаб­товур ҳаракатлари мунис хилқат вакиллари бўлмиш аёллар табиатига зиддир. «LaLaku» таглиги рекламасидаги болакай ва қизалоқнинг худди катталардек учрашувга чиқиши, «йигит»нинг «қиз»га совға беришининг ғояси нима экан?!. Бу билан нима дейилмоқчи?!.
«Реклама тўғрисида»ги қонунда болалар (ўн тўрт ёшгача бўлганлар)га мўлжалланган кўрсатувлар, эшиттиришларда реклама берилиши тақиқланган. Аммо «Bolajon» телеканали дастурлари орасида ҳам дори воситалари, салқин ичимлик­лар, ширинликлар, егуликлар ҳақидаги рекламалар салмоқлигина ўрин олган.
Хуллас, айтаверса, гап кўп, мисоллар талай…
Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 19 январь куни маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштиришга бағишланган видеоселектор йиғилишида: «Бугун айрим телеканалларимизда намойиш этилаётган кўрсатувлар, кўнгилочар дастур ва сериалларнинг маънавий-ахлоқий савияси одамларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўляпти. Уларнинг аксарияти ёшларимизнинг маънавиятини юксалтириш ўрнига тарбиясини бузиш, оилавий қадриятларимиз ва ахлоқий қарашларимизни издан чиқаришга сабаб бўлмоқда. Бу – аччиқ ҳақиқат. Телеканаллар қошидаги бадиий кенгашлар қаёққа қараяпти? Улар қайси мезонлар асосида иш кўряпти?», деган фикрни айтиб, бу борадаги мавжуд қонунчиликни ҳам такомиллаштириш зарурлигини таъкидлаган эди.
Юқоридагилардан хулоса қилиб, бир қатор таклифларни ўртага ташламоқчимиз. Хусусан, «Реклама тўғрисида»ги қонунда телерадиоканалларда эфирга узатилаётган рекламаларда маънавиятга зид бўлган жиҳатларни намойиш этмаслик, матн ва мазмун масаласи хусусида аниқ меъёрлар белгиланиши керак. Ҳар бир реклама масъул мутасаддилардан иборат Жамоатчилик гуруҳи кўригидан кейин эфирга узатилиши мақсадга мувофиқ. Шунингдек, инсон соғлиғига салбий таъсир этувчи маҳсулотлар рекламасини камайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилиши зарур.
Биз рекламалар баъзи бир чекловлар асосида тайёрланиб эфирга узатилсин, деган фикрдан йироқмиз. Фақатгина рек­ламаларда қўлланилаётган иборалар ва тасвирларнинг шарқона одоб-ахлоқ меъёрларига мос, мантиқан тўғри, ўзбек адабий тили ­меъёрларига амал қилинган ҳолда эфирга тақдим этилиши зарур деб ўйлаймиз. Зеро, қисқа, аммо таъсири катта бўлган рек­лама воситасида маънавиятимизга яширин зарбалар етиши мумкин.

Дилфуза МАҲКАМОВА,
Республика Маънавият ва
маърифат маркази мутахассиси