Сабзи нега қимматлашди?

1112

Сабзининг нархи кундан-кунга ошмоқда. Бу мавзу муҳокамалар марказида: кимдир бунинг учун деҳқонни айбдор деса, кимдир олибсотарни айблайди.
Аслида-чи? Нархни ўйнатаётган ким?
Шу саволга жавоб излаб, бозорларни ораладик. Деҳқонлар билан суҳбатлашдик. Билганимиз шу бўлдики, ҳамма жойда «хўроз бир хил қичқирмоқда».

…Пастдарғом тумани «Чимбойобод» маҳалласида яшовчи Дилдора Мўминова томорқасига ҳар йили сабзи экади. Рўзғор эҳтиёжини қоплаб, ортганини бозорга чиқаради. Аммо унинг томорқасида бу йил сабзи унмади.
– Бунга сабаб, менимча, кўкламнинг инжиқлиги бўлди, – дейди у. – Қўққисдан бошланган тинимсиз гармсел деҳқонни доғда қолдирди. Ер кутилмаганда тобини йўқотди. Ерга уч марта уруғ сепдик. Бор умидимиз сув бериб ундириш эди. Аммо апрель-май ойида ариқларга 50 кун мобайнида сув келмади. Ноилож, тайёрланган ерга мош экдик.
Бугун «Чимбойобод»да эртаки сабзи экиб, ундирганлар бармоқ билан санарли. Шу сабаб сабзининг макони бўлган бу ҳудудда, ҳатто эҳтиёж сезилмоқда.
Хўш, бозордагилар нима дейди?
– Эрта саҳардан улгуржи бозорга йўл оламиз, – дей­ди Самарқанд шаҳридаги «Сиёб бозори»да сабзи сотиш билан шуғулланаётган Муборак опа. – Амаллаб бир-икки халта сабзи оламиз. Сотиб олинган сабзининг устига минг сўмдан ортиқ қўя олмаймиз. Бу тирикчилигимиз…
Бу каби иқрорларни кўплаб савдогарлардан эшитдик.
Яна тажрибали деҳқонларнинг айтишича, ҳар бир экиннинг ўз йили бўлади. Баъзан йили келмай қолади. Бу йил сабзининг йили келмади. Пиёзнинг эса… Аммо ҳеч ким нега пиёз арзон, демаяпти…
Ахир унга ҳам деҳқоннинг қанча меҳнати сингган. Қолаверса, далада қолиб кетиб, исроф бўлмоқда.
Мана гап нимада?

Мавзуга доир маълумот:

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳу­қуқ­ларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси маълумотларига кўра, ҳудудларда сабзи нархлари қуйидагича:

Тошкент шаҳри:
7,5-14 минг сўм;
Қорақалпоғистон
Республикаси:
7-10 минг сўм;
Қашқадарё вилояти:
7-12 минг сўм;
Сурхондарё
вилояти:
5-8 минг сўм;
Фарғона вилояти:
8-10 минг сўм;
Наманган вилояти:
9-12 минг сўм;
Андижон вилояти:
10-11 минг сўм;
Хоразм вилояти:
7-10 минг сўм;
Навоий вилояти:
7-9 минг сўм;
Бухоро вилояти:
8-10 минг сўм;
Жиззах вилояти:
8-15 минг сўм;
Самарқанд вилояти:
9-12 минг сўм.

Нурилла ШАМСИЕВ,
«ISHONCH»