Лабораториялар тинчлик мақсадларидагина фойдаланиш учун мўлжалланган — ТИВ баёнот берди

636

«Ўзбекистон Республикаси сўнгги вақтларда Ўзбекистоннинг Ғарб давлатлари билан биохавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлиги гўёки яқин жойлашган давлатлар учун хавф туғдираётгани борасидаги асоссиз баёнотлар тарқалиши кузатилаётганини қайд этади.

Бир қатор ОАВда Ўзбекистондаги мавжуд лабораторияларнинг гўёки биологик қурол ишлаб чиқаришга мўлжалланганлиги тўғрисида тарқалаётган маълумотларнинг мутлақо ҳақиқатга тўғри келмаслигига эътибор қаратамиз.

Шуни таъкидлаш керакки, ушбу лабораториялар фақат диагностик тадқиқотлар ўтказиш ва тинчлик мақсадларидагина фойдаланиш учун мўлжалланган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Бактериологик ва токсик қурол-яроғларни тақиқлаш тўғрисидаги Конвенция иштирокчиси сифатида биологик қурол-яроғларни ишлаб чиқариш ва тўплашнинг тақиқланишини таъминлайди.

Ўзбекистонга нисбатан билдирилган ҳар қандай асоссиз баёнотлар икки томонлама муносабатларда муайян кескинликни келтириб чиқаради ва, энг муҳими, ўзаро ишончга асосланган давлатлараро мулоқотга зарар етказади, деб ҳисоблаймиз» дейилади Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.