Музбулоқлик аёллар қувончи

661

Жорий йилнинг 26 февраль куни Президентимиз раислигида хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масаласи юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳаётимизнинг файзи ва кўрки бўлган хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича долзарб вазифалар белгилаб берилган эди. Уларнинг ижросини таъминлаш юзасидан Ўзбекис­тон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Яқинда Жиззах вилоятидан «Аёллар дафтари»да турувчи 16 нафар хотин-қиз Тошкентдаги «Ишга марҳамат» мономарказида ўзлари қизиққан соҳа – сартарошлик касбини бепул эгаллади. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан бунинг учун зарур шароит яратилди. Уларни нафақат ўқитиш, балки доимий иш ўринлари билан таъминлаш чоралари кўрилди.
Қишлоқ жойларида, чекка маҳаллаларда енгил конструкцияли «Гўзаллик салонлари»ни қуриш, барча зарур воситалар билан жиҳозлаб бериш борасидаги ишлар юқоридаги фикрларимизга мисол бўла олади. Ана шундай контейнерлар ортилган карвон Жиззах вилоятига ҳам кириб келди. Улар вилоятнинг Фориш, Янгиобод, Бахмал, Мирзачўл туманларининг олис қишлоқлари аҳолиси ихтиёрига топширилди.
Вилоят марказидан 130, туман марказидан 70 чақирим олисда жойлашган Музбулоқ қишлоғи Бахмалнинг энг чекка ҳудудларидан саналади. Бу ерда истиқомат қилаётган опа-сингилларимизнинг юз-кўзларида чексиз қувонч. Сабаби, орасталикни севадиган қишлоқ аёллари тўй-томоша, яхши кунларда эндиликда узоққа бормасдан, шу ернинг ўзида маликалардек кўринишга эга бўлади.
– Маҳаллада яшовчи 2300 дан зиёд хотин-қиз олдинлари 35 километр узоқликдаги «Гўзаллик салони»га бориб келарди, – дейди «Музбулоқ» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Гулбой Содиқов. – Барча қулайликларга эга, контейнер типидаги замонавий «Гўзаллик салони»нинг ишга тушиши қишлоғимиздаги 4 нафар аёлнинг доимий иш билан бандлигини таъминлади. Унда хизмат кўрсатувчилар «Аёллар дафтари»га киритилган.
Фориш туманининг «Хонбанди» маҳалласида яшовчи Гулруҳ Абдулахатова ҳам аввал касб сирларини Тошкентда ўрганди. Мана энди доимий иш билан таъминланди.
– Ҳаётда кўп қийинчиликларни бошимдан ўтказдим, – дейди Гулруҳ. – Катта фарзандим Сакина туғма юрак хасталиги билан дунёга келди. Қизимнинг операцияси учун кўп жойларга мурожаат қилдим, натижа бўлмади. Устига устак, турмуш ўртоғим ҳам II гуруҳ ногирони. Хонбанди шаҳарчасида икки хонали уйда ижарада турамиз. Сакина қизим 2018 йилда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг кўмаги билан Тошкентда операция қилинди. Ҳозир у тетик ва бардам.
Контейнер ичида ҳамма жиҳозлар бор. Бундай шароитни яратиб бераётган Президентимизга ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Ҳа, олиб борилаётган бу каби ­саъй-ҳаракатлар натижасида чекка ­қишлоқларда янги иш ўринлари барпо этилмоқда. Иш билан банд бўлган аёлларнинг яшаши, дунёқараши ўзгариб, ҳаётга бўлган қизиқиши янада ортмоқда.

Муқимбой ИСМОИЛОВ,
«Ishonch»